July 3

8–10 август кунлари Хива шаҳрида анъанавий “Қовун сайли” бўлиб ўтади

Минг йиллик анъаналар асосида ўтказиб келинаётган, замонавий туризм ва маданий тадбирлар билан уйғунлашган “Қовун сайли” фестивали бу йил 8–10 август кунлари Хоразм вилоятининг қадимий маркази Хива шаҳрида — Ичанқалъа ва Арда Хива мажмуаларида тантанали равишда ўтказилади.

Ушбу фестивал Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан амалга оширилмоқда.

Қовун сайли Хоразмнинг агротуризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш, қадимий қовунчилик ва боғдорчилик анъаналарини қайта тиклаш, илмий асосланган экспортбоп навларни оммалаштириш, хорижий меҳмонларга миллий маданият ва меҳмоннавозлик анъаналарини танитиш, халқимизга унутилмас байрам туҳфа этиш мақсадида ташкил этиляпти.

Фестивал доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят шаҳар-туманлари ўз ҳудудларида етиштирилган ширин қовунларнинг кўргазма-савдосини ўтказади. Павильонлар ҳудудий ранг-баранглик асосида байрамона безатилади.

Шунингдек, театрлаштирилган саҳналар, қўғирчоқ театри ва миллий либослар намойиши, миллий таомлар, Хоразм нонлари ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, бадиий жамоалар, фольклор гуруҳларининг жонли ижро чиқишлари, маҳорат дарслари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилади.

“Қовун сайли” да фаол иштирок этган, ҳудудлардан келган жамоалар турли номинациялар асосида Хоразм вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари (автомобиллар…) билан тақдирланади.

Фестивалнинг асосий тадбирлари маҳаллий ва хорижий юлдузлар иштирокидаги галаконцертлар билан ўтказилади:

8 август – Ичанқалъа:
• Dj Meaghan (Бельгия)
• Mustafa Ceceli (Туркия)
• Ҳамдам Собиров (Ўзбекистон)

9 август – Ичанқалъа:
• Dj Dianella (Қозоғистон)
• Джони (Россия)
• Тоҳир Содиқов (Ўзбекистон)

10 август — фестивалнинг ёпилиш маросими “Арда Хива” замонавий туризм мажмуасида ўтказилади. Унда Роза Зергерли (Озарбайжон), Ғуломжон Ёқубов, Юлдуз Турдиева, Гулсанам Мамазоитова ва Хоразм юлдузлари иштирок этади.

“Қовун сайли”да минглаб хорижий сайёҳлар иштирок этиши кутилмоқда. Улар Шарқ анъаналари, меҳнат маданияти, илм-фан ва маданий дипломатия уйғунлашувининг бетакрор байрамига гувоҳ бўлишади.

Қадим ва навқирон Хива барчангизни Қовун сайлига таклиф қилади!

Қўшимча маълумот учун:
Хоразм воҳаси азалдан тилёрар қовунлари билан танилган. Машҳур сайёҳлар — араб олими Ибн Баттута ва венгер шарқшуноси Ҳерман Вамбери Хоразм қовунларини дунёдаги энг сара, таъми, ҳиди ва сақлаш усули билан ажралиб турадиган маҳсулот сифатида алоҳида таърифлаганлар. Қовун бу заминда шунчаки полиз маҳсулоти эмас — у меҳнат маданияти ва табиий мерос тимсоли саналган.

Хоразм воҳасида қадимдан 400 дан ортиқда қовун навлари етиштирилган. Сўнгги йилларда “Кўк гурвак”, “Оқ новвот”, “Кичкинтой”, “Бешак”, “Ичи қизил”, “Чоржўй гулоби” каби қадимий навлар қайта тикланди.

Селекционер олимлар томонидан экспортбоп, оқпалак касаллигига чидамли, юқори ҳосилли навлар яратилди: “Гурлан”, “Амударё”, “Гулоби Хоразми”, “Саховат”, “Заргулоби” ва бошқалар.

Урганч давлат университети қошида ташкил этилган Қовунчилик марказида бугун 127 хил уруғ намунаси генофонд сифатида сақланмоқда. Бу марказда илмий кластер тамойили асосида иссиқхона ва очиқ майдонларда етиштириш, полизчилик соҳасида мутахассислар тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Ташкилотчи:
Хоразм вилояти ҳокимлиги

Манзил: Хива шаҳри, Хоразм вилояти


Реклама ҳуқуқи асосида