Қор ёғмаса бўлманг хафа, келинг Нанайга, Марҳамат азиз меҳмонимиз бўлинг Нанайда...
Нанай — Наманган вилоятининг шимолий қисмида жойлашган баҳаво қишлоқ. Тоғлар этагидаги бу маскан ўзининг ажойиб табиати, бетакрор манзаралари билан барчани ўзига тортиб келган.
Нанай ва унинг атрофидаги қишлоқларда тўрт фасл ўз вақтида келиб заминга мавсумлар тароватини беради.
Айни пайтда қишнинг иккинчи ойи бўлишига қарамай шаҳар жойларда ёғмаётган қор Нанайда одамларга завқ улашишда давом этмоқда.
Ёзда ўзининг салқин ҳавоси билан шаҳар жазирамасидан қочган меҳмонларни кутиб олувчи қишлоққа қиш пайтида ҳам биргина қор кўриш учун ташриф буюрувчилар сони кўпчиликни ташкил қилмоқда. Бу албатта қувонарли ва ички туризмнинг ривожланиб бораётганидан далолатдир.
Сиз ҳам қишнинг, қорнинг завқини оилангиз, фарзандларингиз билан биргаликда баҳам кўришни истайсизми. Шаҳарга қор ёғмаса кутиб ўтирманг Нанай томон йўлга чиқинг. Ишонинг афсусланмайсиз.
Наманган шаҳридан 65 км узоқликда жойлашган Нанай қишлоғига ўзингизни машинангиз бўлмаса автобус, Дамас ва енгил машиналар хизматингизга тайёр. Бунинг учун халқ тилида айтганда ҳамма биттада тушуниб, топиб борадиган “Набережная” га келиб хоҳлаган транспорт воситасига чиқишингиз мумкин. Маълумот ўрнида, Наманган шаҳридан Нанайгача автобус йўл кира ҳақи 4000 сўм, Дамаслар эса 7000-8000 сўм, енгил машиналар эса 10 000-12 000 сўм атрофида қатнайди. Агар сизни нархлар бироз ўйлантириб, норозилик кайфиятини уйғотса ҳайдовчилар билан тортишманг барибир бефойда “Газ кўтарилган, кўряпсизу...” деган жавобни оласиз. Яхшиси индамай Нанайга деб ўтирингда манзилга етгач шу суммани бериб тушаверинг. Агар шаҳарда “Қанчадан йўл кира...” деб сўрасангиз тамом. 15 000 мингдан кетишга мажбур бўласиз. Шунинг учун ўзингизни Нанайга ҳар куни бориб юргандек тутинг. Бундан асло ютқазмайсиз. Камида йўлкирага.
Ўзининг енгил машинасида борувчиларга эса йўллар муз ва эҳтиёт бўлиб ҳаракатланишларини газни ҳар эҳтимолга қарши Нанайдан 20-25 км пастда жойлашган Булоқбоши ва Исковот қишлоқларида қуйиб олишни ёки заҳирага бензинни ғамлаб олишни ҳам маслаҳат берамиз. Бунда ҳам ютасиз.
Айтмоқчи бўлганимиз қорни соғиндингизми, қиш тароватидан баҳра олишни истайсизми марҳамат вақтни бой бермай Нанайга бир кунга бўлса ҳам чиқиб келинг. Афсусланмайсиз. Бунда ҳам ютқазмайсиз чунки қиш ҳам дарров ўрнини баҳорга бўшатиб беради.
Яна бир нарса бу йил Нанайда ҳам қиш аввалги йилларга ўхшамаган холда ўтяпти. Ёққан қорлар 2-3 кунда эриб кетяпти. Шунинг учун хабарларда Нанайда қор ёғаётганини эшитдингизми имкон бўлса ўша ёғиб турган куни, бўлмаса эртасига албатта чиқинг. Эриб кетганда чиқсангиз бунда кейин ютқизасиз камида 65 км йўлга кетган вақтингизга.
Нанайни миллий таомига айланиб кетган қази-қарталар билан бўлакча тайёрланадиган ҳамир овқат ҳақида ортиқча гапирмай. Барибир Нанайга чиққан инсон бу таомдан ҳеч бўлмаса бир товоқ тановул қилмай қайтмайди. Таом тайёрланадиган манзилларни алоҳида айтиш шарт эмас. Ҳамир десангиз бас, ўзлари олиб бориб қўйишади.
Аввалари ёзда Нанай қишлоғимизга марҳамат дейишга ўрганиб қолган эдик. Энди об ҳаво ўзгариб қишда ҳам қўлимиз кўксимизда таклиф қиламиз. НАНАЙ ҚИШЛОҒИГА МАРҲАМАТ. АЗИЗ МЕҲМОНИМИЗ БЎЛИНГ!
Дониёр Юсуф.