Парламентда “Тараққиёт блоки” тузилди
ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” парламентда “Тараққиётблоки” номли янги сиёсий бирлашма ташкил этди. Иқтисодий ва хусусий мулк эркинлиги, ОАВ эркинлиги, тиббий ҳамда ижтимоий соҳаларни ривожлантириш блокнинг устувор вазифаси қилиб белгиланди.
5 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда икки фракция парламентда “Тараққиёт блоки” номли янги сиёсий бирлашма тузганини эълон қилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати хабар берди. Маълум қилинишича, мазкур блок 93 нафар депутатни бирлаштирган ҳолда парламентдаги энг йирик кучга айланмоқда.
Баёнотда таъкидланишича, “Тараққиёт блоки” мамлакатда охирги йилларда амалга оширилаётган иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ислоҳотларни давом эттириш ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
ЎзЛиДеП етакчиси Актам Хаитовнинг таъкидлашича, блокка бирлашиш — партияларнинг улғайган масъулияти ва сиёсий маданиятини намоён этади:
“Блокка бирлашишни – партияларнинг улғайган масъулият ҳисси ва улкан сиёсий маданияти белгиси сифатида қарасак бўлади. Чунки сайловчилар биздан натижа кутяпти. Биз эса натижа учун бирдам бўлиб, муштарак мақсад ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйишимиз керак”, дея тушунтириш берган у.
“Миллий тикланиш” партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров эса бу ташаббусни мамлакатни ривожланган, қудратли давлатга айлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади.
Блокнинг устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланган:
– миллий иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, экспорт салоҳиятини ошириш;
– хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, иқтисодий фаолликни рағбатлантириш;
– сўз эркинлигини ҳимоя қилиш, мустақил ОАВни қўллаб-қувватлаш;
– таълим сифати ва инсон капитали ривожини таъминлаш;
– тиббий хизматларни рақамлаштириш, тиббий суғуртани жорий этиш;
– солиқ маъмурчилигини соддалаштириш ва барқарор солиқ сиёсатини юритиш;
– давлат харажатларини қисқартириш ва давлат хизматларини рақамлаштириш;
– хусусий пенсия жамғармалари тизимини жорий этиш;
– мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини кафолатлаш.
Қўшимча қилинишича, икки партия дастурий нуқтаи назардан ўзаро яқин бўлиб, ҳар иккиси сиёсий майдонда ўнг қанот партиялари сифатида фаолият юритади.