Президент Шавкат Мирзиёев сайловда овоз берди
Бугун, 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев оила аъзолари билан биргаликда Мирзо Улуғбек туманидаги 162-сайлов участкасига ташриф буюриб, овоз беришда иштирок этди.
Мамлакатимиз Конституциясининг 117-моддасида фуқаролар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга экани белгиланган. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланган.
Сайловда бешта – “Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Экологик партия иштирок этмоқда.
Бу муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида, фуқароларнинг сиёсий фаоллиги ортган шароитда ҳамда янги сайлов қонунчилигига мувофиқ ўтмоқда.
Ўзбекистон тарихида илк бор ягона Сайлов кодекси қабул қилинди. Сайловга оид 21 та қонун тизимлаштирилди. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати жорий этилди. Квота белгилаш институти бекор қилинди. Бешта сиёсий партияга, шу жумладан, янги Ўзбекистон экологик партиясига соғлом рақобат қилишлари учун тенг шарт-шароитлар яратилди. Сиёсий партияларнинг сайловолди очиқ мунозаралари жонли эфирда ёритилди. Уларда жамиятимизни ўйлантираётган ўткир масалалар муҳокама қилинди.
Охирги йиллардаги очиқлик, демократик бурилишлар натижасида жамиятимиз ҳам ўзгарди. Бу сайлов жараёнида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Фуқаролар ишонч ва мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳисси билан сайлов участкаларига келиб, келажак учун овоз бермоқда.
Давлатимиз раҳбари 162-сайлов участкасига келган одамлар билан суҳбатлашди, биргаликда суратларга тушди. Биринчи марта овоз берган ёшлар, ота-онаси билан келган болаларнинг ўқишларига ривож тилади.
Нуронийлар мамлакатимизга тинчлик-фаровонлик, Президентимизга соғлик-омонлик тилаб дуолар қилди.
Барча сайлов участкаларида қонунчилигимизда белгиланган шароитлар яратилган. Жойларда 6 минг 720 та округ ва 10 минг 315 та, жумладан, 38 мамлакатда 55 сайлов участкаси ташкил этилди. Бундан ташқари, озодликдан маҳрум этиш жойларида жазони ўтаётган ўта оғир жиноятларни содир этмаган шахслар ҳам сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.
Сайлов жараёнини кузатишда МДҲ, ШҲТ, ЕТТБ, Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси, Туркий кенгаш, ТуркПА, шунингдек, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тўлақонли миссияси таркибида 700 нафардан зиёд хорижий ва халқаро кузатувчилар иштирок этмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев хорижий кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳам мулоқот қилди. Улар сайловлар очиқ, юксак савияда ўтаётганини, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошганини таъкидлашди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати.