December 10, 2019

Путин WАDАнинг Россияни 4 йилга олимпиададан четлатиш бўйича қарорига изоҳ берди

Путин WАDАнинг қарорига изоҳ берди: Жазолар жамоавий харакатер касб этиши ва маълум қоидабузарликларга алоқаси йўқ кишиларга қўлланилиши мумкин эмас

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Парижда бўлиб ўтган Норманд саммитидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Жаҳон антидопинг агентлиги (WАDА)  ижроия қўмитасининг Россияни тўрт йилга олимпиада ва ЖЧлардан дисквалификация қилиш тўғрисидаги қарорига изоҳ берди.

“Ушбу қарорни яхшилаб таҳлил қилиб чиқиш керак. Аниғи шуки, Россия Олимпия қўмитасига эътироз йўқ. Агар унга қарши ҳеч қандай эътирозлар бўлмаса, россиялик спортчилар мамлакат байроғи остида мусобақаларга қўйилиши керак. WАDА қарорининг ушбу қисми Олимпия Хартиясига зиддир ва бизда Спорт арбитраж судига апелляция бериш учун барча асослар мавжуд. Бошқа мулоҳазалар ҳам бор, аммо мутахассислар ва юристлар буларнинг барчасини таҳлил қилиб, ҳамкорларимиз билан фаол мулоқотга киришишлари керак. Менинг фикримча, энг муҳими ҳар қандай жазо индивидуал бўлиши, у ёки бу шахс томонидан содир этилган ҳаракатдан келиб чиқиши керак. Жазолар жамоавий харакатер касб этиши ва маълум қоидабузарликларга алоқаси йўқ кишиларга қўлланилиши мумкин эмас. Буни ҳамма яхши тушунади. Шу жумладан, WАDА мутахассислари ҳам. Аммо агар улардан бири жамоавий жазо қўллаш бўйича қарор қабул қилса, унда бундай қарорлар негизида жаҳон спортида ҳалолликни таъминлаш эмас, балки спорт ва Олимпия ҳаракатининг манфаатларига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган сиёсий қарашлар бор, деган тахминга келиш учун барча асослар мавжуд", - деди Путин Норманд саммитидан кейин ташкил қилинган матбуот анжуманида.