Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Р.А.Хатамов айрим ходимларга интизомий жазо қўллади
Наманган вилояти ИИБ мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи иштирокида ички ишлар бошқармаси ва ҳудудий бўлинмаларида хизмат қилаётган ходимлар билан хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган видеоселектор ўтказилди. Йиғилишда вилоят ИИБ таркибидаги бошқармалар ва соҳавий хизмат рахбарлари, шахсий таркиби, шаҳар-туман ИИБ бошлиқлари уларнинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этган бўлса, ҳудудий ички ишлар бўлимларида ҳам масъул ходимлар жараённи видеоалоқа тарзида бевосита кузатиб бордилар.
Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Р.А.Хатамов сўзга чиқиб, кун тартибидаги масала – ходимлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар, хизмат интизомининг бузилиши, шунингдек келгусида ходимлар ўртасида салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида атрофлича сўз юритди. Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ва ИИВ томонидан соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб қувватлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Бироқ, тизимда олиб борилаётган бу каби кенг ислохотлар ва яратиб берилаётган имкониятларга қарамай, айрим ходимларнинг ўз хизмат фаолиятига масъулиятсизлик билан қараши ва ёки жиноят, хуқуқбузарликлар содир этаётганлари хам афсуски учраб турибди дея таъкидланди йиғилишда.
- Ички ишлар органи ходимининг вазифаси жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олиш, тун-у кун жамият ва халқ тинчлигини таъминлашдан иборат, мана шу хизматларни сидқидилдан бажаришга қасамёд қилган ходимнинг ҳар бири фуқаролар учун ибрат ва намуна бўлиш ўрнига унинг айнан ўзи ҳуқуқбузарлик содир этса буни қандай изоҳлаш мумкин? – деди вазир ўринбосари. - Бундан буён бу каби масъулиятсизликка йўл қўйилмайди. Сиз-у бизга юксак ишонч билдирган шу халқ учун қатъий тартиб-интизомни йўлга қўйган ҳолда ҳалол ва пок ишлаш лозим.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Ўз хавфсизлик бошқармаси бошлиғи хам сўз олиб, соҳа ходимлари ўртасида учраётган айрим салбий холатларга тўҳталиб ўтди. Хизмат рахбарларига эса бу каби камчиликларни бартараф этиш борасида зарур маслаҳат ва тавсиялар берди.
Танқидий руҳда бўлиб ўтган йиғилишда вазир ўринбосари томонидан фаолияти давомида хато ва камчиликларга йўл қўйган айрим ходимларга нисбатан турли интизомий таъсир чоралари кўрилди. Яъни, фаолиятида кечирилмас хатога йўл қўйган 1 нафар ходим ички ишлар органлари сафидан бўшатилди, 5 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 2 нафар ходимнинг ҳатти-ҳаракатига интизомий жазо сифатида махсус унвони бир поғонага пасайтирилди, 1 нафар ходимга ҳайфсан, ва 5 нафар ходимга танбеҳ интизомий жазолари берилди.
Йиғилиш якунида шахсий таркибга ходимларга берилган интизомий жазолардан тўғри хулоса чиқариб хизмат интизоми, тартиб қоидаларга қатъий амал қилиш лозимлиги, бундан буён хатолар кечирилмаслиги қатъий тушунтирилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати.