December 9, 2024

Whiplash: Энг зўр мусиқий баҳс 🥁  

"Одержимость" (Whiplash) мен энг кўп томоша қилган ва мусиқа ҳақидаги энг ёқтирган фильмларимдан бири. Лекин, фильм нафақат мусиқа, балки у орқали инсонлар муносабатлари ва ички кечинмалари ҳақида ҳам айтиб ўтади.

Эндрю Ниман – кичкина, аммо катта орзулари бор барабанчи. Унинг мақсади битта: дунёга машҳур бўлиб, джаз тарихида ўз номини қолдириш. Аммо бу йўлда унга йўлбошчи бўлган ўқитувчи, Теренс Флетчер, унинг олдига мисли кўрилмаган даражада қийин талаблар қўяди.

Фильмда ўқитувчи ва шогирд ўртасидаги муносабатлар нафақат катта интеллектуал ва эмоционал ўйинга айланади, балки мусиқа орқали улар ўртасидаги жанговар ҳолат ҳар бир нотада акс этади. Мана шу қарама-қаршилик ва унинг кульминацион нуқтаси бўлган "Caravan" композицияси — фильмнинг қалби ва руҳиятидир.

Шунинг учун ҳам "Caravan" мусиқаси ва унинг финалдаги ижроси ҳақида яна бир бор қайтиб ўйлашга ва уни анализ қилишга эҳтиёж туйдим.

"Caravan"

(Кадр из фильма "Одержимость" 2014 г.)

Мусиқа плайлистимдаги тез-тез эшитиладиган мусиқалар орасидан жой олган. Қўшиқнинг Джастин Гурвиц томонидан фильм учун ёзилган версияси оригиналидан аранжировкаси билан фарқ қилади. "Caravan"нинг оригинали сокин ва кўпроқ жазз композицияларини эслатса, фильмдаги версияси унга нисбатан динамикроқ ва шиддатлироқ чиққан. Бундан ташқари, фильмдаги версияда бош қаҳрамоннинг инструменти бўлган барабанлар биринчи планга чиққан. Оригиналида барабанлар мусиқадаги қўллаб-қувватловчи вазифани бажарган бўлса, Гурвиц уларни ўз мусиқасида марказий фигурага айлантирган.

Caravan: Part One

(Кадр из фильма "Одержимость" 2014 г.)

Кутмаган пайтингиз кимдир эшигингизни тепиб киргани каби фильмга ҳам мусиқа барабан овозлари билан кириб келади. Катта агрессия билан шогирд ўз устозини жангга чақиргандек бошланишида фақат барабан овозлари эшитилади. Кейин эса бу овозларни қўллаб-қувватлаб туриш учун дастлаб контрабас, кейин эса пианино қўшилганини кўришимиз мумкин. Аммо дамли инструментлар (Турба, Тромбон, Саксофон ва ҳ.к) фақатгина Флетчер рухсат берганидан кейин чалина бошлайди. Шундай қилиб, мусиқада мулоқот қиладиганларни барабан, яъни Эндрю Ниман ва дамли инструментлар, Теренс Флетчерга ажратиш мумкин.

Дастлаб қўшиқ барабан овози агрессияларидан бошлаган бўлса, параллел бир баландлашиб, бир секинлашиб янграётган бунақа овозларни дамли инструментларда эшитишимиз мумкин. Иккала томон ҳам 2:57 гача бирдек юқори темпда янграйди, аммо ушбу таймлайндан кейин темп анча пасаяди. Барабан ва дамли инструментлар овози хотиржам ва майин янграй бошлайди. Экранда эса иккала персонаж ўз ҳовридан тушганини ва умумий компромиссга кела бошлаганини кўришимиз мумкин. 3:29 да нақарот қайта такрорланганда эса иккала томон ҳам умумий ритмга тушиб олади. 3:59 дан кейин эса улар худди дуэт куйлаётгандек, бир-бирига навбат берган холда чиройли кетма-кетликни амалга оширади. Демак, мусиқанинг биринчи қисмида биз мусиқа орқали дастлаб нафрат билан жанг олиб борган, кейин у орқали дўстлашиб кетган иккала томонни кўришимиз мумкин. Шу билан охирги штрииххх... лекин барабанлар овози тўхтамади...

Caravan: Part Two

(Кадр из фильма "Одержимость" 2014 г.)

Қўшиқнинг иккинчи ярми, иккинчи жанг, аммо, энди устози билан эмас, балки ўзи билан.

Кўпинча фильмларда бизга битта персонажни босиб ўтган йўли кўрсатилади. Бу йўл персонажнинг ўзида ёки унинг атрофида ўзгариш ҳосил қилиши мумкин. Фильмда бундай ўзгариш тўлиқлигича мусиқанинг иккинчи қисмида содир бўлади. Эндрю шу жойгача касбий қийинчиликларни енгиб ўтган бўлиши мумкин, аммо, ички муаммоларини эмас. У ўзини қийнаб келаётган дард, алам, қўрқув ва ишончсизлик билан саҳнада тўқнаш келади.

Мусиқа бошда одатий темпда бошланади. 5:42 га келиб паст овозда ва тез-тез чалинаётган барабан тарелкалари, ора-орада сакраб кетадиган Томлар (турли ўлчамдаги кичикроқ барабанлари) овозларини эшитамиз. Бу томошабинга хавотир ҳиссини беради. Худди нимадир эсингизга тушиб, охирги асаб толангиз узилиб кетай деб турган вазиятга ўхшаб. Шундай бўлади ҳам, 6:39 да Эндрю мусиқа орқали ичидаги бор аламини, дардини тўкиб сочади.

Ёпирилиб келган катта тўфондан кейин 7:23 да фақат кичик барабан овозлари қолади. Ушбу овоз худди 100м масофани яшин тезлигида югуриб ўтган одамнинг юрак уришига ўхшаб чалинади. Эндрю эса одам нафас ростлаб, юрак уришини хотиржамлантиргани каби ударлар тезлигини секинлаштира бошлайди.

Хотиржам, фикрни бир жойга жамлаб ва яна олдинга ҳаракатлана бошлаган одамга ўхшаб кичик барабан овозлари секинлик билан тезлаша бошлайди. Бу сафар олдингидан фарқли равишда ҳар бир ҳаракат тартиб ва ишонч билан босилаётган шахдам қадамларга ўхшайди.

(Кадр из фильма "Одержимость" 2014 г.)

Бош қаҳрамон ушбу йўлда тўлиқ трансформацияни амалга оширди дейиш мумкин. У олдингидан фарқли равишда ичидаги алам ва нафратни енгиб ўтади. У нафақат ўзини устози ва бошқалар олдида зўр барабанчи сифатида кўрсатишга эришади. Балки устози унга уқтирган ғоя, яъни қийинчилик йўлидаги ҳар бир хато аслида уни тўғри жавобга яқинлаштирганини тушунaди ва бу нарсага нафрат эмас, завқ билан қарай бошлайди. Фильмнинг асл моҳияти ҳам шунда деб ўйлайман.

Кўриб турганингиздек, биз учун бир қарашда оддийдек туйилган 9 дақиқалик саҳнада қанча меҳнат ётибди. Ижодкорлар шу даражада зўр тасвирлашганки, томошабин уларнинг ортиқча сўз ёки шаʼмасисиз ҳам ғояни осон тушуниб олиши мумкин. Кинонинг ҳам бошқа санъат турларидан фарқ қиладиган мўъжизаси ва устунлик жиҳати шунда деб ўйлайман.

Муаллиф: Файзулла Йўлдашев

Эътиборингиз учун раҳмат!

Телеграм канал Катта Оға 🎬