December 11, 2019

Етказилган зарарни қоплаш учун “HUMAN” агентлиги раҳбарининг қимматбаҳо мол-мулклари хатланди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан “HUMAN” хусусий бандлик агентлиги” МЧЖ раҳбари Ш.Файзуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиб, жиноят иши бўйича айблов хулосаси Тошкент вилоят прокуратураси томонидан 11.12.2019 йилда тасдиқланиб, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судига юборилди.
Бу ҳақда Бош прокуратура баёнот берди.​

Жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида айбланувчи Ш.Файзуллаевга тегишли бўлган хонадонлар, автомашиналар, қимматбаҳо мол-мулклар хатланган ва нақд пуллар олиниб, ИИВ депозит ҳисоб рақамига топширилган.

Шунингдек, “HUMAN” хусусий бандлик агентлиги” МЧЖ мансабдор шахслари томонидан фуқаролардан олинган жуда кўп миқдордаги пул маблағлари 11 та хўжалик юритувчи субъектларга турли-хил йўллар билан кўчириш орқали ўзлаштирилган қисми жиноят иши қўзғатган ҳолатда алоҳида иш юритувга ажратилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилаётган ва судда кўрилаётган жиноят ишлари доирасида жабрланувчиларга етказилган зарарларни тўлиқ қоплаш чоралари кўрилмоқда.