June 12

Ўзбекистон критик металлар соҳасида глобал эътиборда

Тошкент Халқаро Инвестиция Форуми Марказий Осиёнинг энг йирик ва нуфузли иқтисодий майдонларидан бири бўлиб, Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ўсиши, модернизация жараёнлари ҳамда сармоявий салоҳиятини дунё аудиториясига кенг намойиш этмоқда. Бугунги кунда эса Ўзбекистон критик минераллар соҳасида жаҳон эътиборини тортаётган янги глобал марказ сифатида шаклланиб бормоқда. Шу боис форум доирасида ушбу соҳа бўйича масалалар ҳам энг устувор йўналишлардан бири сифатида илгари сурилиб, халқаро инвесторлар ва экспертлар эътиборининг марказида бўлди.

ТМК – Ўзбекистонни критик минераллар соҳасида глобал саҳнага олиб чиқаётган бренд

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2024 йилда Ўзбекистон технологик металлар комбинати ташкил этилган бўлиб, бутун қиймат занжири бўйлаб - хомашёни қазиб олишдан тортиб то металларни ишлаб чиқариш ва юқори қиймат қўшилган маҳсулотларни тайёрлашгача бўлган жараённи амалга оширади.

Бугунги кунда ТМК 25 дан ортиқ турдаги муҳим минералларни ўз ичига олган 70 дан зиёд инвестицион лойиҳани амалга ошириш устида ишламоқда. Уларнинг умумий қиймати 1,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

ТМК хорижий инвесторлар учун очиқ, узоқ муддатли ва барқарор ҳамкорлик моделини таклиф қилмоқда. У ҳозирда АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия, Хитой, Дания каби давлатларнинг молиявий ва технологик институтлари билан бевосита ҳамкорлик ўрнатган.

ТМК – Форум марказида

Форумнинг муҳим иштирокчилардан бири — Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) бўлиб, у форум меҳмонлари, хорижий инвесторларга мамлакатнинг критик минераллар захираси ва саноат салоҳияти, тўлиқ қиймат занжирига асосланган ёндашувини намойиш қилмоқда.

Шунингдек, форум доирасида “Ўзбекистон муҳим хомашё учун стратегик марказ сифатида: қиймат занжири бўйлаб инвестиция имкониятлари” мавзусидаги панел сессияси ҳам бўлиб ўтиб, унда Моntfort Eurasia директори Жон Манн муҳокама қилинаётган мавзунинг глобал аҳамиятини таъкидлади: “Критик минераллар ҳозирда бутун дунёда долзарб мавзу ҳисобланади. Илғор технологияларда асосий рол ўйнагани учун уларга бўлган глобал талаб тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. Марказий Осиё ва хусусан, Ўзбекистон ушбу минерал ресурсларни диверсификация қилишда рол ўйнаши мумкин”.

Форум давомида бир қатор юқори мартабали меҳмонлар, жумладан, Болгария президенти Румен Радев ҳамда Словакия Бош вазири Роберт Фицо ТМК стендига ташриф буюриб, Ўзбекистон технологик металлар комбинати томонидан амалга оширилаётган критик минераллар бўйича инвестицион лойиҳалар билан яқиндан танишдилар.

ТМК форумда – саноат учун муҳим бўлган йирик ҳамкорликлар билан!

Форум доирасида Ўзбекистоннинг критик минераллар соҳасига юқори баҳо бериб, ТМК билан ҳамкорлик ўрнатиш истагида бўлган инвесторлар жуда кўп бўлди. Жумладан, ТМК 60 дан ортиқ халқаро компаниялар билан учрашувлар ўтказди, ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. АҚШнинг Халқаро Тараққиёт Молиялаштириш Корпорацияси, Европа инвестиция банки, Швецариянинг “SGS” компанияси, Япониянинг “MITSUI & CO., LTD”, Австриянинг “Petrochemical Holding GmbH”, Германиянинг “Siemens” ва шу каби қатор йирик компаниялар ТМК лойиҳаларига катта қизиқиш билдирди. Шу билан бирга, форумда ТМК ва АҚШнинг нуфузли инвестиция компанияси Cоve Capital ўртасида англашув меморандуми имзолади. Бу ҳужжат орқали технологик металлар соҳасида йирик инвестициялар йўлга қўйилади, қўшма лойиҳалар ва глобал ташаббуслар старт олади, Ўзбекистон дунёдаги энг талабгир бозорларга тайёр маҳсулот етказиб берувчи марказга айланади. Cоve Capital бошқарувчи ҳамкори Pini Altxaus’нинг фиркича, Ўзбекистон АҚШ ва Европа учун критик минераллар хомашёсидан тайёрланган қўшимча қиймат қўшилган маҳсулотларнинг етказиб берувчисига айланишга тайёр.

МINEX Central Asia 2025 – критик минераллар глобал мулоқот марказида

ТМКнинг халқаро ташаббусларидан яна бири бу “МINEX Central Asia-2025” форуми. Форум жорий йилнинг 24-25 июн кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилиб, критик минераллар, яшил энергетика, стратегик ресурслар ва глобал шериклик масалаларига бағишланади. Форумда йирик геологик компаниялар, халқаро инвесторлар, илмий-тадқиқот институтлари, давлат ва хусусий сектор вакиллари жалб қилинмоқда. Агар Сизнинг фаолиятингиз критик минераллар, яшил иқтисодиёт, стратегик ресурслар ёки барқарор ривожланиш билан боғлиқ бўлса, “МINEX Central Asia-2025” форуми Сиз учун очиқ! Батафсил маълумот ва рўйхатдан ўтиш: https://2025.minexasia.com


Реклама ҳуқуқи асосида