«Спайдермэн» қўл: МуҳаммадУмарнинг ушалган орзуси ҳақида
МуҳаммадУмар туғма ногиронлик — чап қўл аплозияси билан дунёга келган. Бир қўл билан ўйнаш, китоб ўқиш, турмушда мустақил бўлиш унинг учун орзу эди. Энди эса у севимли суперқаҳрамони — «Спайдермэн» қўли шаклидаги бионик протез иккала қўлда ҳаракатланади. “Моторика” компаниясининг протезлаш жараёни — минглаб болалар учун умид манбаи бўлмоқда.
5 ёшли МуҳаммадУмар чап қўл аплозияси, яъни тирсакдан пастки қисми ривожланмаган ҳолда дунёга келган. Унга тенгдошлари сингари икки қўл билан турли ўйинлар ўйнаш, бир қўлида китоб тутиб, иккинчиси билан саҳифаларини варақлаш орзу эди. Болакайнинг орзулари орзулигича қолиб кетмади.
“2 йил олдин онаси ҳомиладорлик пайтида коронавирус бўлиб қолди. Шунинг оқибатида бола чап қўл аплозияси ташхиси билан туғилди. 2 ёшлигида бунга ечим топиш мақсадида интернет орқали “Моторика” компаниясига чиқдик. 2 йил давомида улар ўғлим билан шуғулланишди: қандай ривожланаётгани, қайси босқичга келгани бўйича. 4 ёшлигида бизга Москвадан протез қўл олиб келишди. Қўйиб беришди – жуда яхши фойдаланяпти. Қила олмаган ишларини қиляпти, 2-қўли унга ёрдам беряпти”, - дейди унинг отаси Ғанишер Нурматов.
“Моторика” компанияси болага ўзи севган мультфильм қаҳрамонининг қўлларидек протез қўл ўрнатиб берган. Эндиликда у икки панжада эркин ҳаракатланиб, буюмларни бемалол ушлай олаётганидан хурсанд.
“Нарсаларни, столларни кўтариш ҳаракатим бор. Тозалайман, чопаман, пиёлаларни ҳаммага тарқатиб чиқаман. Шу қўлим ишлар қилаётганимда ёрдам беряпти”, - деб мамнун гапирди МуҳаммадУмар.
Ёрдамчи технологиялар ва тиббий кибернетика соҳасида фаолият юритувчи ушбу компания ҳар бир мижозга индивидуал ўлчам ва эҳтиёжларга мослаштирилган, юқори технологияли бионик протез қўллар, шунингдек, оёқ протезлари, ногиронлар аравачалари ва ҳаракатланишга ёрдам берувчи мосламалар ишлаб чиқаради.
“Моторика” компанияси маҳсулотлари нафақат Россияда, балки МДҲ мамлакатлари, Ҳиндистон ва Ветнамда ҳам кенг тарқалмоқда. Ташкилот 2015 йилдан буён 8 мингдан ортиқ протез ва ёрдамчи мосламаларни ишлаб чиқарган. Унинг маҳсулотлари Ўзбекистон ва Россия хайрия жамғармалари ҳамда ташкилотлари кўмагида ҳар йили болаларга бепул тақдим этилмоқда.
“Моторика” комапанияси Кибер-тиббиёт ва нейропротезлаштириш йўналишида инвазив тадқиқотлар олиб бормоқда. Мақсад — протезлар орқали фойдаланувчидаги сезувчанликни тиклаш ва фантом оғриқларни камайтириш. Илмий ишланмалар ёрдамида ҳозирда қўл протезлари воситасида буюмнинг юмшоқлиги ёки қаттиқлигини, ҳатто унинг ҳажмини ҳам аниқлай олишмоқда.
Ҳозирда ташкилот Ўзбекистон Ресоубликаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя агентлиги билан протезларни маҳаллий аҳолига янада қулайроқ етказиб бериш мақсадида очиқ мулоқот олиб бормоқда. Шунингдек, 2 ёшдан бошлаб болалар ва бутун Ўзбекистон аҳолиси учун фаол тортувчи протезларни реабилитация техник воситалари рўйхатига киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.
Протез учун ариза беришни истаган ота-оналар тўғридан-тўғри компанияга мурожаат қилишлари мумкин, у ерда мутахассислар тегишли хайрия ташкилотини танлаш ва ҳужжатларни тўплашга ёрдам беради. Барча протезлар боланинг жисмоний хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда индивидуал равишда тақдим этилади. Ишлаб чиқариш жараёни моделга қараб 20 дан 40 кунгача давом этади.
"Моторика" компанияси сотув менежери Иван Софронов маҳсулотлар нархлари ҳақида маълумот берди:
“Компаниямиз 10 йилдан буён тиббиёт ва робототехника соҳасида фаолият юритади. Юқори ва пастки қўллар учун протезлар ҳамда ассистив технологиялар ишлаб чиқаради, Бизда дунёда ягона ҳисобланган фаол тортувчи протезлар, бундан ташқари, бионик қўл протезлари мавжуд. Бармоқлари сақланиб қолган қўллар учун ҳам махсус блокли протезлар тайёрлаймиз: масалан, бир бармоқ мавжуд бўлса, қолган тўрттаси актив блок сифатида ўрнатилади.
Нархига тўхталадиган бўлсак, энг оддий фаол тортувчи протез 2300 АҚШ долларидан бошланади, бионик билак протези эса — 8000 АҚШ доллари атрофида бўлади.
Ҳозирда мамлакатингиздаги Ижтимоий ҳимоя агентлиги билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганмиз. Россия хайрия фондлари, хусусан "Все-все вместе" жамғармасининг молиялаштириши ҳисобига протез қўлларни ҳамюртларингизга етказиб бермоқдамиз. Ўзбекистонда бизга бу жараёнда “Ортостан” компанияси кўмак бермоқда” деди у.
Моторика — болалар ва катталар учун қўл, қўл‐кисти ва oёқ протезлари ишлаб чиқаради, ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкам, енгил материаллар ва 3D-печать технологияси қўлланади . Компания Ўзбекистонда протезлашни ривожлантириш, реабилитация тизимини янгилаш ва маҳаллий мутахассислар тайёрлашга йўналтирилган. Ижтимоий шериклик, маҳаллий мутахассисларни ўқитиш ва бўлажак тармоқларни ривожлантириш устида иш олиб боради.