May 25

“Севги, Ўлим ва Роботлар”, 4-мавсум ҳақида

Фантастикани пластилин услубидаги абсурд, сатирани барокко мусиқаси, мушукни эса — иблис билан уйғунлаштирса қандай бўлади? Бу саволга жавоб — “Севги. Ўлим ва Роботлар” сериали тўртинчи мавсумида. Нетфлихънинг ушбу антологияси яна бизга жанрлар, услублар ва ақл бовар қилмас сюжетлар гирдобини таклиф қилади. Ушбу мақолада эса ҳар бир эпизод юзасидан шахсий, субъектив таҳлилни ўқишингиз мумкин.

Диққат, спойлерлар бўлиши мумкин!

1. «Can't Stop»

"Love, Death & Robots"нинг биринчи эпизоди визуал жиҳатдан кучли, лекин мазмунан баҳсли бошланиш бўлди. Режиссёр Дейвид Финчер, илгари клипмейкер сифатида танилган, бу сафар Red Hot Chili Peppers гуруҳининг Can’t Stop қўшиғига анимацион видеоклип яратгандек кўринади. Эпизод клип услубида — динамик, ритмик ва визуал жиҳатдан кучли.

Қизиқ томони шундаки, қўшиқнинг мазмуни ва кўрсатилган визуал образлар бир-бирига зид. Can’t Stop — бу эркинлик, ижодкорлик, тизимга қарши чиқиш ва тўхтамаслик ҳақида куйланган қўшиқ. Лекин эпизодда персонажлар марионетка сифатида тасвирланади — ҳаттоки қўшиқни айтаётганлар ҳам бошқарувдан ҳоли эмас. Бу зиддият эҳтимолки режиссёрнинг онгли режаси бўлиши мумкин эди, бироқ кенг аудиторияга у етиб бормаган кўринади. Айнан шу тушунмовчилик — эпизоднинг IMDbъдаги паст баҳоси (4.1/10) сабаби бўлиши мумкин.

Асл муаммо визуал ишловда эмас, балки бу эпизодни мавсум бошида жойлаштиришда. Антология кучли сюжетли қисқа ҳикоя билан бошланиши кутилган эди, бироқ томошабинга сюжетсиз видеоролик тақдим этилди. Эҳтимол, агар ушбу эпизод мавсум ўртасида жойлаштирилганида қабул қилинарди. Натижада — визуал жиҳатдан таъсирли, ғоявий жиҳатдан мураккаб, лекин мавсумни очиш учун драматургик жиҳатдан сустроқ эпизод бўлиб қолган. Ижодкорлар балки рок гуруҳни ёқтирадиган мухлислар кўп деб ўйлаб ва ставкани шунга қўйишган. Аслида ҳам кўпдир, лекин сонлар аксини кўрсатмоқда.

2. «Встреча с малышами» (Close Encounters of the Mini Kind)

Тўртинчи мавсумнинг иккинчи эпизодида Ерга ўзга сайёраликларни бостириб кириши тасвирланган. Бу эпизод стилистик ва структураси жиҳатидан “Night of the Mini Dead” номли олдинги эпизодга жуда ўхшаб кетади. Иккаласи ҳам машҳур жанрларни пародия шаклида талқин қилади, сюжет тез ривожланади ва ҳар иккиси ҳам охири замон билан тугайди. Агар биринчисида зомби фильмларининг клишелари масхара қилинган бўлса, бу сафар муаллифлар фантастик фильмларни, жумладан “Мустақиллик куни” ёки Стивен Спилбергнинг машҳур картиналарни пародия қилган.

Эпизод ёрқин, баъзи жойларда кулгили ва визуал жиҳатдан чиройли чиққан. Бироқ илгари “мини-ўликлар” эпизодини кўрган томошабинлар учун бу ҳикоя унчалик янгиликка бой ёки таассуротли бўлиб туюлмаслиги мумкин. Чунки зомби образи поп маданиятда аллақачон таниш ва абсурдлиги билан кўп ҳолларда кулги уйғотади. Бу эса унга асосланган пародияни янада яхшироқ қилади. Ўзга сайёраликлар ҳақидаги эпизодда эса жанрнинг таниш клише элементлари ишлатилган бўлса-да, улар етарли даражада кучли таъсир қолдира олмайди.

Шахсан менга эпизод ёқди — у қизиқарли ва ўзига хос. Лекин эмоционал жиҳатдан аввалги эпизод даражасига чиқа олмади. Кўринадики, бу фикр нафақат менда — IMDb'даги 6.8 рейтинг ҳам томошабинлар уни ўртача баҳолаганини кўрсатади. Умуман олганда — сифатли, лекин ажралиб турадиган эпизод эмас.

3. «Паучья роза» (Spider Rose)

Учинчи эпизод ўзига зулм қилганлардан қасос олиш истагида яшаётган аёл ҳақида ҳикоя қилади. Эпизоддаги контекст ва ички маънолар турлича талқин қилиниши мумкин, аммо асосий урғу — атмосфера ва воқеаларнинг динамикасида.

