January 13, 2020

Телевизор кўришнинг хатари

Телевизор кўриш нега хатарли? Дунёда бирон бир натижаларга эришган кишилар ўзлари учун бир мақолни танлаб олишган. "Камбағалларда катта телевизор бор, бойларнинг эса катта кутубхонаси бор"

Камбағаллик деганда фақат моддий бойлик тушунилмайди. Маънавий қашшоқлик энг ёмони. Телевизорга вақтини сарфлаб, бемалол кўра оладиган киши демак у маънавий қашшоқ хисобланар экан.

Ҳамма инсонларнинг мияси бор. Лекин улар бир хил эмас.

Онгни уч қисмга бўлишган:

1. Ғариб онг

2. Ақлли онг

3. Дахолар онги.

Ғариб онг эгалари фақат одамларни муҳокама қилиб, уларнинг ғийбатлари билан машғул бўладилар. натижада эса на ўзларига ва на бировларга фойдалари тегмай дунёдан ўтиб кетадилар. Фойдалари тегмагани бир томон бўлса, иккинчи тарафдан инсониятга зарар етказадилар. Улар билан гаплашсангиз, одамларнинг пули, ишлари, автомобиллари, уй жойлари ва қилган ишларини муҳокама қилишдан иборат.

Ақлли онг. Бундай кишилар бўлаётган вазиятларни муҳокама қилишга ақллари етади халос. Улар сиёсат, мамлакатларнинг ахволи ва бошқа шунга ўҳшаган мавзуларни ёритишни яхши кўришади.

Даҳолар. Улар билан сухбатга вақт топиш амри махол. Бундай инсонлар ҳар доим ниманидир кашф этиш билан овора бўладилар. Тариҳни кавлаб ундаги муаммоларга ботиб қолмайдилар, балки муаммоларнинг ечимини излайдилар. Инсонларни бўлиб ташлайдиган ғоялар ўрнига, одамларни бирлаштиришга ҳаракат қиладилар. Чунки инсонлар биргаликда жуда кўп натижага эришишларини яхши биладилар. Уларни фикрларида фақат келажак режалари бўлади. На инсонларни ғийбати ва на вазиятларни муҳокама қилишни кўрасиз.

Энди телевиденияга қайтсак. У ердаги тв дастурлар қайси онг эгалари учун мўлжалланган деб ўйлайсиз? Инсонларни ғийбати кўпми? Вазиятларнинг муҳокамаси кўпми? Ёки онгимизни ўстирадиган лойиҳалар кўпми? Агар кўраётганингиз биринчи ва иккинчи тоифага мансуб бўлса, сиз учун тв ҳатарлидир. Онгингиз ўсмайди. Муаммоларга ечим тополмайдиган инсонлигингизча қоласиз. Оқибатда таъмагирлик уйғониб, оқибатда бутун дунё сизга қарздор деган фикр шаклланади.

Рустам Мирзаев.