Matbuot
July 16, 2020

Қора тамға

Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан муҳокамага қўйилган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси устида жиддий иш олиб борилибди.

Лойиҳанинг ижобий томонлари хусусида тўхталмайман. Буни мустақил ўқиб-ўрганиш мумкин. Айрим бахсталаб сатрлар ҳақида гаплашайлик.

Йигирма уч йиллик тегирмон

"Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасидан. Манба: https://regulation.gov.uz/uz/document/19914

Қонун лойиҳасининг 3-боб 15-моддаси 5-хатбошига кўра, Ўзбекистонда "қасддан қилган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахснинг оммавий ахборот воситаси муассиси бўлиши таъқиқланган.

  • Муомалага лаёқатсизлар,
  • вояга етмаганлар,
  • фаолияти қонун билан таъқиланган ташкилотлар масаласи аён, аммо судланганларнинг муассис бўлишини чекловчи сатрларнинг 23 йилдан буён қадрини йўқотмай ҳамон яшаб келаётгани ажабланарли.

Ўзбекистоннинг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги биринчи Қонуни 1997 йил декабрида қабул қилинганди. Унда ҳам шу сатрлар бор эди.

2007, 2018 йилларда қонунга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Сатрлар сақланиб қолаверди.

Мана, қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси муҳокамага қўйилди, судланганлар билан боғлиқ масала эса унга ҳам шундоғича сизиб ўтибди.

90-йилларда бу сатрларнинг нима учун қонунга киритилгани ҳақида тахминлар қилиш мумкин. Лекин “столбалар ҳам қамалган” замонлар ортда қолди-ку?!

Тамомила янгитдан қурилаётган Ўзбекистон, айниқса, унинг матбуотига 15-модданинг 5-хатбошиси керакмикан?

23 йилдан бери айланаётган бу тегирмон тошининг сувга ҳам, сувчига ҳам эҳтиёжи қолмади-ку?

Ўзбек матбуотининг асосий қонунига ҳар ўн-ўн бир йилда жиддий ўзгаришлар киритиб турилади (1997, 2007, 2018 йиллар). Мантиқсиз хатбошини олиб ташлаш учун эса кейинги ўн йиллик якунини кутишимиз шарт эмасдир?!

Ваҳоланки, судланганлик ҳолати фақат судьяга керак

Судда ютиб чиқсангиз ҳам адолат қарор топган бўлади, ютқазиб, қамалсангиз ҳам... Ким айтганини эслолмадим. Мавзуга бевосита дахли йўқ. Суратни кўриб, эсимга тушиб қолди. :)

Инсоннинг қамалган-қамалмаганлиги суд учунгина муҳим. Чунки судланганлик ҳолатининг жиноят-ҳуқуқий оқибатлари судланганлиги тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахс томонидан янги жиноят содир этилган ҳолдагина келиб чиқади.

Янаям соддароқ тушунтирай.

Сиз қамалиб, жазони ўтаб чиқдингиз. Яшаяпсиз. Ўқияпсиз. Ишлаяпсиз. Судланганмисиз, “ўтириб” чиққанмисиз – бу ҳолатлар янги бир жиноят содир этмагунингизгача ҳеч қандай аҳамият касб этмайди.

Вақт ўтиб, яна бир жиноят қилдингиз. Терговдан сўнг ишингиз судга оширилди. Айбингиз исботланди. Ҳукм ўқилиши керак. Айнан шу ўринда сизнинг ўтмишингиз қалқиб чиқади. Судья ҳукм чиқаришда

  • аввал ҳам жиноят қилган, қилмаганингиз,
  • жиноятларингиз даврийлиги,
  • сизга нисбатан қандай жазо қўлланилгани,
  • содир этган жиноятингизнинг оғир-енгиллиги,
  • судланганлик ҳолатингиз олиб ташланганми ёки тугатилганми – шуларга жиддий аҳамият қаратади.

Жазо тайинлашда юқоридаги омиллар, жумладан, судланганлик ҳолати олиб ташлангани ёки тугатилгани муҳим роль ўйнайди.

Судья яна ўнлаб омилларни инобатга олади, жараённи ўта содда қилиб таърифлашга уриндим холос. Мақсадим, судланганлик ҳолатининг фақат суд учунгина аҳамиятли эканини англатишдир.

Жазони ўтаб чиққан шахс

  • янги жиноят содир этмаса,
  • тергов ва судга иши тушмаса,
  • элу юртга аралашиб, пок аҳлоқ билан яшаётган бўлса, пешонасига битилган судланганлик ҳолатининг жамиятдаги қонуний фаолиятига қанчалар дахлдорлиги бор?!

Қамалиб чиққан журналист нима қилсин?

Айтайлик, журналист (касбийми, инсонийми) хатога йўл қўйди.

Судланди. Қамалди. Жазони ўтаб чиқди. Озодликка чиққач, таҳририятга қайтишни хоҳламади. Бунинг минг бир сабаби бўлиши мумкин.

Масалан,

  • ўтмишдошларини кўргиси йўқ;
  • кимгадир қарам бўлиб ишлашни истамади;
  • таҳририят таклиф қилаётган маош қониқтирмади;
  • шахсий қадриятлари ўзгарди;
  • таҳририят унинг судланганлигини инобатга олиб ишга қабул қилишни истамади (бу очиқ-ойдин айтилмайди, чунки қамалиб чиққан одамни ишга олмасликнинг ўзи қонунбузарлик);
  • ўзини тадбиркорликда синаб кўрмоқчи (кўпчилик ўйлаганидек, тадбиркорлик фақат дўкон очиш деганимас).

Тажрибаси ва молиявий имкониятларини чамалаб, медиабизнесга киришга қарор қилди. Ҳам ижод, ҳам даромад...

Лекин судланганлик ҳолати тугамагунгача ёки олиб ташлангунга қадар оммавий ахборот воситаси муассиси бўлолмайди. Сабаб?

Қамалгани учунми? Жиноят кодексининг қайси моддаси билан айбдор деб топилган бўлмасин, қилмишига яраша жазосини ҳам ўтаб чиқди-ку?! Аксинча, жамият унинг ўз бағрига тезроқ қайтиб, ҳаётда йўлини топиб олишига кўмаклашиши керак эмасми?

Судланиб ва қамалиб чиққанларнинг таълим олиши, жумладан, журналистика соҳасида ўқиши қонун билан таъқиқланмаган. Жараёнлар шу тарзда кетадиган бўлса, қамоқхонада яшаб ҳам олий таълим олиш имкони яратилади.

Давлатки, озодликдан маҳрум қилинган фуқаросининг тўрт девор орасидан билимли ва жамиятда ўрнини топишга ҳозир бўлиб чиқишини истаётган бир пайтда қонун ҳужжатларида судланганлик ҳолатларига урғу бериш ўринсиздир.

Судланганлик ҳолати бор тадбиркор қаерга борсин?

Иккинчи мисол. Журналистикадан йироқ, лекин яхши ташкилотчи тадбиркор матбуот соҳасига сармоя киритишга қарор қилди. Маблағи етарли, кучли қаламкашларни талабчан бош муҳаррир атрофида бирлаштириб, рақобатбардош оммавий ахборот воситаси очишга ақли ҳам, қурби ҳам етади.

Аммо судланган. Ўткан кунларида доғи бор.

Нима қилади? Ҳар икки мисол қаҳрамони ҳам бошқа йўлдан боради.

Мақсадларидан воз кечиб, бошқа соҳага ўтиб кетади. Мамлакат бир истеъдодли фуқаросидан айрилади. Аламзадага айланади.

Ёки бировнинг номига фирма очади, оммавий ахборот воситасини ҳам бошқа шахс номига расмийлаштиради. Ўзи эса норасмий раҳбарга айланади.

Қонунни бузишга мажбур бўлади. Бунга эса уни жамият ҳамон кечиролмаётган ва пешонасига тақиллатаётган ўтмиши ундайди.

Жиноят қилмаса - қамалмасди, хато қилмаса-судланмасди, дерсиз..

Бахслашмайман. Мулоҳаза учун айрим расмий рақамларни келтираман холос.

Эътибор беринг.

Инсонни даҳшатга соладиган рақамлар. Манба: УзА.

1991-2016 йиллар оралиғида, яъни 25 йил ичида суд томонидан фақатгина БИР инсон оқланган.

2016 йилда эса 25 киши суд залидан озод қилинган.

2017 йилдан 2019 йилнинг тўққиз ойи давомида, яъни 90 куни кам уч йилда 1 минг 705 (!!!) нафар инсоннинг бегуноҳлиги судлар томонидан исботланган.

25 йилда БИР киши, 90 кун кам уч йилда эса 1.705 инсон оқланган.

Чорак аср давомида сохта айбловлар билан умрини қамоқда ўтказган минглаб бегуноҳларнинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг.

Таназзулнинг кўламини тасаввур қиляпсизми? 25 йил ичида судлар фақат жиноятчиларни қамагану, сўнгги уч йил мобайнида туҳмат билан кимнидир қаматмоқчилар сони кўпайганми? Ёки судьяларнинг малакаси ошиб кетдими?

Оммавий ахборот воситасига муассис бўлмоқчи, лекин судланганлиги бор инсонлар орасида туҳмат билан қамалганлар йўқ, дейсизми?

Ўзбек журналистикаси ўз ютуқлари билан жаҳон матбуоти равнақига қанчалар ҳисса қўшади, билмадиму, лекин биз қамоқхонада энг узоқ вақт сақланган журналистга эга мамлакат сифатида тарихга кириб бўлганмиз. Рекорд – 18 йил!

Кимё қуролларини синашга ихтисослашган совет полигони ўрнида қурилган, "Жаслиқ" номи билан машҳур ва машъум қамоқхонанинг коинотдан олинган сурати.

Мамлакат Президенти қамоқхоналарда азобланиб ётган ўн минглаб бегуноҳларни оиласи бағрига қайтаргани, “Жаслиқ”ни ёпиб ташлагани билан ҳам ўз исмини миллат тарихига зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйди. Жони омон бўлсин!

Давлат раҳбарики, адолат ва тенглик дея бонг ураётган бир пайтда матбуот ҳақидаги асосий қонунда бундай сатрларнинг бўлиши ноўрин.

Матбуот, аввало, тадбиркорликдир

Лойиҳа сўнггида берилган тушунтириш хатида қуйидаги сатрлар бор:

“Қонун лойиҳасида тадбиркорлик субъектларининг манфаатлари қўллаб-қувватланади, уларга салбий тарзда дахл қилувчи ҳолатлар, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловлар мавжуд эмас”.

Ваҳоланки, 15-модда 5-хатбошининг шу шаклда қолиши фуқароларнинг тадбиркор сифатидаги ҳуқуқ ва эркинликларига зиддир.

Суд муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиши мумкин, лекин тадбиркорлик билан шуғулланмайсан, деёлмайди.

Судланганлик ҳолати ҳам инсоннинг матбуотга тадбиркор (муассис) сифатида кириб келишига тўсқинлик қилмаслиги керак.

Қонун лойиҳасидаги “қасддан содир этилган жиноят” тушунчаси беҳад кенг ва унинг бағрига Ўзбекистон жиноят кодексидаги моддаларнинг ярмидан кўпроғи сиғиб кетса ажабмас.

Даврани торроқ олган маъқул

Муаллифлар қонун лойиҳасини тайёрлашда хорижий мамалакатлар тажрибасига таянганларини таъкидлаганлар. Биз ҳам уларнинг айримларига мурожаат қилайлик.

Россиянинг "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонунидан. Манба: http://docs.cntd.ru/document/9003299

Масалан, Россияда жазо муддатини ўтаётган (яъни зонадаги) шахс, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ёки ахборот-коммуникация тизимлари, жумладан, интернет тармоғидан фойдаланиб содир этган жинояти учун судланганларнинг муассис бўлиши таъқиқланган.

Белорусь Республикасининг "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонунидан. Манба: https://pravo.by/document/?guid=3871&p0=H10800427

Белорусда эса “суд ҳукмига кўра жазо ўтаётган, суд томонида оммавий ахборот воситаларини чоп этиш ва ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахсларнинг муассис бўлиши мумкин эмас.

Судланганлик ҳолатининг мавжудлиги унинг ОАВга асос солишига тўсқинлик қилмайди.

Танлаш имконияти ҳамиша бор. Энг катта муаммо-танлай билишда

Ўзбек матбуоти тўғрисидаги асосий ҳужжатга ўтмиши доғлилар ҳақида хатбоши киритилиши шарт бўлса, "қасддан содир этган жинояти"дек умумий жумла ўрнига, қонун лойиҳасининг 25- моддаси талабларини муассисга нисбатан ҳам қўллаган маъқул.

Қонун лойиҳасининг 25-модда 11-хатбошиси. Манба: https://regulation.gov.uz/uz/document/19914

Қонун лойиҳасининг 25-моддаси "Таҳририят" деб номланган ва унинг 11-хатбошида

...оммавий ахборот воситалари ёки ахборот телекоммуникация тармоқлари, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда содир этган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс" бош муҳаррир бўлиши мумкин эмас, дейилган.

Бу жумлада нисбатан аниқлик бор, ҳарқалай.

Энг маъқули эса, қонундан 15-модданинг 5-, 25-модданинг 11-хатбошисини мутлақо олиб ташлаш керак.

Қилган жинояти учун жазосини олиб бўлган шахснинг мозийси унинг бугуни ва келажагини белгилаб бермаслиги лозим.

Ўтган асрнинг 90-йилларида қонунга киритилган, инсон шаъни ва қадру қимматини пастга урувчи бу каби моддалардан кечиш керак. Улар янгиланаётган Ўзбекистоннинг уйғонаётган матбуотига муносиб эмас.

Ёки қонун лойиҳаси муаллифлари “қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган”ларнинг ўзбек матбуоти тараққиётига қандай салбий таъсир кўрсатишлари мумкинлигини асослаб берадилар деган умидимиз бор.