Визуал жиҳатдан эпизод сериалнинг олдинги космик ҳикояларини эслатади — ёпиқ маконлар, технологик эстетика ва қоронғи ранг палитраси билан. Воқеаларнинг бурилиш нуқтаси — бош қаҳрамон ғайриоддий жонзотни бегона мавжудотлардан келишув асосида олган саҳна бўлади. Гарчи якуний бурилиш олдиндан сезилса-да, барибир воқеани диққатимни ушлаб туришга эришди.

Экшн саҳналари яхши ва ҳар доимгидек тарзда берилган. Мавсумдаги бошқа эпизодлар билан солиштирганда, “Spider Rose” қизиқарли ва томошабоп ишланган.

4. «Четырехсотые» (400 Boys)

Тўртинчи эпизод, аввало, ўзининг даҳшат визуал услуби билан ажралиб туради — бу ҳайратланарли эмас, чунки уни биринчи мавсумдаги “Zima Blue” эпизодини суратга олган режиссёр Роберт Валли ишлаган. Экранда постапокалиптик гуруҳлар орасидаги кўча муҳити жуда яхши акс этган: ҳар бир тоифа ўзининг ўзига хос эстетикаси ва характерига эга, бутун дунё нореал ва ранг-баранг кўринади.

Бироқ Валлининг аввалги ишлари билан таққослаганда, бу эпизод бироз заифроқ туюлади — асосан ҳикоянинг чекланганлиги сабабли. Биз вайрон бўлган дунёдаги гуруҳларнинг ҳаётидан фақат бир парчани кўрамиз. У “Тўрт юзликлар” деб аталувчи махлуқларга қарши катта жанг атрофида айланади.

Визуал жиҳатдан эпизод таассуротли чиққан, аммо ушбу оламни янада кенгроқ ёритишни хоҳлар эдим. Бу дунёда улкан салоҳият бор, ва у яхлитроқ ҳикоя форматида ривожланишга арзийди. Шунга қарамай, эпизод яхши таассурот қолдиради ва мавсумнинг энг ёрқин лаҳзаларидан бири бўлиб қолади.

5. «Другая большая штука» (The Other Large Thing)

Эпизод ўша машҳур роботлар қўзғолони қандай бошланганлигини очиб берган. Ушбу серияни аввалги мавсумларда ҳам машҳур бўлган “Учта робот” эпизоди режиссёри суратга олган — бу қисса биринчи ва учинчи мавсумларда бор эди. Мен учун бу — мавсумдаги энг ғояси абсурд ва кулгили чиққан қиссалардан бири. Бутун бошли инсониятга айнан мушликлар қарши чиққанини яна қандай тарифлаш мумкин билмайман. Балки уларнинг бош бармоғи бўлганда ҳақиқатдан ҳам шундай бўларди, ким билсин)

6. «Голгофа» (Golgotha)

Бу мавсумдаги барча қисқаметражлилар орасида менга энг кам ёққани айнан шу бўлди. Балки бунга менинг христиан динига қизиқмаслигим сабабдир — натижада фильмдаги ва контекстдаги барча ишораларни тўлиқ тушунмадим. Бироқ шунга қарамасдан, муаллифлар фақат христианликка эмас, балки умуман динга нисбатан сатира ва пародия орқали ёндошгани аниқ сезилади.

Шахсий фикримча, қисқаметражли фильм жуда юзаки ва тўлиқ очилмаган. Воқеа мени ўзига қизиқтира олмади. Шунга қарамасдан, бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш керак: денгиз ва океанларни кимёвий чиқиндилар билан ифлосланиши мавзусининг кўтарилиши — жуда муҳим. Бу ижтимоий мурожаат фильмда муносиб берилган, аммо менимча, уни янада кучлироқ ва аниқроқ ифода этиш мумкин эди. Шунда бу муаммо кенгроқ аудиторияга таъсир қилган бўларди.

Афсуски, эпизод формати ва юмористик услуби ушбу жиддий муаммони етарлича таъсирли кўрсатишга имкон бермаган. Шу сабабли, кўпгина томошабинлар буни ҳам жиддий қабул қилиши қийин.

7. «Рев тираннозавра» (The Screaming of the Tyrannosaur)

«Космосдаги гладиатор жанглари» — қисқача шу тарзда тавсифлаш мумкин. Унда инсон табиатидаги ибтидоий, ёввойи томони кўрсатилган. Визуално менга Юпитер ёнида жойлашган «космик Колизей» ғояси ёқди. Беллашув гўяси ҳам яхши чиққан, Дени Вильнёв ўзига заметка қилиб олиб қўйса бўлади

Бироқ қаҳрамонлар ҳаёт учун курашаётганига қарамай ҳамдардлик ҳисини уйғота олмади. Бу эса кўриш жараёнини камроқ таъсирли қилади деб ўйлайман.

Шу билан бирга, юқори даражада тайёрланган жанг саҳналари ва машҳур блогер Мистер Бистнинг бошловчи сифатида пайдо бўлиши фильмга маълум даражада қизиш қўшганини қайд этиш керак. Умуман олганда, визуал жиҳатдан кучли ва динамик бўлса-да, фильм томошабинни чуқурроқ даражада ушлаб қололмайдиган, яхши ишланган «ўртача» қисқаметражли фильм таассуротини қолдиради.

