Шоҳрух Хон – ҳамон Болливуд тахтидаги қирол
Шоҳрух Хон ёши ўтаётган бўлса ҳам буюклигини йўқотмаган. У Баччан ва Чакраборти ўйнаган ҳинд фильмлари ва ёш авлод ўртасидаги давр актёри ҳисобланади. Эътиқоди бўйича мусулмон.
Шоҳруҳ Хон 1965 йилнинг 2 ноябрь куни Деҳлида мусулмон оиласида дунёга келган. Унинг отаси Тож Муҳаммад Хон Ҳиндистон мустақиллиги учун ҳаракати фаоли бўлган. Актёрнинг онаси Латиф Фотима генерал-майорнинг ўгай қизи бўлган. Актёрнинг катта опаси Шаҳноз. Шоҳруҳнинг 15 ёшида отасидан айрилган, у саратон касаллигидан вафот этган. Яна 10 йилдан сўнг эса актёрнинг онаси ҳам оламдан ўтган. Шоҳруҳ ота-онасини жуда эъзозлагани сабабли бу воқеалар унга жуда катта зарба бўлди.
1986 йилда Шоҳруҳ Хон коллежга кириб иқтисодиёт йўналиши бўйича бакалавр даражасини олди, кейин оммавий коммуникациялар бўйича магистрлик даражасини олди. Шундан сўнг у ўз фаолиятини Болливудда синаб кўришга қарор қилди ва Деҳлидаги миллий драма мактабига кирди. 1988 йилда актёр телесериалда ўзининг илк бош ролини ўйнади. 1990 йилда Шоҳруҳ ўзининг болливуд фильмидаги илк ролини олди — «Кабаре раққосаси». Ушбу картина устида иш чўзилиб кетгани сабаб, 1992 йилда экранларга «Телба муҳаббат» фильми чиқди. Иккинчи даражали роль бўлишига қарамай, у “Энг яхши эркак дебюти” номинациясида Filmfare мукофотига сазовор бўлди.
Шоҳруххон 1991 йил октябрда Гаури исмли гўзал бир аёл билан оила қурди. Уларнинг Арян, Суҳана ва Абрам исмли 3 фарзандлари бор.
Шоҳруххон ўз оиласини жуда ҳам яхши кўради. Ҳаттоки, туғилган кунининг ҳар бир сониясини ўзининг севимли фарзандлари ҳамда суюкли аёли билан нишонлайди. Оиласини карьерасидан ҳам устун қўйган актёрдир. Қисқа қилиб айтганда, у чинакам оилапарвар инсон.
У шу пайтгача 130 дан зиёд фильмларда суратга тушган. Ҳинд кино оламида рекорд даражада «Энг яхши актёр» деб топилган. Унинг фильмлари бутун дунёда машҳур бўлган.