November 26, 2019

КЕННЕДИНИНГ СИРЛИ ЎЛИМИ

1963 йилнинг 22 ноябрида АҚШнинг ўттиз бешинчи президенти Жон Фицжеральд Кеннедини отиб ўлдиришди. Бу воқеа ўтган асрнинг энг сирли жиноятларидан бири сифатида эътироф этилган. Хўш, аслида бу қонли воқеа қандай содир бўлган эди? Президентнинг ўлими кимга ва нима учун керак эди?! Қуйида шу саволларга жавоб излаймиз.

1963 йилнинг 22 ноябрида президент Кеннеди ва унинг хотини - Жаклин Даллас шаҳри марказига тантанали равишда, очиқ лимузинда кириб келади. У Техасга сайловолди тарғибот компанияси муносабати билан ташриф буюрган эди.

Соат роппа-роса 12.30 да снайпер унга ўт очган. Президентга иккита ўқ тегади, бири бошига, иккинчиси орқа миясига. Кеннеди госпиталга етмасданоқ ҳалок бўлади. Унинг ёнида ўтирган Техас губернатори ҳам оғир жароҳат олади, аммо унинг ҳаётини сақлаб қолишади. Жон Кеннедини 1963 йилнинг 25 ноябрида Арлингтон миллий қабристонига дафн этишади ва унинг яқинлари марҳумнинг қабрига мангу олов ёқишди.

1963 йилнинг 29 ноябрида АҚШнинг янги президенти Линдон Жонсон мазкур суиқасд сабабларини аниқлаш ва тергов жараёнини олиб бориш учун комиссия тузиш тўғрисида қарор чиқарди. Мазкур гуруҳга АҚШ Олий суди раиси Эрл Уоррен раҳбар этиб тайинланди ва комиссия норасмий равишда «Уоррен комиссияси», деб аталди. Комиссия таркибига олтита сенатор ва конгрессменлар, бўлажак президент Жеральд Форд ва МРБнинг собиқ раҳбари Ален Даллеслар кирган эди. Комиссия ишига 80 нафар федерал разведка бошқармаси ходимлари ҳам жалб этилди. 10 ойлик ўрганишдан кейин комиссия 470 варақдан иборат ҳисоботни президент Жонсонга тақдим этди.

Комиссиянинг ҳисоботидан умумий маънода шундай хулоса келиб чиқарди: «қотил бир неча муддат Белоруссиянинг Минск шаҳрида истиқомат қилган собиқ десантчи Ли Харви Освальд. Унинг бир ўзи - ёлғиз ҳаракат қилган ва ишда уюшган гуруҳнинг махсус ва режалаштирган жинояти йўқ!» Аммо бу ҳисобот ҳеч кимга ишончли ва асосли туюлмади...

Маълумки, қотил - Освальднинг ўзи ҳам кўп ўтмай отиб ташланади. Уни полиция маҳкамасидан турмага олиб боришаётган пайтда журналистлар орасида пайдо бўлган тунги клублардан бирининг хўжайини - Жек Руби барчанинг кўз ўнгида отиб ташлайди. Ўша пайтда бу воқеа тўғридан-тўғри телетрансляция орқали эфирга узатилган эди.

Бугунга қадар жаҳон афкор оммаси расмий ва норасмий равишда бу фожианинг асл сабаблари юзасидан турли қарашлар устида баҳс ва мунозаралардан тўхтагани йўқ. Айримлар бу ишда «Москванинг қўли» борлигини айтишади. Бунга улар Освальднинг 32 ой давомида собиқ Иттифоқда яшаганини исбот қилиб келтиришади. Бошқалар Кеннедининг ўлдирилиш сабабларига тўхталиб, бир нечта асосли далилларни қалаштириб ташлайдилар. Ҳақиқатдан ҳам Кеннедининг ўлими жуда кўп сиёсий кучлар ва раҳбарларга жуда-жуда зарур бўлган.

Хусусан, тахминларга кўра Кеннеди махсус ғазначилик чипталарини амалга киритиб, АҚШнинг Федерал Захираси раҳбариятининг режаларини чиппакка чиқара бошлаган. Маълумки, АҚШ Федерал Захираси бош-қош бўлган коррупция ўз молиявий захиралари орқали нафақат АҚШдаги, балки бутун дунёдаги молиявий ҳолатни назорат қилишга интиларди. Жон Кеннеди эса бу улкан жиловни ўз қўлига олиш учун очиқчасига кураш бошлаган. Алоҳида таъкидлаб ўтамиз — Жон Кеннеди ўлдирилгандан кейин вице-президент Линдон Жонсон марҳум президентнинг ғазначилик чипталарини бекор қилиб, яна Федерал Захираларнинг банкнотларини амалга жорий этади. Эски ҳаммом — эски тос!

