ОЧИҚЛИК, ХОЛИСЛИК, ТЕЗКОРЛИК
Оммавий ахборот воситаларининг фаолияти учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш, давлат ва жамият ўртасида сифатли мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолига ислоҳотларнинг мақсади, вазифалари ва натижалари ҳақида тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти шаффофлигини ошириш, шунингдек, уларнинг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ва ахборот хизматлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан яхшилаш мақсадида мамлакатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 июнда “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4366-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан давлат органлари матбуот котиблари ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга бўлди. Улар Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хулосаси бўйича тайинланади.
Нодирабегим номли вилоят ахборот-кутубхона марказида давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотларида фаолият бошлаётган ахборот хизмати раҳбарларига аттестациядан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳномаларни топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбир аввалида Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, "Дарё.уз" сайти мухбири Азизбек Абдувалиев томонидан “Ахборот хизматининг асосий фаолият йўналишлари”, “Универсал ахборот хизмати ходими. У қандай талабларга жавоб бериши керак?”, “Ахборот узатишда ОАВ вакиллари билан мулоқотда юзага келадиган муаммолар?”, “Раддия бериш тартиб-таомиллари қандай?” каби бир қатор муҳим мавзуларда маҳорат дарси ўтилди.
Йиғилишда вилоят ахборот ва оммавий коммунакациялар бошқармаси ахборот хизматлари фаолиятини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш сектори мудири Алибек Эргашев сўзга чиқиб, юқоридаги қарор ижросини таъминлаш борасида Наманган шаҳар, Тўрақўрғон, Чортоқ туманлари ҳокимликлари томонидан ибратли ишлар қилинаётганини алоҳида таъкидлади.
Тадбир сўнггида вилоят ахборот ва оммавий коммунакациялар бошқармаси бошлиғи Раҳимжон Ирисов ахборот хизмати раҳбарларига аттестациядан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳномаларни топширди.
Наманган вилояти АОКБ Ахборот хизматлари фаолиятини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш сектори.