December 5, 2019

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси

Солиқ тизимини ислоҳ қилишдан кўзланган асосий мақсад – корхоналар зиммасидаги солиқ юкини камайтириш орқали ишлаб чиқаришни жадаллаштириш ва иқтисодиётни барқарорлаштиришга эришишдан иборатдир.

Ш.Мирзиёев

Сир эмаски, бугун давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорлик субъектларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда эса албатта солиқ соҳасида ҳам талай имтиёз ва қулайликлар яратилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ишбилармонлик муҳитини яратишда зарур бўлган жиҳатлар янги таҳрирдаги солиқ кодексида ҳам ўз аксини топган ва янги бандлар билан бойитилган. Амалдаги Солиқ кодексида белгиланган солиқ турлари сақлаб қолинган ҳолда Ягона ижтимоий тўлов – Ягона ижтимоий солиққа айлантирилмоқда.

Кодекс лойиҳасида нафақат солиқ тўловчиларнинг, балки масъулияти оширилган ҳолда солиқ органларининг ҳам ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ ва тушунарли қилиб қўйилмоқда.

Мазкур ўзгариш ва янгиликларни тадбиркорлик субъектларига етказиш ва тушунтириш мақсадида вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари жойларга бориб, тарғиботларни амалга оширмоқдалар. Вилоятимиздаги “Ифтихор кийим саноат” МЧЖда айни пайтда 450 та ишчи меҳнат қилади. Бу ерда асосан эркаклар ва аёллар кийимлари тикилиб, хориж давлатларга экспорт қилинади. Солиқ органи ходимлари келиб, тадбиркор Анна Добрых билан Кодекс лойиҳаси мазмун-моҳияти борасида сухбатлашишди. Керакли тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Кодекс лойиҳасида асосий эътибор солиқ қонунчилигини максимал даражада соддалаштиришга, зиддиятлар ва тушунмовчиликларни бартараф этишга, инсофли солиқ тўловчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлса, солиқ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган ҳолда, уларнинг жавобгарлиги ҳам кучайтиради.

кодекс лойиҳасида асосий воситалар объектлари, шу жумладан, кўчмас мулк объектлари харид қилинганда (барпо этилганда) қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) бир йўла ҳисобга олинишини назарда тутувчи тартиб жорий этилиши билан солиқни тўлаш тартиблар ҳам соддалаштирилмоқда.

Шунингдек, қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тизими тубдан ўзгартирилди. Яъни, батафсил камерал текширув ўтказилганидан кейин ҚҚС бўйича “манфий” қолдиқ суммасини қайтариш ҳуқуқи тақдим этилади.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасида тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида пулли ёки бепул асосда, коллегиал органлар (Комиссиялар) иштирокисиз солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим этишнинг янги шаффоф механизми жорий этилмоқда.

Бунда, солиқларни бир вақтнинг ўзида тўлаш натижасида иқтисодий ночорлик (банкротлик) аломатлари юзага келиши хавфи бўлган, товарлар ва хизматларни ишлаб чиқариш ва сотиш мавсумий бўлган ҳолларда солиқларни тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти, қарздорлик суммасига Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида фоиз ҳисобланган ҳолда тақдим этилиши белгиланмокда.

Шунингдек, мазкур лойиҳа янги солиқ тизимининг асоси бўлиб хизмат қилади ва тўғридан-тўғри амал қилувчи хужжат бўлади. Шу мақсаддан унга солиқ солиш масалаларини тартибга солувчи қонуности хужжатлар қоидалари, шу жумладан солиқ ставкалари киритилди. Солиқларниундириш принциплари, ёндошувлари бўйича бошқа мамлакатларнинг амалиётида синалган тажрибасининг қўлланилишига асосланган. Тадбиркор Каримжон Бобохонов 15 йилдан бери тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Дастлаб 10 нафар ишчи билан бошланган меҳнат бугунга келиб 350 нафар ишчи билан давом этмоқда. Маҳсулотлар хориж давлатларига экспортга йўналтирилади. Ўтган йили 138 минг АҚШ доллорида экспортга эришилган бўлса, жорий йилнинг 11 ойида бу кўрсаткич 1 млн 50 минг АҚШ доллорига етди. Бу албатта мамлакатимизда амалга оширилаётган соҳага бўлган эътибор ва изчил ислоҳотлар самараси дея бахолайди тадбиркор. Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан танишгач, унда белгиланган бандларнинг ҳар бири юртимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва давлат иқтисодиётини янада юксалтиришга қаратилганлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар бюджет даромадларини ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш ҳамда мамлакатимиз тараққиётини изчил таъминлашга хизмат қилади.

Наманган вилояти ДСБ матбуот хизмати.