SHARE Architects илк Бор Ўзбекистонда ўтказиладиган мамлакат форумига дунёнинг нуфузли меъморларидан иборат делегацияни олиб келади
2025 йил 9 сентябр, ТОШКЕНТ – 15 мамлакатдан 30 дан ортиқ етакчи меъморлардан иборат делегация илк бор Ўзбекистонга ташриф буюриб, 2025 йил 22–23 сентябр кунлари бўлиб ўтадиган SHARE Uzbekistan Халқаро Меъморчилик ва Шаҳарсозлик Форумида иштирок этади.
Делегация таркибига дунёга машҳур халқаро студиялар меъморлари киради, жумладан Даниядаги “Bjarke Ingels Group”, Буюк Британиядаги “Zaha Hadid Architects”, Франциядаги “XTU Architects” ва Хитойдаги “MAD Architects” меъморчилик бюролари ҳамда бошқалар.
Форумни SHARE Architectsташкил этмоқда – Марказий ва Шарқий Европа ва Кавказ минтақасида деярли 30 йилдан бери меъморлар ва пудратчиларни бирлаштириб келаётган халқаро ташкилот. Тошкентдаги тадбир эса ташкилотнинг Марказий Осиёдаги илк фаолияти бўлади.
Ўзбекистон ҳозирда жадал шаҳарсозлик ўзгаришлари жараёнидан ўтмоқда. Ақлли ва барқарор ривожланишга қаратилган йирик лойиҳалар халқаро меъморлик студиялари, пудратчилар ва муҳандислик компанияларининг катта эътиборини тортмоқда. Тошкентда илк бор ўтказиладиган SHARE Форуми эса ўзбек меъморлари, пудратчилари ва ривожлантирувчиларига халқаро ҳамкорлар билан мулоқот қилиш, тажриба алмашиш ҳамда илғор ғояларни ўрганиш имкониятини яратади.
Форум, шунингдек, халқаро меъморларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган динамик ўзгаришларни бевосита кўриш ва мамлакат шаҳарларини ривожлантириш жараёнига ҳисса қўшиш имкониятини тақдим этади. SHARE Форуми Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги кўмагида ўтказилмоқда. Вазир ўринбосари Давронжон Адилов SHARE Форумини “ўзига хос майдонча” сифатида эътироф этиб, у “ўзбек меъморлик мактабининг профессионал ўсиши ва ривожланишига туртки беришини” таъкидлади.
“Биз ишонамизки, халқаро ва маҳаллий тажриба синергияси ўзига хос, замонавий ва шу билан бирга маданиятимизга уйғун тарзда сингдирилган меъморчилик ечимларини яратиш учун пойдевор бўлиб хизмат қилади”, – дея қўшимча қилди у.
“Perfect Design arh” меъморлик студияси асосчиси ва Ўзбекистон бўйича SHARE элчиси Дилноза Аҳмаднинг таъкидлашича, бўлиб ўтадиган форум “ўзбек меъморчилигини халқаро контекстда намойиш этиш учун стратегик имконият” бўлиб, шу билан бирга “минтақавий ва глобал ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади”.
Форум дастури икки кунлик маъруза ва динамик муҳокамалардан иборат бўлади. Биринчи кун шаҳарларни ўзгартириш жараёнида урбанизм ва жамоат биноларининг ўрнига бағишланади. Унда “Янги Тошкент” лойиҳасининг бош меъмори Саидазим Шарипов ҳамда барқарор ва визуал шаҳарсозлик бўйича ғоялари халқаро эътирофга сазовор бўлган “Bjarke Ingels Group” ҳамкорларидан бири – Кай-Уве Бергман иштирок этади.
Шу куни, шунингдек, инсон марказидаги шаҳарларни лойиҳалаш мавзусида муҳокама бўлиб ўтади. Унда “Pargram Studiо” вакили Балазс Cкапо, “AlmatyGenPlan” илмий-тадқиқот институтидан Аскҳат Судов ва “New London Architecture” асосчиларидан бири Питер Мюррей ўз фикрлари билан ўртоқлашадилар.
Иккинчи куни машҳур ўзбек студияси “АRC” меъмори Бобир Кличев, “Architype” вакили Диана Морари-Коротки ва “Enota Studiо” асосчиси Дин Лаҳ “жонли меъморчилик” концепцияси бўйича ўз тажрибалари билан бўлишадилар. Ушбу ёндашувда инсон саломатлиги ва фаровонлигини қўллаб-қувватловчи тикловчи ҳамда интерактив муҳитларни яратиш муҳим ўрин тутади.
