December 20, 2019

ШИФОКОРЛАР ХИЗМАТГА ШАЙ

Тараққиётнинг янги босқичига қадам қўяётган мамлакатимиз муҳим сиёсий воқелик – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар арафасида. Якшанба - 22 декабрь куни ҳамюртларимиз ўзлари танлаган муносиб номзодларга овоз бериш учун сайлов участкаларига келадилар. Бу масканларда юртдошларимиз ўз ҳоҳиш-иродаларини эмин-эркин намоён этишлари учун барча шароитлар яратиб қўйилган. Шу жумладан малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида зарур имкониятлар ҳам муҳайё этилган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида сайловчиларга тиббий хизмат кўрсатилишини мувофиқлаштирувчи алоҳида штаб иш бошлади. Унга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров раҳбар этиб тайинланган. Малакали мутахассислардан иборат гуруҳ кеча-ю кундуз иш олиб бормоқда. Штаб тиббий хизмат билан боғлиқ ҳар қандай муаммони зудлик билан хал этиш ваколатига эга.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жозки, вилоятдаги мавжуд 726 та сайлов участкаларида “Тиббиёт хоналари” ташкил этилган. Уларга 1452 нафар шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари бириктирилган. Белгиланган жиҳозлар ва тегишли дори-дармонлар таъминоти йўлга қўйилган. Шу билан бирга барча сайлов участкаларига тақсимланган 209 та тез тиббий ёрдам бригадаси эрталабдан-кечгача сайловчиларга хизмат қилади. Ҳудудлардан тушган чақирувлар асосида шошилинч хизмат кўрсатилиши учун саломатлик посбонлари шай ҳолатда турибдилар.

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати.