November 29, 2019

Ҳокимларнинг “Очиқ мулоқот”ида тадбиркорлик ривожи, ун ва нон нархлари ҳамда аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди

28 ноябрь куни Наманган вилояти телевидениесида бугунги куннинг долзарб масалаларига бағишланган “Очиқ мулоқот” бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг бошчиликларида тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишларида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган учрашувда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Аюбхон Камалов, вилоят ҳокими ўринбосари Баҳромжон Нурматов, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, Бош вазир қабулхонаси вилоят ҳудудий бўлинмаси мудири, вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси ҳамда вилоятдаги иқтисодиёт сектори билан алоқадор бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.

Мулоқот чоғида тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш ва ишга солиш бўйича вилоятда кўрилаётган чоралар ҳамда бажарилиши талаб этиладиган долзарб вазифалар кенг муҳокама қилинди.

Учрашувда шунингдек, вилоят аҳолиси учун аҳамиятли бўлган мавзулар – ун ва нон маҳсулотлари нархларининг эркинлаштирилгани ва бу борада нархларнинг ошиб кетмаслигини таъминловчи омиллар, шунингдек қишлоқ ва шаҳарларда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар юзасидан ҳам батафсил сўз борди.

Манба: Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати