Хивада анъанавий “Қовун сайли” фестивали бўлиб ўтади
8–10 август кунлари Хоразм вилояти маркази Хива шаҳрида анъанавий “Қовун сайли” фестивали бўлиб ўтади. Минг йиллик қовунчилик анъаналарини ёдга солувчи ушбу тадбир Ичанқалъа ва “Арда Хива” мажмуаларида тантанали тарзда ташкил этилади.
Фестивал Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 апрелдаги қарори асосида, Хоразм вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилмоқда.
Мазкур сайилнинг асосий мақсади — Хоразмнинг агротуризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш, қадимий қовун навларини тиклаш ва илмий асосланган, экспортбоп маҳсулотларни оммалаштиришдан иборат. Шу билан бирга, хорижий меҳмонларга миллий маданият, меҳмоннавозлик ва полизчилик анъаналарини намоён этиш ҳам кўзда тутилган.
Фестиваль доирасида Қорақалпоғистон ва барча вилоятлардан келган иштирокчилар ўз ҳудудларида етиштирилган ширин қовунларнинг кўргазма-савдосини ўтказишади. Павилонлар ҳудудий ранг-баранглик асосида безатилади.
Бундан ташқари, миллий либослар намойиши, қўғирчоқ театри, таомлар кўргазмаси, ҳунармандчилик ярмаркалари, фольклор жамоаларнинг жонли чиқишлари, бадиий ва амалий санъат кўргазмалари ҳам ташкил этилади.
Фаол иштирок этган жамоалар турли номинациялар бўйича Хоразм вилояти ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланиши режалаштирилган. Фестивалнинг асосий тадбирлари маҳаллий ва хорижий юлдузлар иштирокидаги галаконцертларда бўлиб ўтади.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, “Қовун сайли”да минглаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар иштирок этиши кутилмоқда.