May 15

Кимё муҳандислиги талабалари учун қўшимча имкониятлар яратилади

“Янги Ўзбекистон” университети ва “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ўртасида кимё саноатида малакали кадрлар тайёрлаш ва уларни амалиёт билан узвий боғлаш мақсадида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги келишув имзоланди.

Контракт тўловларининг қопланиши

Ушбу меморандум доирасида Кимё ва материалшунослик муҳандислиги йўналишида таҳсил олаётган 10 нафар талабанинг ўқиш учун тўлайдиган контракт пуллари “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан тўлиқ қоплаб берилади. Талабаларга таълимни муваффақиятли якунлаганидан сўнг соҳага оид ташкилотларда иш билан таъминланиш кафолатланади.

10 нафар талаба Пекинга юборилади

Келишув доирасида дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларидан бири — Пекин университетида ташкил этиладиган ўқув курсларида қатнашиш учун 10 нафар иқтидорли талаба саралаб олинади. Уларнинг Хитойдаги таълим ва яшаш билан боғлиқ барча харажатлари “Ўзкимёсаноат” томонидан қоплаб берилади.

Пул тўланадиган амалиёт: 2-4-курс талабаларига қўшимча тажриба

Кимё ва материалшунослик муҳандислиги йўналишининг 2-4-босқичида таҳсил олаётган талабалар кимё саноатининг етакчи корхоналарида ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётига юборилади. Бу эса уларга назарий билимларини амалий тажриба билан бойитиш имконини беради.

Магистратура босқичидаги 10 нафар талабага грант ажратилади

Шунингдек, Барқарор кимё муҳандислиги ва материаллар йўналиши бўйича магистратура босқичида таҳсил олаётган 10 нафар талабанинг контракт тўловлари ҳам “Ўзкимёсаноат” томонидан молиялаштирилади. Ушбу йўналишдаги мутахассислар саноатнинг инновацион ривожида муҳим ўрин тутади.

Яна бир эътиборга молик ташаббус – кимё саноати соҳасида “Мега” илмий-тадқиқот лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳага кўра, “Ўзкимёсаноат” томонидан тасдиқланган энг яхши талабалар ғоялари молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланади ва амалиётга тадбиқ этилади.

Мазкур келишув “Янги Ўзбекистон” университетида 2025/2026 ўқув йилидан амал қилади. Ҳозирда ўқишга аризалар қабули давом этмоқда.

O'qishga ariza topshirish: https://admission.newuu.uz/