May 12

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти: 2022–2025 йиллардаги тараққиёт босқичлари ва ютуқлар сари дадил қадамлар

Санъат, дизайн ва маданият соҳаларида етук мутахассислар тайёрлаётган, мустақил Ўзбекистоннинг ижодий ва илмий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти бугун ўз фаолиятининг янги босқичига қадам қўймоқда. Ўзбекистон Республикаси президенти фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида ташкил этилган мазкур муассаса сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида юксак ривожланиш сари дадил одимламоқда.

Кадрлар салоҳияти: илм-фанга йўналтирилган барқарор ўсиш

2025 йил ҳолатига кўра институтда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар сони 273 нафарга етди. Бу эса 2021 йилга нисбатан 6 фоизга ўсишни англатади. Талабалар сони 2619 нафарни ташкил этиб, 11 фоизлик барқарор ўсишга эришилди. Айниқса, илмий салоҳият кўрсаткичи сезиларли даражада – 33,3 фоиздан 41 фоизгача ошганлиги институтда фундаментал ва амалий тадқиқотларга эътибор кучайганини тасдиқлайди. Илмий-тадқиқот ишларига жалб қилинган мутахассислар сонининг 286 фоизга ўсиб, 54 нафарга етгани эса бу борадаги муҳим ютуқлардан биридир.

Таълим сифати ва илмий нашрлар: сифатли контентга бўлган эҳтиёжнинг қондирилиши

Сўнгги уч йилда институтда 122 та ўқув адабиёт, 18 та дарслик, 71 та услубий қўлланма ва 21 та монография чоп этилган. Илмий унвонлар эгалари сонининг ортиб бораётгани – 1 нафар DSc, 28 нафар PhD, 14 нафар профессор ва 30 нафар доцент тайёрлангани – бу соҳага интеллектуал куч оқимининг ошиб бораётганидан дарак беради. 146 та янги ўқув режасининг ишлаб чиқилиши эса таълим тизимидаги замонавий ёндашувларни амалиётга жорий этишнинг ёрқин ифодасидир.

Халқаро алоқалар: очиқ таълим майдонида фаол иштирок

Институт 24 та хорижий олий таълим муассасаси билан меморандум имзолаб, халқаро ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда. 33 нафар хорижлик профессор-ўқитувчининг дарс машғулотларига жалб этилиши, 13 нафар талабамизнинг Испания ва Руминия олийгоҳларида таҳсил олиши ва 28 нафар устознинг хорижда малака ошириши – бу институтнинг глобал таълим маконидаги иштирокидан далолат беради. Беларус ва Қозоғистондан келган 68 нафар хорижий талаба институтда малака оширгани эса ушбу масканнинг нуфузи ортиб бораётганини кўрсатади.

Иқтидорли ёшлар – ютуқлар билан юксалаётган авлод

Институт талабалари миллий ва халқаро миқёсда юқори натижаларга эришмоқда: 3 нафари “Зулфия”, 3 нафари “Мард ўғлон”, 5 нафари Президент стипендияси соҳиби бўлган. Халқаро фестивалларда 56 нафар талаба 65 та медал билан тақдирланди. “Рождественская Петербург” фестивалида институт магистрантининг 1-ўринни эгаллаши институтда берилаётган таълим сифатининг юксак даражада эканлигини кўрсатади.

Инфратузилма ва экологик барқарорлик – замонавий таълим учун мустаҳкам замин

Институтнинг 3 та ўқув биноси мавжуд бўлиб, уларнинг умумий сиғими 1200 ўринга етказилган. Бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 78 фоизга ошган. Талабалар турар жойлари сони ва сиғими ҳам ортмоқда: янги ТТЖ қурилиши Миробод туманида бошланган бўлиб, у 624 ўринга мўлжалланган.

Қуёш панеллари ўрнатилиши орқали институт йилига 261 130 кWт электр ишлаб чиқариб, 108 миллион сўм даромад олди. Бу эса экологик барқарорлик ва иқтисодий самарадорликни бирлаштириш йўлида катта қадамдир. 2022–2024-йиллар давомида 744 та дарахт ва кўчат экилгани эса "Яшил макон" ташаббусининг институт миқёсидаги амалий самарасидир.

Ижодий ютуқлар ва маданий лойиҳалар

Институт профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг 100 дан ортиқ кўкрак нишонлари, 50 га яқин логотип лойиҳаларини юқори турувчи ташкилот ва муассасалар учун ишлаб чиқиши, 311 та халқаро ва 212 та маҳаллий журнал мақолаларида иштирок этиши, 258 та кўргазмада қатнашиши бу даргоҳда нафақат таълим, балки ижодий ривожланиш ҳам муҳим ўринда эканини кўрсатади.

Erasmus+ доирасидаги “MUSAE” вa “META Centre” халқаро лойиҳалари асосида Италиянинг етакчи олийгоҳлари билан ҳамкорликда тренинглар ўтказилган бўлса, “Қўлёзма асарлар лабораторияси”нинг очилиши маданий меросни илмий асосда ўрганиш имконини кенгайтирмоқда.

Талабалар ҳаёти – фаоллик, ҳимоя ва ташаббуслар

2022–2025 йиллар давомида 116 нафар талаба моддий ёрдам олди, 87 нафар эҳтиёжманд ва имконияти чекланган ёшлар ТТЖ билан таъминланди. Талабалар “Қурилиш отряди”да фаол қатнашиб, рағбатлантирилди. 300 дан ортиқ давра суҳбатлари, 200 дан зиёд маънавий-маърифий тадбирлар, 65 та спорт мусобақалари ўтказилди.

“Анорли чойхона” ва “Опен бюджет” лойиҳалари доирасида академик, профессор-ўқитувчилар юбилейлари нишонланди, 3,58 млрд сўмлик жиҳозлар харид қилинди. Буларнинг барчаси талабаларни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

Реклама ҳуқуқи асосида