“Талабалар фестивали” – миллионлаб ёшларни бирлаштираётган йирик ташаббус
Ёшлар ишлари агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан 1-25 май кунлари “Талабалар фестивали” ўтказилмоқда.
Ушбу йирик ташаббус орқали ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ижодий, интеллектуал ва жамоавий фаоллигини ошириш, маданий ва илмий алмашинувни қўллаб-қувватлаш, илм-фан ва инновацияларни оммалаштириш, лидерлик ва ташаббускорликни ривожлантириш мақсад қилинган.
“Талабалар фестивали” доирасида “Контент72” ижтимоий видеороликлар танлови ва “Талабалик даврим” фото ва видео челленжи ташкил этилиб, жами 1 млн нафар талаба ёшларни қамраб олиш, фестивал доирасида талаба-қизлар иштирокида “AI-GirlsBootCamp” оромгоҳи ва ўқувчилар ҳамда талабалар иштирокида “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилади.
Шунингдек, фестивал доирасида “Жисмоний тайёргарлик синовлари”, “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи ўқув йиғини, “Талабалар театр студиялари” танловлари ташкил этилмоқда.
Бундан ташқари, “БМТ модели” лойиҳаси, “ИБРАТ” дебат турнири, “Юртим қадриятлари” танлови, талаба ва магистрантлар илмий-амалий конференцияси, “Қувноқлар ва зукколар” фестиваллари ўтказилиши белгиланган.
Бу ҳаммаси эмас. Фестивал доирасида 21-23 май кунлари “TalabaExpo-2025” кўргазмаси ташкил этилиб, 3 кун давомида:
- “Абитуриентлар куни” — олий таълим муассасаларининг тақдимотлари;
- “Талабалар куни” — “TalabaStartUp Pitch” танлови, “ТалабаТалант” креатив шоуси (мусиқа, рақс, тасвирий санъат, шеърият, стандап);
- “Битирувчилар куни” — хусусий компаниялар ва давлат идораларининг бўш иш ўринлари ва замонавий касблар кўргазмаси, бизнес лойиҳалар портфеллари бўйича маҳорат дарслари, “ТалабаКелажак” муваффақиятли битирувчилар билан мулоқотлар ўтказилади.
Фестивал якунида талаба ёшлар иштирокида гала-концерт ташкил этилади.