Прокуратура органлари фаолиятида очиқлик
2019 йил 30 ноябрь куни Наманган вилояти прокуратурасида вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ОАВ вакиллари, прокуратура ходимлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда Наманган вилояти прокуратураси томонидан тизимнинг кўп қиррали фаолияти тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш учун жорий йилнинг 10 ойи давомида қилинган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди. Шунингдек қизғин баҳс ва савол-жавоблар тарзида бўлиб ўтган учрашувда прокуратура ходимлари бугунги кунда фуқароларни қийнаб келаётган масалалар бўйича журналистларнинг фикрларини тинглаб, улар томонидан ўртага ташланган таклифлар, берилган саволларга атрофлича жавоб қайтардилар. Тегишли муаммолар юзасидан ўрганишлар олиб бориб келгусида ОАВ билан доимий ҳамкорликда ишлаш юзасидан билдирилган таклифлар қонун ҳимоячилари томонидан маъқулланди.
Анжуман давомида келтирилган рақамларга назар ташлаймиз:
Жорий йилнинг 10 ойи давомида Наманган вилояти прокуратураси томонидан 688 та ноқонуний ҳужжатлар қонунга мувофиқлаштирилган бўлса, 8617 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш учун 703 та тақдимномалар киритилди. 1759 нафар шахслар интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди.
Текширишлар ва тергов ишлари давомида 25,5 млрд сўмдан ортиқ зарарлар ундирилди.
Аҳоли, жумладан, ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича қўшиб ёзиш, нафақалар тўлашдаги адолатсизликлар, “Фуқароларнинг соғлигини сақлаш тўғрисида”ги Қонун, “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури, Президентимизнинг хотин-қизлар ҳаёти ва оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган ПФ-5325-сонли фармони ижроси доирасидаги камчиликлар аниқланиб бу соҳаларда қонун устуворлигига эришиш йўлида прокуратура таъсир чоралари кўрилди.
Шунингдек, прокурорлар раҳбарлигидаги секторлар иш сифатини ошириш чоралари кўрилиб, жами 12 086 та муаммолар аниқланди. Шундан 11 944 таси ҳал этилиб 142 таси тегишли идораларга юборилди.
Бугунги кунда бевосита прокуратура органларининг эътиборида бўлган тадбиркорлар фаолияти хусусида ҳам маълумотлар бериб ўтилди. Ҳозирда вилоятимизда 20 970 та тадбиркорлик субъектлари фаолият олиб бормоқда. Ўтган давр мобайнида прокуратура органлари ташаббуси билан 659 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. “Ҳар бир оила - тадбиркор” давлат дастури асосида 52 860 та кам таъминланган оилаларга 798,2 млрд сўмлик кредитлар ажратилди. Ушбу дастур ижроси ҳамда тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича 5 та прокуратура таъсир чоралари кўрилган.
Вояга етмаганларни комил инсонлар қаторига қўшишда тизим ходимларининг ҳам ҳиссаси катта. Ёшлар ўртасида қасд-суиқасд қилинишининг олдини олиш борасида Япония ва Жанубий Корея тажрибаларидан фойдаланиб психологик тестлар орқали тажовузкор, тушкун, чуқур ҳолатдаги ўқувчилар аниқланиб, улар билан алоҳида шуғулланиш ҳам йўлга қўйилган.
Анжуман давомида Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Наманган вилоят бошқармасининг ҳам 2019 йилнинг 10 ойи давомида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди. Хусусан, 273 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, уларнинг 164 таси бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган, 105 та ҳолатлар бўйича тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий тартибда ҳал этилган. Аниқланган ҳолатлар бўйича давлат бюджетига 14295,5 млн сўм қўшимча солиқлар ҳисобланиб, шундан 5514,9 млн сўми ундирилган.
Хорижий валюта маблағларининг ноқонуний муомалага киритишни олдини олишга қаратилган тезкор тадбирлар натижасида 83 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, шундан 40 таси бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-177-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган, 43 та ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 170-моддаси билан маъмурий тартибда ҳал этилган.
Ҳуқуқбузарлардан 192274 АҚШ доллари, 130 080 Россия рубли, 93 000 қозоқ тенгеси ва 141,8 млн ўзбек сўмлари ва ноқонуний муомалага киритилган 496,0 млн сўмлик импорт товарлар ашёвий далил сифатида олинган.
Департамент идораларига яна бир ишониб топширилган соҳа – сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббиёт воситалари айланмаси билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларга қарши курашишдир. Бу борадаги тадбирлар давомида вилоятда 4 та қонунбузилиши ҳолатлари фош этилиб, жами 761,8 млн сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ашёвий далил сифатида олинган.
Анжуманда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармасининг фаолияти, 2019 йил давомида қилинган ишлари бўйича ҳам маълумотлари тингланди. Жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомида Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси томонидан энергия ресурслари, сув истеъмоли ва қаттиқ маиший чиқиндилар соҳасида 1 трлн 110,4 млрд сўм ундирилди (шундан табиий газ 496,0 млрд сўм, электр энергияси 571,9 млрд сўм, сув таъминоти учун 33,1 млрд сўм ва маиший чиқиндилардан тозалаш хизматлари учун 9,4 млрд сўм). Ўтган йилнинг 10 ойида бу кўрсаткич 649,7 млрд сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг шу даврига нисбатан 460,7 млрд сўм кўп ундирилганлигини кўрсатади.
Бошқарманинг тезкор ходимлари томонидан ўтган 10 ой давомида ўтказилган тадбирлар натижасида 6 та жиноят ишлари қўзғатилган. 1793 та энергия ресурслари тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланиб, айбдор шахслар тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди.
Тадбир якунида вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Дилшод Амонов ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлаётган (резонанс) воқеа-ҳодисалар юзасидан расмий баёнот берди.
Дониёр Юсуфжонов.
Ҳусанбой Ҳоджимирзаев олган фотосуратлар.