Шимолий Корея АҚШни катта кўламли урушдан огоҳлантирди
Пхеньян АҚШ президенти Дональд Трампнинг АҚШ Шимолий Кореяга қарши қуролли кучларни қўллаши мумкинлиги ҳақидаги сўзларига жавоб қайтарди. Шимолий Корея Вашингтон билан ярашув жуда мўртлиги ҳамда исталган вақтда барбод бўлиши ва катта кўламли урушга айланиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бундай баёнот билан Шимолий Корея қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Пак Хён Чхон чиқди.
“Шимолий Корея ва АҚШ техник жиҳатдан уруш ҳолатидадир ва ярашув исталган вақтда ҳар қандай тасодиф билан катта кўламли қуролли ихтилофга айланиб кетиши мумкин”, деб айтган Пак Хён Чхон. Унинг таъкидлашича, Шимолий Кореяга қарши қуролли кучларни қўллаш “АҚШ учун даҳшатга айланади”.
Трамп НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан Лондондаги саммит арафасида учрашганда АҚШ зарурат юзага келса, Шимолий Кореяга қарши қурол қўллашга тайёрлигини айтган.
“Мен Ким Чен Ин билан яхши муносабатдаман. Эҳтимол, бошқа етакчилардан ҳам яхшироқ. Бироқ бу зарурат юзага келса, АҚШнинг Шимолий Кореяга қарши қурол қўллашига халақит қилмайди”, деб айтган АҚШ президенти.
Аввалроқ Шимолий Корея ташқи ишлар вазири ўринбосари Ри Тхэ Сон Пхеньян Вашингтонга “Шимолий Корея билан муносабатларда янги ёндашув”ни ишлаб чиқиши ва намойиш қилиши учун берган муҳлат поёнига этаётганини эслатиб қўйган. “Энди улар [АҚШ] Рождествога қандай совға олишлари АҚШнинг ўзига боғлиқ”, деб айтган Ри Тхэ Сон.