December 16, 2019

«Охирини ўйлаган қаҳрамон бўлолмайди». Пўлат Аламдар роли билан танилган Нежати Шашмаз 48 ёшга тўлди

15 декабрь куни ўзбек кино мухлисларига «Қашқирлар макони» сериалида Пўлат Аламдар роли билан яхши таниш бўлган Муҳаммад Нежати Шашмазнинг туғилган куни. У 1971 йил Туркиянинг Элозиқ шаҳрида туғилган.

Нежати Анқарада катта бўлган ва шу ерда мактабни тамомлаган. У Туркия ва Канадада меҳмонхона менежменти ва туристик бизнес йўналишида ўқиган.

1997 йилдан 2001 йилга қадар АҚШда яшаган. 2001 йил Туркияга оила аъзоларини кўриш учун келган Нежатининг қайтиб кетиш рейси 2001 йил 11 сентябрда АҚШда юз берган теракт сабаб бекор қилинган. Туркияда маълум муддат қолишига тўғри келган. Айнан шу қолиш муддати унинг муваффақиятли карьераси бошланишига сабаб бўлган. Мутахассислиги актёр бўлмаган Нежатининг «Қашқирлар макони» сериалига бош рол учун таклиф қилиниши турли муҳокамалар келтириб чиқарган. Бироқ унинг сериалдаги маҳоратли ижроси барча шубҳалар ўринсиз бўлганини исботлади.

У 2011 йил 41 ёшида ўзидан 21 ёш кичик бўлган Истанбул университети талабаси Нагеҳан Қошиқчи билан турмуш қурган, бир қиз ва ўғилнинг отаси. Ҳозирда турмуш ўртоғи билан ажрашиш жараёни кетмоқда.

«Қашқирлар макони» сериалининг барча фасллари 2003 йилдан 2017 йилгача давом этган. Сериалнинг барча фаслларида — «Қашқирлар макони» (2003—2005 йилларда), «Қашқирлар макони: Ироқ» (2006 йил), «Қашқирлар макони: Террор» (2007 йил), «Қашқирлар макони: Тузоқ» (2007—2016 йилларда), «Қашқирлар макони: Фаластин» (2011 йилда) «Қашқирлар макони: Ватан» (2017 йилда) — Нежати бош ролни ижро этган.

Шунингдек, у «Қашқирлар макони: Ватан» ва «Навбатчилик» сериалларининг сценарий муаллифи, режиссёри ва продюсери ҳисобланади. Нежати Шашмаз «Қашқир қонуни», «Бир аёлни танидим» ва «Айри йўл» сериалларга продюсерлик қилган.

Қуйида «Қашқирлар макони» сериалида Нежати Шашмаз томонидан айтилган иқтибосларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

«Охирини ўйлаган қаҳрамон бўлолмайди».

«Токи инсонлар юрагида озодлик алангаси ёнар экан, улар эртами-кечми албатта ўз мақсадларига эришадилар».

«Қалбнинг қаерда жойлашганини ҳеч ким билмаслиги мумкин, лекин қалб оғриғи қандай бўлиши ҳаммага маълум».

«Сукут бу энг яхши дўст. Синалган. Унга сендан ҳеч нарса керак эмас. Шунчаки ёнингда бўлади ва сенга халақит қилмайди».

«Икки киши биладиган сир — сир эмас».

«Хатони тўғрилаш мумкин, лекин сотқинликни эмас».

«Сен дунёдаги энг кучли ва жасур одам бўлган тақдирингда ҳам севган инсонинг қаршисида ҳамиша ожиз бўласан».

«Ҳақиқатни айтиш учун биз уни навбатга қўямиз. Қулай фурсатни кутамиз».

«Баъзида кўзлар қуруқ бўлгани билан юрак жим йиғлаши мумкин».

Манба: "Дарё"