8. «Как Зик обрел веру» (How Zeke Got Religion)

Тўртинчи мавсумнинг саккизинчи қисқаметражли филми томошабинни Иккинчи жаҳон уруши давридаги Францияга олиб боради. У ерда америкалик аскарлар гуруҳи нацистлар томонидан эгаллаб олинган черковни бомбардимон қилиш операциясида иштирок этади. Бироқ воқеалар кутилмаган йўналишга бурилади: черков ичида улар нацистлардан ҳам хавфлироқ махлуқ — ҳақиқий иблисга дуч келишади.

Бу қисқаметражли фильм мавсумдаги энг ёрқин ва томошабоп эпизоди. Энг аввало, унинг анимацияси ҳайратланарли: қуруқ, готик муҳит, ёруғлик ва соялар ўртасидаги тиниқ контраст — буларнинг барчаси кучли атмосфера яратади. Сюжет динамикаси ҳам қизиқарли: қонли жанглардан тортиб, тортишувли отишмаларгача бўлган саҳналар, яна ҳаммаси ердан 10 минглаб баландликда содир бўлади.

Фильм хоррор ва ҳарбий драма орасида мувозанатни яхши ушлаган. Қон, ўлим, синов биз сериални нима учун яхши кўрган бўлсак, бор.

9. «Умные приборы, глупые владельцы» (Smart Appliances, Stupid Owners)

«Ақлли техника, аҳмоқ эгалари» — эпизод номиданоқ унинг моҳияти ойдин: биринчи сонияларданоқ бизга стилизация қилинган интервью тақдим этилади, унда ақлли қурилмалар ўз эгалари ҳақида шикоят қилишади. Уларнинг шикоятлари тажрибасиз стендап-комикларнинг чиқишларига ўхшайди — баъзилари еган, баъзилари емаган ҳазиллар ва абсурд шикоятлар.

Пластилинга ўхшаш анимация эпизодга визуал ўзига хослик бўлса-да, лекин ҳазиллар ҳамиша иш бермайди. Иш берган тақдирда ҳам бу оддий ғоя ва суст эпизод. Қайсидир жойларда кулиш мумкин, лекин кўпроқ ҳолатларда фақат енгил табассумгина юзага келади, холос. Бу — экспериментал ва ўзига хос, бироқ нафақат мавсум, балки сериалнинг энг ёрқин дақиқаларига кирмайди.

10. «Ибо он умел красться» (For He Can Creep)

Мавсумнинг финал қисми визуал новелла руҳидаги ажойиб ҳикояга олиб киради — бу сафар саҳна марказида жасур мушук севимли эгаси, шоирни ҳимоя қилиш учун иблис билан жанг қилади. Ҳикоянинг завязкаси аввал кўзга абсурд туюлиши мумкин: мушукнинг иблисга қарши жангга кириши — лекин бу сюжет шундай зўр бадиий таъб ва ирония билан берилганки, у бу мавсумнинг энг завқли эпизодларидан бирига айланган.

Анимация график комикс саҳифаларини эслатади. Айниқса, Иблиснинг образи йодда қоларли чиққан.

Саундтрек сифатида эса Вивалдининг мусиқасидан фойдаланилган. Бу эса XVIII аср руҳини — костюмлар, интонациялар ва визуал услуб орқали — аниқ етказади.

Эпизодни мавсум учун кучли финал деб аташ қийин — аввалги мавсумларда охирига қараб градус ошарди. Бироқ шуни айтиш мумкинки, ушбу қисқа метражли фильм эстетикаси билан мавсумдаги бошқа эпизодлар орасида ажралиб туради.

Хулоса

Агар "Love, Death & Robots" сериалининг тўртинчи фаслини бутунлай кўриб чиқсак, эҳтимол, у аввалги фасллар орасида менимча энг заифи. Балки бунга сабаб дастлабки фасллар жуда юқори даражани белгилаб бергани — мазмуний жиҳатдан — ва янги фасл томошабинлар кутган даражага етолмаганидир. Гарчи айрим эпизодлар ёмон чиқмаган бўлса-да, уларнинг аксарияти “ўртача даражадаги” таассурот қолдиради. Эҳтимол, сериал мухлислари бу фаслдаги бирорта серияни ўзларининг шахсий “энг зўр 10 талик” рўйхатига киритмасалар керак. Шахсан мен учун бу фаслда ҳеч бир эпизод чинакам таъсир қиладиган ёки йодда қоладиган даражада ажралиб чиқмади. Ҳақиқатан ҳам кучли, янгилик олиб кирган ёки ҳиссиётларга бой серияларнинг йўқлиги бу фаслни муваффақиятсизга айлантиради. Тўғри тўлиқ муваффақиятсизлик деб бўлмайди — лекин сериал илгари қадрланган ўша кучли суръатини йўқотган. У ўзидан нимадир етишмагандек ҳис қолдиради.

Эътиборингиз учун раҳмат!
Телеграм канал Катта Оға 🎬