November 25, 2019

ФҲДЁ органлари томонидан архив ҳужжатлари энди Давлат хизматлари марказлари орқали берилади

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги 134-сонли қарорига кўра, жисмоний шахсларга Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ янги тартиб кучга кирди. Яъни фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш ва нотариал органлар соҳасида ҳамда расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш Давлат хизматлари маркази ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали амалга ошириладиган бўлди. 

Регламент жисмоний шахсларга ФҲДЁ бўлимлари архивлари томонидан туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, ўлим ҳамда никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотларни бериш бўйича давлат хизмати кўрсатиш тартибини белгилайди.

Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ органлари ўртасида ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони мажбурий тартибда фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади.

Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан сўровномани белгиланган тартибда электрон тарзда тўлдиради. Сўровномага зарур маълумотлар расмийлаштирилгандан сўнг аризачи уни ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди. Шундан сўнг, барча ҳужжатлар 10 дақиқа мобайнида тегишли ФҲДЁ органига электрон шаклда юборилади. ФҲДЁ органи сўровнома тушган вақтдан бошлаб 1 иш соати мобайнида матрик штрихли код қўйилган маълумотномани расмийлаштиради ҳамда тегишли Давлат хизматлари марказига юборади. Сўровномада сўралаётган маълумотлар ФҲДЁ органида мавжуд бўлмаганда ФҲДЁ органи сўровномани тегишли равишда вилоят ФҲДЁ архивларига юборади ва Давлат хизматлари марказини электрон тарзда хабардор қилади. Бунда Давлат хизматлари маркази ариза берувчига ахборот-коммуникация тизими орқали хабар беради. Бу янги тартиб фуқароларнинг идоралар ўртасида сарсон бўлмаслигини таъминлайди.

Вилоят ФХДЁ архивлари сўровнома тушган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида маълумотларни тегишли ФҲДЁ органларида мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаб, матрик штрихли код қўйилган маълумотни расмийлаштириб тегишли Давлат хизматлари марказига юборади. Марказ эса шу маълумотномани 10 дақиқа ичида зудлик билан ариза берувчининг электрон манзилига юборади. Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ органлари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларни сир сақланишини таъминлайди.

Давлат хизматлари марказлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг фаолияти юзасидан доимий назорат қилади ҳамда мониторингни амалга оширади. Мазкур Регламент талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берилиши белгилаб қўйилган.

Диёра Ғаппорова,

Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази алоқа оператори