Кутилмаган қўнғироқ...
Турмуш ўртоғим билан уйда китоб ўқиб ўтиргандик. Бирдан менинг телефонимга бегона рақамдан қўнғироқ бўлиб қолди. Гўшакни кўтардим, нариги томондан нотаниш кекса аёл овози эшитилди: "Ёрдам беринг, устимдан қулфлаб кетишган, ейишга, ичишга ҳеч нарса йўқ, жон беряпман!"
Ва алоқа узилиб қолди.
Мен ўзимни йўқотиб қўйдим, эримга айтгандим, у мени тинчлантира бошлади:"Қўйсанг-чи, хавотир олма, кимдир ҳазиллашган бўлса керак..."
Ўқишни давом эттирардигу, кўнглим нотинч эди. Қайта қўнғироқ қилишга қарор қилдим. Чақирув сигналидан кейин, кимдир гўшакни кўтарди, йиғи овози эшитила бошлади, ҳаяжонда бақира бошладим:"Онахон, кимсиз? Сизга нима бўлди? Қаерда яшайсиз?", - "... кўчаси(манзил)", - деган қисқагина жавоб ола олдим холос. Яна алоқа узилди. Энди хавотир бутун вужудимни қамраб олди. Эримга гапира бошладим:"У ерда нимадир бўлган. Қўл қовуштириб ўтира олмаймиз!". У менга қаради-да, бошқачасига тинчлана олмаслигимни тушунди ва:"Кел, қўнғироқ қаердан бўлганини аниқлашга уриниб кўрамиз", - деди. Телефон рақамидаги код рақам бизнинг шаҳарга тегишли эмаслигини англатарди. Энди тамоман ўзимни йўқотиб қўйдим:" Нима қилсак экан?.."
Аммо эрим ўзини йўқотмади, интернет орқали ўша шаҳар милиция бўлинмаси рақамини топди. Қўнғироқ қилиб ҳаммасини айтиб берди, ўзини таништирди ва бизга айтилган манзилни албатта текшириб кўришларини илтимос қилди. Ўша кеча ухламадим ҳисоб. Туни билан воқеани англолмай хавотирланиб чиқдим. Эртасига эса менинг телефонимга яна қўнғироқ қилишди.
Нотаниш киши ўзини милиция ходими эканлигини айтди. Унинг айтишича, биз вақтида ҳаракат қилибмиз.
Менга қўнғироқ қилган онахон сон суягини синдириб олганлиги туфайли бир неча ойдан бери ўрнидан тура олмас экан. Турмуш ўртоғи вафот этган, унга ўғли ғамхўрлик қиларкан. Уларда алоқа учун телефон бор, лекин онахон ундан фойдаланишни ҳеч ўргана олмаётган экан.
Ўша қўнғироқдан икки кун олдин онахоннинг ўғлини кўчада машина уриб кетиб, реанимацияга тушиб қолган, йигит хушига келган, лекин ҳеч нарсани эслай олмаётган экан. Онахон эса, бу вақт орасида унга нима бўлганини ҳам билолмай, жойидан қимирлай олмай ётган. Қўнғироқ қилмоқчи бўлганида эса, телефон хонанинг нариги четидаги стол устида эканини билибди. У ўзининг баланд қон босими билан курашиб, кроватидан эмаклаб тушиб, столгача судралиб боришга мажбур бўлибди. Телефонни қўлига олгач, тахминий рақамлар тера бошлабди, лекин унинг ингранган овозини эшитганлар нуқул қизил тугмани босиб қўяверибди. Бизга қилган қўнғироғи охиргиси бўлган, полда ётиб олиб қўнғироқ қилавериш онахонни ниҳоятда чарчатган экан. Милиция ходимлари эшикни очганида(бунга ҳам маълум вақт кетган, улар қўни-қўшнилар билан бироз суҳбатлашган), онахонни хушсиз ҳолда топишган.
Кейинроқ шифокорлар яна бироз вақт ўтганида, онахонни қутқара олмасдик, дейишибди. Шукурки, ҳаммаси муваффақиятли ўтди.
Кейинроқ бизга онахоннинг ўғли қўнғироқ қилди, узоқ миннатдорчилик билдирди ва онаси тузала бошлаганини айтди.
Ўша кундан буён одамларга жиддийроқ эътибор берадиган бўлдим. Чунки ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин экан.
Агар сизда кимгадир ёрдам бериш имкони бўлса, бу имкониятдан албатта фойдаланинг.
Ps: Бу воқеани ўқир эканман, ҳар биримиз ўша кекса онахон ўрнида ёки онахоннинг қўнғироғига жавоб қайтарган оила ўрнида бўлиб қолишимиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолдим...
Ўша оила ўрнида биз бўлсак, ўзимизни қандай тутардик? Қайта қўнғироқ қилармидик? Бошқа шаҳар эканини билганимизда-чи, у ҳолда ҳаракатларимиз давоми қандай бўларди?..
Фейсбукдан олинди. Гавҳар Умарова таржимаси.