January 19, 2021

Кредит олиш жараёнидаги учраб турадиган ҳолатлар. Кредит тарихи, тўлиқ қиймати ва гаров ҳақида нималарни билишингиз зарур?

“Кредит олиш учун ушбу кредит билан боғлиқ бир қанча ҳаражатлар қилишга мажбур бўлдим.” – бу Сизга таниш сўзлар бўлса керак. Маълумки, банкдан олинаётган ҳар қандай кредит бўйича унинг турига қараб, уни олиш, фойдаланиш ва тўлаш билан боғлиқ бўлган ҳаражатлар юзага келади.
Ушбу ҳаражатлар қарздор томонидан банк ёки бошқа шахслар (масалан, гаров мулкини баҳоловчи ташкилот, суғурта компаниялари ва бошқалар) фойдасига тўланадиган пуллар бўлиши мумкин.

Бундай ҳаражатлар, кредитнинг асосий қарзи ва фоизлари билан биргаликда кредитнинг тўлиқ қийматини ташкил этади. Бунда, ҳаражатлар бир вақтнинг ўзида тўланмайди ва ўларнинг тўлови ва миқдори кредит тури ва кредит таъминотига қараб юзага келади.

Шундай қилиб, кредитнинг тўлиқ қиймати деганда, истеъмол кредити ёки қарз олиш билан боғлиқ барча тўловларни ҳисобга олган ҳолда кредит қайтарилганидан кейинги реал фоиз ставкаси тушинилади.

Масалан кредитнинг йиллик фоиз ставкаси 20% бўлса, кредитнинг тўлиқ қиймати йиллик 23% дан тўғри келиши мумкин. Aйнан бу кўрсаткич банклар таклиф этаётган кредит маҳсулотини солиштиришга ва энг мақбулини танлашга имкон яратади.

Кредитнинг тўлиқ қийматига кредит тури ва гаров таъминоти турига қараб қуйидаги ҳаражатлар киради:

1. Aсосий қарз ва фоизлар бўйича тўловлар. Ушбу тўловлар мажбурийдир;

2. Банк фойдасига амалга ошириладиган тўловлар — кредитни расмийлаштириш ва ундан фойдаланиш давомидаги комиссион тўловлар. Бунда, Сиз кредитни ўз вақтида тўламаганингиз учун ҳисобланган жарима, пеня ва неустойкалар кредитнинг тўлиқ қийматига киритилмайди;

3. Гаров таъминоти сифатида кредит қайтмаслик хатаридан суғурталаш бўйича амалга оширилган тўловлар (полис), агар кредит гаров мулки сифатида ушбу таъминот турини тақдим этаётган бўлсангиз;

4. Гаров мулкини (автотранспорт, ускуна, кўчмас мулк) суғурта қилишда суғурта ташкилотига тўланадиган тўловлар, агар кредит гаров мулки сифатида ушбу таъминот турини тақдим этаётган бўлсангиз;

5. Гаров таъминоти сифатида кафиллик (кафолат) олиш учун кафил (кафолат берувчи)га тўланадиган тўловлар, агар кафил Сиздан бундай тўловни амалга оширишни талаб этса;

6. Гаров мулкини баҳолаш учун баҳоловчи ташкилотга тўланадиган тўловлар, агар кредит таъминотига бундай гаров мулкини (кўчмас мулк, автотранспорт, ускуна, қимматбаҳо тош кабилар) тақдим этаётган бўлсангиз;

7. Кредит олиш учун ҳужжатларни тайёрлаш, уларни банкка топшириш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар (воситачилар)га тўланадиган тўловлар. Бундай ҳаражатлар ҳақиқатда тўланган вақтда ҳисоби юритилади.

Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, кредитнинг тўлиқ қиймати кредит ҳужжатларини тайёрлашдан бошлаб, то уни охирги тўловларини амалга оширгунга қадар кредит бўйича барча тўловларни ҳисобга олган ҳолда ҳисобланиши керак.

Кредит тарихи

Кредит тарихи умр давомида бир марта бўлса ҳам банклар, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар, лизинг компаниялари ва маиший техника, мебель ва шу каби дўконларнинг кредит хизматларидан фойдаланган ҳар қандай инсонда мавжуд.

Кредит тарихи – бу Сизнинг қаердан, қайси кредит ташкилотидан, қанча миқдорда қарз олганингиз ва кейинчалик уни қандай тўлаганингиз тўғрисида батафсил маълумот, яъни бу Сизнинг қарз олувчи сифатида молиявий интизомингиз аксидир.

Ўзбекистон Республикасининг “Кредит маълумотлари алмашинуви тўғрисида”ги Қонунига асосан кредит тарихи қарздорнинг сўнгги беш йил ичидаги мажбуриятлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олиб, қуйидагиларни акс эттиради:

  • қарздор тўғрисида;
  • жорий ва ёпилган кредитлар, товар кредитлари қиймати, расмийлаштирилган санаси, муддати ва қолдиғи тўғрисида;
  • муддати ўтган қарздорликлар тўғрисида;
  • жорий ва ёпилган кредитга қўйилган гаров мулки ва мулк эгаси тўғрисида;
  • суд жараёнидаги кредитлар тўғрисида;
  • кредит тарихи шаклланган сана ва уни тайёрлаган ташкилот тўғрисида.

