July 26

“2023-2026 йиллар учун амал қиладиган солиқ имтиёзининг ҳужжати ҳалиям чиқмаган” — ёш тадбиркорлар муаммолар ҳақида очиқ гапирди

“Ёшларни эшитамиз” деб номланган очиқ мулоқотда ёш тадбиркорлар солиқ имтиёзлари, қонунчиликдаги кечикишлар ва бюрократик тўсиқлар юзасидан саволларини беришди. Айниқса, 2023–2026 йилларга мўлжалланган имтиёзлар ҳали амалиётга жорий этилмагани эътирозларга сабаб бўлди. Мутасаддилар баъзи масалаларга изоҳ берди, баъзиларини эса ўзлари ҳам “билмаслигини” тан олди.

Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида ташкил этилган очиқ мулоқотда 200 нафар иштирокчи марказий студиядан офлайн, 400 нафар ҳудудий ва 25 та давлатдан 70 нафар хориждаги тадбиркор ёшлар онлайн иштирок этди.

Мулоқот давомида ёшлар томонидан турли йўналишларда (солиқ, туризм, кредит, стартаплар, қонунчилик, технология ва бошқалар) кўплаб долзарб муаммо ва таклифлар билдирилди. Бу мурожаатлар вазирлик, идора ва ташкилот вакиллари томонидан ўрганиб чиқиб, баъзи масалаларга шу жойнинг ўзида изоҳ берилди, бошқа таклифлар бўйича эса аниқ чоралар белгиланди.

Сўзга чиққан ёш тадбиркорлардан бири 2022 йил 19 декабрдаги ПҚ-444 сонли қарор асосида берилган солиқ имтиёзлари амалиётга жорий этилмасдан келинаётгани ҳақида гапирди.

“Электромобилларни зарядлаш станцияси 2026 йил 1 январгача солиқдан озод қилинган. Лекин 2025 йилда фаолият бошлаган бўлсам, шу кунгача солиқни тўлаб келяпман. Солиққа мурожаат қилганимда ҳозир бу амалиётга татбиқ қилинмаган дейишди. Молия вазирлигига хат ёзсам, улардан ҳозирча шу солиқни тўлаб туришингиз керак, солиқ тўламаслик жавобгарликка сабаб бўлади, деган хат келди. Бу нега ҳалиям амалиётга татбиқ этилмаяпти?”, — дея савол берди ёш тадбиркорлардан бири.

Солиқ қўмитаси масъули эса бунга жавобан имтиёз борасида қонунчиликка ўзгартириш киритиш ишлари ҳали якунланмаганини ва бу жараёнда эканини билдирди. Қўшимча қилинишича, қонунчиликка ўзгартириш киритилгач 2026 йил 1 январгача ушбу имтиёзга тўғри келадиган тўланган солиқлар тадбиркорга қайтариб берилади.

Шунингдек, тадбиркор Президент қарори бўйича 2023-2026 йиллар учун амал қиладиган солиқ имтиёзи 2026 йил келаётган бўлсада амалиётга татбиқ қилинмаганининг сабабини сўради. Солиқ идораси масъули эса бунинг сабабларини билмаслигини айтди.

Очиқ мулоқот Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилиб, унда Инвестиция, Адлия, Рақамли технологиялар вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, Давлат солиқ қўмитаси, Туризм қўмитаси, Марказий банк, Алоқабанк, Миллийбанк ва бошқалар мутасаддилар иштирок этди.