Қўйларни парваришлаш
Катта ёшдаги қўйларни боқишнинг икки тизими мавжуд: оғилхонада ва яйловда. Мамлакатимизда қўйлар кўпинча яйлов тизимида боқилади. Эрта баҳордан кеч кузгача қўйлар яйловларда парваришланади ва фақат совуқ об-ҳавонинг бошланиши билан улар оғилхоналарга кўчирилади. Бироқ, қўйларни бўрдоқига боқиш бўйича ихтисослашган хўжаликларда ҳайвонлар фақат ёпиқ тарзда сақланади. Кўпинча, бу усул яйловларда ўсимлик қопламаси йўқ ва экин майдонларида озуқани етиштириш имконияти бўлган жойларда қўлланилади.
Деярли, барча қўй зотлари паст ҳароратга чидамли. Бироқ, улар қиш мавсумида кучли шамоллардан ҳимоя қилиниши керак. Қўйларни сақлаш тизими уларни етиштиришда жуда муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг саломатлиги, ўсиши ва иммунитети яшаш шароитларига боғлиқ. Қўйларни сақлаш хоналари якка ёки гуруҳ бўлмаларга бўлинади. Бўлмада ҳар бир бошга қўчқорлар учун 3 м.кв, урғочи қўзилар— 1,5 м.кв., ёшлари учун - 2 м.кв. бўлиши керак. Ҳар бир она қўй ва қўзи учун бўлмада камида 2,5 м.кв ва қўшимча равишда ҳар бир қўзичоқ учун 0,7 м.кв. бўлиши керак. Қўйхонада шамоллатиш ва ёш қўзиларни иситиш тизимлари бўлиши керак.
Қўйлар пода бўлиб яшайдиган ҳайвонлар бўлганлиги учун қўйхонага кириш жойи кенг бўлиши керак. Айниқса, бу бўғоз қўйлар бола ташлашининг олдини олиш учун жуда муҳим.
Қўйхона шамоллатиш ва тозалаш учун мослашган бўлиши керак. Қўйхонада тоза ҳаво йўқлиги (бу иммунетитни пасайтиради), жун сифатини тушишига ва бошқа салбий оқибатларга олиб келади. Қўйларни озиқлантириш учун узун охурлардан фойдаланилади, ҳар бир қўй учун камида 35 см охур бўлиши керак. Шу билан бирга, қўйлар доимий сув билан таъминланиши мақсадга мувофиқ.
Она қўйлар қўзилар билан сақланганда, ҳаво ҳарорати 15 градусдан кам бўлмаслиги керак. Янги туғилган қўзиларни иммунитети жуда заиф бўлгани учун гигиена қоидаларига риоя қилиш керак. Тўшамаси қуруқ ва тоза бўлиши керак. Йирик қўйчилик фермалари подаларни она қўй, ёш қўйлар ва қўчқорлардан иборат алоҳида отарларга бўладилар. Агарда пода миқдори катта бўлмаса, пода битта бинода жойлаштирилади ва ёши, жинси бўйича гуруҳларга чўпкори ёки темир тўсиқлар билан бўлинади.
Ҳозирги пайтда чорвадорларимиз жуда кўп қўл меҳнатидан, одатий технологиялардан фойдаланадилар ва бу ишлаб чиқариш харажатларини оширади, яйловлардан оқилона фойдаланишга имкон бермайди, оқибатда эса рентабелликни пасайтиради. Масалан, қўйларни боқишдаги янги технологиялар яйловдан самарали фойдаланиш имкониятини беради. Кўчма ингичка симдан тайёрланган узун тўсиқлар боқиш учун ҳудудларни белгилаб, бошқа ҳудудлардаги ўтларни тикланишига имкон беради. Шу билан бирга, кўчма охурлар қўзиларни 20 кунлигидан бошлаб яйловларнинг ўзида қўшимча озиқлантириш имконини беради.
Она қўй ва қўзиларни жазирама иссиқда қуёш нурларидан, совуқ ҳавода кучли шамол ва ёмғирдан ҳимоялаш учун кўчма ёки доимий бостирмалардан фойдаланадилар.
Феруза Худоёрова
ЕХХТ Ветеринария ва чорвачилик бўйича консультанти
Манба: Агромарт
Rasmiy sahifalarimiz:
Telegram || Facebook || Online murojaat || Feedback ||