Шу билан бир қаторда, кредит тарихи тўғридан-тўғри қарздор тўғрисидаги маълумотлардан ташқари лизинг олувчи, кафил, кафолатчи, гаровга қўювчи ҳамда кредит битими бўйича суғурталовчи сифатида қатнашувчи жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги маълумотларни ҳам ўзида жамлайди. Кредит маълумотларни йиғиш билан Кредит бюроси шуғулланиб, улар Марказий банк томонидан берилган лицензияга асосан фаолият юритади.

Кредит бюроси нафақат жисмоний ва юридик шахс бўлган қарздорларнинг маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида балки, ушбу маълумотлар билан алмашиш учун банклар, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар, лизинг компаниялари ва айрим дўкон (ритейлер)лар билан ҳамкорлик олиб боради. Кредит бюроси, қарздорларнинг молиявий ҳолатини, шунингдек, қарзни қайтара олиш қобилиятини баҳолайди, шунингдек, қарздорларни баҳолаш рейтинги тизимини (скоринг) шакллантиради.

Шундай қилиб, қандай яхши кредит тарихини шакллантириш мумкин?

  • Мобил телефон ва бошқа қурилмаларга кредитни қайтариш жадвалига мувофиқ белгиланган тўлов саналарини эслатмага жойлаштиринг;
  • Кредит бўйича амалга оширилган навбатдаги тўловдан сўнг, ҳар сафар банк ходимидан, мобил иловаси ёки веб-сайтдаги шахсий кабинетингиз орқали текшириб боринг.

Сиз Кредит бюросидан ҳеч қандай сабабларни кўрсатмасдан, йилига фақат бир марта текинга ва исталганча пуллик асосда ўз кредит тарихингиз тўғрисидаги маълумотни олиш ҳуқуқига эгасиз.

Гаров
Гаров – мижозга кредит ажратишда таъминотнинг бир туридир. У мулк, закалат, ҳуқуқлар ва товар кўринишида бўлиши мумкин.

Кредит таъминотига тақдим этилган мулк, закалат, ҳуқуқлар ва товар кредит асосий қарзи ва фоизларининг тўлиқ қайтарилишига гаров ҳисобланади. Шу муносабат билан, гаров баҳоси кредит суммасидан ўртача 20-30 фоизга кўпроқ бўлиши керак. Кредит тўловлари муддатида қайтарилмаган тақдирда, кредит тўловларини ундириш гаровга қўйилган таъминотга қаратилади.

Кредит таъминоти учун бир нечта гаров турларидан фойдаланиш мумкин. Улар:

Мулк:
кўчар мулк (автомобил, ускуна, техника) ва кўчмас мулк (турар ва нотурар жой).

Закалат:
қимматбаҳо металлар (заргарлик буюмлари, олтин ва кумуш тангалар).

Ҳуқуқлар:
қимматли қоғозлар (депозит сертификатлари, акциялар);
ерга ёки мулкка эгалик ва фойдаланиш ҳуқуқлари.

Гаровга қўйиладиган мол-мулк албатта баҳоланиши, суғурта қилиниши ва гаров шартномаси билан тасдиқланиши керак. Бундай шартлар мажбурий бўлиб кредитнинг тўлиқ қийматига таъсир қилади.

Кредит муддати давомида гаров эгаси мулкка (закалат тарздаги гаровдан ташқари) эгалик қилиш ва улардан фойдаланиши мумкин. Фақатгина, кредит ташкилоти гаров мулкидан бошқа шахсларнинг фойдаланишига чеклов қўйиши мумкин. Бу шартлар гаров шартномасида аниқ кўрсатилиши керак.

Қарздорнинг кредитдан фойдаланиш даврида, кредит ташкилоти розилиги билан гаровни алмаштириш имконияти мавжуд. Бунда кредит ташкилоти томонидан қарздорнинг кредит тарихи, таклиф этилаётган мулкнинг ҳолати ва кредит қолдиғига мутаносиблигини инобатга олади.

Гаров мулки баҳоси кредит суммасидан анча баланд бўлса, уни навбатдаги кредитга ҳам гаровга қўйиш ҳуқуқи қонун билан белгиланган (Ўзбекистон Республикаси “Гаров тўғрисида”ги Қонуни, 15-модда). Бунда, гаров мулки даставвал биринчи кредит бўйича юзага келган мажбуриятларни қоплаши назарда тутилади.

Эътибор қаратинг
Кредит таъминоти сифатида турар жойингизни гаровга қўйишдан олдин уни йўқотиб қўйиш хатарини тўғри баҳоланг ва оила аъзоларингиз учун келтириб чиқаришингиз мумкин бўлган ноқулайликлар ҳақида ўйланг.

Aсосий гаров мулкингиз кредит маблағини 125%ини қопламаяптими, унда, Сиз кредит суммасини камайтиринг ёки қўшимча таъминот турлари – бошқа юридик шахс кафиллиги, суғурта полиси кабилардан фойдаланинг.

Дўстингиз ёки танишингиз кредити гарови бўйича ўз мулкингизни тақдим этишдан аввал, шуни билишингиз керакки, агар кредитни қоплаш имконияти бўлмаса, кредитни ундириш Сизнинг ҳисобингиздан амалга оширилиши эҳтимоли юқори.

Манбаа: Бизнес ривож

Rasmiy sahifalarimiz:

Telegram: https://t.me/dustlik_ykfoundation

Facebook: https://fb.com/dustlik_ykfoundation

Feedback: https://t.me/dustlikykfoundation_bot

Biznesga qadam: https://t.me/biznesga_qadambot