Шунингдек, Кеннедининг уюшган жиноятчиликка қарши муросасиз курашга киришганлиги ҳам АҚШнинг мартабали раҳбарлари билан бирга иш олиб бораётган мафия бошлиқларининг кучли эътирозига сабаб бўлган.

Яна бир муҳим сабаб сифатида Кеннедининг Вьетнамдаги урушга чек қўйиш борасидаги қарори кўрсатилади. Кеннеди ўлимидан сал олдин АҚШ ҳарбийларини Вьетнамдан олиб чиқишни бошлаган эди. Уни Далласда отиб ташлаганидан уч кун ўтиб, янги раҳбар Линдон Жонсон Кеннедининг қарорини бекор қилади ва ҳарбийларни яна урушга қайтаради. 1964 йилда президентлик лавозимига кўтарилгандан кейин эса Вьетнамдаги ҳарбийларни қайтариш у ёқда турсин, урушга юборилаётган аскарлар сонини янада кўпайтиради.

Яна бир қарашга кўра, Кеннеди ўз даврида ўзбошимчалик билан ҳаракат қилаётган АҚШ МРБнинг раҳбарларини қаттиқ сиқувга олган. У бир пайтлар ёнидагиларга «МРБни минг бўлакка бўлиб, шамолга совураман!» деган экан. Ва бу қуруқ гап эмас эди. Кўп ўтмай Кеннеди МРБнинг бошлиғи Аллен Даллес ва унинг ҳамтовоқларини ўз лавозимларидан мосуво қилади.

Фожиага сабаб қилиб кўрсатилган далиллар ичида энг ғаройиби бу Кеннедининг махфий маърузаси билан боғлиқ. Маърузада Кеннеди АҚШ халқига ўзга сайёраликлар билан ҳукуматнинг ўзаро алоқаларини ошкор этишни мақсад қилган экан. Қизиғи шундаки, бу фикрга кўпчилик қўшилган. Улар орасида инсониятнинг бошқа цивилизациялар билан ўзаро муносабатлари хусусида бир нечта китоб ёзган Боб Фрисселл ҳам бор. Унинг айтишича, ўлимидан ўн кун аввал Кеннеди Колумбия университетида маъруза қилиб шундай деган экан: «Президентлик лавозими бу — халққа қарши, ундан яширин иш қилиш дегани эмас. Мен яқин кунларда халқимга муҳим бир сирни ошкор этаман».

Даҳшатли томони шундаки, худди шу сир 1963 йилнинг 22 ноябрь куни (фожиа содир бўлган!) очилиши керак эди. Аммо унинг нутқини ҳеч ким эшита олмади. Аммо биз худди шу нутқдан бир нечта мисраларни келтириш имконига эгамиз. Мана улар: «Менинг азиз юртдошларим, сайёрамиз фуқаролари! Биз ёлғиз эмасмиз. Президент сифатида айтаман — улар бизга ёмонлик соғинмайди, аксинча, улар бизни камбағаллик, касалликлар ва урушлардан омон сақлашга ёрдам беради. Биз биргаликда тинч ва осуда ҳаёт кечиришимиз мумкин!»

Шунингдек, президентга бир киши эмас, икки-уч киши бирваракайига ўқ узган, деган қараш ҳам кўпчилик томонидан эътироф этилмоқда. Сабаби бир кишининг бир пайтнинг ўзида юриб кетаётган машинадаги одамни икки марта аниқ нишонга олиши ақлга сиғмайдиган ҳолат. Шунингдек, бунинг учун қуролни яна бир марта — зудлик билан ўқлаб олиш ҳам талаб этиларди. Мустақил равишда фаолият кўрсатган экспертларнинг фикрича, аслида учта эмас, олтита ўқ узилган. Ўша пайтда ҳаваскор суратчи томонидан олинган киноплёнкада ҳам бир ўқнинг орқа тарафдан, иккинчисининг эса олд тарафдан урилгани акс этган. Буни аниқлаш учун Кеннедининг миясини текшириш учун жасаддан айириб оладилар. Аммо кўп ўтмай мия ҳам сирли равишда йўқолади.

Бир сўз билан айтганда, президент ўлими сабаблари ҳозир ҳам аниқ эмас. Бунинг устига нафақат Кеннедининг қотили бу оламни тарк этди, балки жиноят билан боғлиқ далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам йўқликка юз тутди.

Алибек Эргашев тайёрлади.