Қишнинг бир куни ҳам қиш...
Қорга бўлган соғинч барибир бошқача ва завқли. Уни оддийгина эҳҳ, қачон қор ёғар экан, деб айтилишининг ўзида қанча дард, қанча соғинч мужассам эканлигини сезиш мумкин.
Наманган вилоятининг тоғли Нанай қишлоғида ёғаётган қорга, қиш фаслининг чиройли ўтаётганига ҳамма ҳавас қилади. Охирги пайтлар биз ўзимиз ҳам ҳавас қилияпмиз. Сабаби ҳар йили ёз фаслида жазирамадан қочган шаҳарликларнинг қадами мана энди қиш фаслида ҳам узилмаяпти.
Бундан олма, картошкаси бор бутун қишлоқ, бешбармоқлар пиширадиган ошхона, хонадонлар ва айниқса магазинчи Ғайбулла акалар жуда хурсанд...
Ҳар сафар шаҳардаги дўстларимга қор ёғиб турган пайтда расмлардан ташласам юракни сиқмагин, нима биз арини ўлдирганмизми бизга қор ёғмайди, деб озгина хасрат қилиб олишади.
Кеча кечқурун қишлоқда яна қор ёғишни бошлаганда Э, Худойим мана шу бизга бераётган қорингни шаҳарга ҳам баракали қилиб ёғдиргин. Неъматингни дариғ тутмагин, деб дуо қилгандим.
Эрталаб шаҳарга келсам гарчи кўп бўлмасада қор ёғиб турган экан.
Бундан ҳам хурсанд бўлиш керак. Ёғмагандан кўра оз бўлса ҳам ерни оқартириб тургани ҳеч бўлмаса кўз қувончи учун яхши.
Ҳали қиш олдинда. Ҳали бу бошланиши балки бундан ҳам қалин қорлар бизни кутиб тургандир. Биз буни билмаймиз-ку.
Ахир айтишади-ку, қишнинг бир куни ҳам қиш деб.
Дониёр Юсуф.