Бошқа сессияларда мослашувчан меъморчилик ва фасад янгиликларига бағишланган тақдимотлар бўлиб ўтади. Унга “TAM Associati” меъморчилик бюросидан Симоне Сфрисо ва Ўзбекистондаги етакчи “АRC” студиясидан Бобир Кличев ўз ҳиссасини қўшадилар. Кун тартибида, шунингдек, йирик шаҳарсозлик ва меъморчилик лойиҳаларини амалга оширишга оид муҳокамалар ҳам бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон яшил қурилиш кенгашидан (UzGBC) Темур Ахмедов, “Landschaftsarchitekten” меъморчилик бюросидан Райнер Шмидт, “Kohn Pedersen Fox” меъморчилик бюросидан Жон Бушел ва “Zaha HadidArchitects” меъморчилик бюросидан Паоло Маттуззи ўз қарашлари билан ўртоқлашадилар.
“Бизни Ўзбекистонда – маданиятлар, тарихлар ва интилишлар чорраҳасида – SHARE Форумини бошлаш жуда илҳомлантирмоқда. Ишончим комилки, дунёга машҳур меъморий амалиётларнинг иштироки маҳаллий ўзига хосликни чуқур англаш билан уйғунлашганда, замонавийлик ва анъана барқарор келажак йўлида биргаликда хизмат қиладиган лойиҳаларни яратади”, – деди SHARE Architects асосчиси Флорин Миндирижиу.
Форум якунида Тошкентнинг меъморий ёдгорликлари бўйлаб кечки саёҳат ҳамда спикерлар билан учрашув тадбири ўтказилади. Бу эса жаҳон тажрибасини маҳаллий ташаббуслар билан уйғунлаштириб, Тошкент ва бутун минтақанинг келажакдаги ривожланиши учун ноёб имконият яратади.
Форум расмий ҳамкори “Manar Development” компанияси, шунингдек, миллий ҳамкорлар “Grohe” компанияси (сантехника ечимлари) ва “Walter Engineering in Aluminum” компанияси, “Тhorn” ва “Zumtobel” компаниялари (ёритиш тизимлари технологиялари), ва Дилноза Аҳмад Архитектураси билан биргаликда ташкилий ҳамкорлар - “ЎМУ” (Ўзбекистон меъморлар уюшмаси) ва “UzGBC” (Ўзбекистон яшил қурилиш кенгаши), шунингдек ва “Мемор” журнали кўмагида ўтказилмоқда. Рўйхатдан ўтиш архитектура ва муҳандислик соҳалари мутахассислари, шунингдек қурилиш материаллари ва архитектура технологиялари етказиб берувчилари ҳамда кўчмас мулк ишлаб чиқарувчилари учун очиқ.
Тошкентдаги тадбирдан сўнг дарҳол, 2025 йил 24–25 сентябр кунлари Олмаотада SHARE Қозоғистон Халқаро Меъморчилик ва Шаҳарсозлик Форуми бўлиб ўтади.
SHARE Uzbekistan Форуми ҳаволаси:
https://2025.share-architects.com/share-uzbekistan-forum/
SHARE Architects – бу халқаро меъморчилик платформаси бўлиб, у Марказий ва Шарқий Европа, шунингдек, Кавказ ва Марказий Осиёда меъморлар, муҳандислар ва пудратчилар ўртасида кўприк вазифасини бажариб келмоқда. Шу вақт ичида компания 106 дан ортиқ тадбирларни (конференциялар ва форумларни) ташкил этиб, деярли 20 000 нафар мутахассис ва 2 100 дан ортиқ спикерларни жалб қилди ҳамда минтақадаги энг фаол тадбир тармоқларидан бирига айланди.
SHARE шунингдек, йирик меъморчилик танловлари ва ҳакамлар ҳайъати фаолиятининг ташкилий ва кураторлик вазифасини ҳам бажаради. Улар қаторига Болгария Меъморчилик Мукофотлари, Малта Меъморчилик Мукофотлари, Косово Меъморчилик Биенналеси ва бошқа лойиҳалар киради.
SHARE Architecture Awards – бу халқаро майдонча бўлиб, у меъморчиликдаги юксак ютуқларни эътироф этади ва минтақанинг ривожланиб бораётган қурилиш муҳитидан чиқаётган дизайн инновацияларини жаҳон миқёсида намойиш қилади. Бу йилги танловда 20 мамлакатдан, жумладан Ўзбекистондан ҳам, 117 та якуний лойиҳа иштирок этади. Мукофотлаш маросими 3–5 декабр кунлари Австриянинг Дорнбирн шаҳрида бўлиб ўтади.
SHARE Architects Society (ёпиқ профессионал ҳамжамият) юзлаб меъморларни бирлаштиради – 2024 йилда унинг аъзолари сони 53 мамлакатдан 920 нафарга етди. Яқинда қўшилганлар орасида Притзкер мукофоти ва Ага Хон мукофоти совриндорлари – Ванг Шу, Лу Веню ва Эмре Аролат ҳам бор. 2019 йилда чоп этилган “Келажак меъморларининг профилини лойиҳалаш” номли нашр эса 2020 йилги Бухарест Архитектура Йиллигининг махсус эътирофига сазовор бўлди.