December 19, 2019

ТЎРАҚЎРҒОНДА 179 КИШИ МУДДАТИДАН ОЛДИН ОВОЗ БЕРДИ

Тўрақўрғон туманидаги мавжуд 52 та сайлов участкаларининг ҳаммаси муҳим сиёсий тадбир ўтадиган кунга пухта ҳозирлаб қўйилди. Улар талаблар даражасида жиҳозланган. Кабиналарда овоз бериш учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилган.

Тумандаги сайлов участкаларида ҳам 12 декабрдан бошланган муддатидан олдин овоз бериш 18 декабрь куни соат 18 да якунланди.

134 минг 829 нафар умумий сайловчилардан 179 нафари 22 декабрь куни сайлов участкасида бўла олмасликлари сабабли олдиндан овоз бердилар. Уларнинг аксарият қисми кичик ҳаж (умра) сафарига ёки турли сабабларга кўра бошқа давлатларга отланганлар ҳисобланади. Улар орасида сайлов куни хизмат бурчини ўтайдиганлар ҳам бор.

Шунингдек, ногиронлиги мавжуд фуқаролар қийинчиликларсиз номзодлар ичидан энг муносибини танлашларига аҳамият кучайтирилган.

- 134 минг 289 нафар умумий сайловчиларимиздан ногиронлиги бор сайловчилар 765 нафарни, кўзи ожизлар 67 нафарни ташкил этади, - дейди туман сайлов комиссияси раиси Ҳамидулла Низомов. – Улар учун участкада махсус кабина ажратилган. Сайлов кунида эса ногиронлиги мавжуд сайловчилар кабинада овоз беришлари пайтида қонунда таъқиқланмаган фуқаролар томонидан ёрдам кўрсатилиши таъминланади.

Тўрақўрғон туманида 134 минг 829 нафар умумий сайловчиларнинг 1 минг 758 нафари кекса ёшдаги сайловчилар ҳисобланади. Улар орасида 102 ёшли 1 нафар фуқаро - Ҳосият ая Бўтабоева ҳам бор. Шунингдек, 100 ёшни қарши олаётган, аниқроқ айтганда, 99 ёшга кирган фуқаролар 4 нафарни ташкил этади.

- Мавжуд 52 та сайлов участкаларимизнинг барчасида сайлов куни овоз бериш учун участкага кела олмайдиган қарияларимиз алоҳида эътиборга олинган. Улар хонадонларига махсус қутилар олиб бориб, энг муносиб номзод учун овоз беришларига қулай шароит яратилади, - дейди туман сайлов комиссияси раиси.