August 10, 2020

КОРАНАВИРУС БИЛАН КУРАШДА ХАТО ҚИЛИШГА ХАҚҚИМИЗ ЙЎҚ

Июль ойида коранавирус билан касалланганлар сони кескин ортиб кетиши натижасида мамлакат тиббиёт тизими маълум муддат инқирозли даврни бошидан ўтказди. Айни шу паллада Президентимиз томонидан касаллик билан курашишни бутунлай янги старатегия асосида олиб бориш лозимлиги тўғрисидаги топшириқлари асосида бир қатор ижобий ўзгаришлар содир бўлди. Касалланганларни қабул қилиш учун тақсимот марказлари ишга туширилди.

Янги тартибга асосан касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморлар шифокор тавсиялари асосида, санитария-гигиена қоидалари ҳамда парвариш учун зарур шароитлар мавжуд бўлганда, уй шароитида даволанишига рухсат этилди. Ҳар бир ҳудудда тегишли мутахассислардан иборат мобил гуруҳлар ташкил этилди. Бунинг натижасида аҳоли орасидаги ваҳима олови пасайди.

Аммо, касалланганлар сони кундан-кунга ошаётганини, аҳволи оғир бўлган беморлар сони кўплигини инобатга олган ҳолда соғлиқни сақлаш тизими бир қатор масалаларга эътиборини янада кучайтириши лозим деб ўйлаймиз.

Энг аввало, касални даволаш учун унга тўғри ташхис қўя билишимиз лозим. Бизда эса коронавирусга тестерлар сони етишмаслиги ва тест марказларидаги талабгорлар кўплиги боис юзага келаётган тиқилинчлар касалликни аниқлашни мураккаблаштирмокда. Шунинг учун тестерлар ва тест олувчи марказлар сонини максимал равишда кўпайтириш ҳамда аҳолига манзилларини етказиш лозим.

Бундан ташқари ҳозирда юртимизда касалланганларнинг аксарияти уйда даволанаётганини инобатга олган ҳолда бу бўйича ишни тизимли равишда такомиллаштириб бориш лозим деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, фуқароларга тўғри ва тўлиқ маълумотни етказиш орқали касалликни даволашга самарали хисса қўшишимиз мумкин. Афсуски бу бўйича ҳам оқсоқликка йўл қўяётган жиҳатларимиз мавжуд. Хусусан, уйда даволаниш шартларидан бири сифатида санитария-гигиена қоидалари ҳамда парвариш учун зарур шароитлар мавжуд бўлганда дейилган. Аммо зарур шароитлар қанақа бўлиши кераклиги тўғрисида аҳолимизга етарлича тушунча берилмаган.

Иккинчидан, уй шароитида карантинга олинганларни ҳаракатлари буйича назоратни кучайтириш керак. Афсуски, айрим ҳудудларда ҳозирда карантинга олинган шахслар ҳам кунлик эҳтиёжи учун озиқ-овқат ва дори дармон учун кўчага чиқмоқда. Хитой тажрибасидан келиб чиқиб карантиндаги фуқароларимизнинг телефонларига махсус дастур ишлатилган ҳолда ҳаракатлари вақтинчалик назоратда бўлиши керак. Карантинга олинган оилаларга даволаниш учун дори-дармонларни ва озиқ-овқатларни уйга етказиб бериш бўйича ҳам тизим йўлга қўйилиши керак.

Учинчидан, штаблар фаолиятини кенгайтириш, яьни уйда даволанаётганларни аниқ назоратга олиш, ҳудудий ҳамширалардан кунлик маьлумотли оғзаки етказилиши, уларни тест олиниши ва назоратини ҳудудий поликлиника умумий амалиёт шифокори томонидан доимий назорат қилиниши таъминланиши лозим.

Бундан ташқари коранавирусдан соғайган аҳолининг кейинги турмуш тарзи, амал қилиши лозим бўлган қоидалари, ҳаёт тарзи ҳақида батафсил тиббий маьлумот бериб бориш лозим.

Шу ўринда беморларни даволаш ҳақида гап борар экан, уларни касалликдан ҳимояловчи, ҳаётини сақлаб қолувчи шифокорларнинг ижтимоий ҳимояси ва уларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида ҳам ҳар қанча қайғурсак шунча кам.

Маълумки, карантин чекловлари туфайли шаҳарларга қатнов чекланган. Шу сабабли кўпгина тиббиёт ходимларининг ишга келиб кетишида муаммолар юзага келмоқда. Айниқса турмуш ўртоғи ёки фарзандларининг машинасида ишга қатновчи шифокорлар вақтинчалик блок-постлардан ўтказилмаяпти ва натижада ишга умуман келолмаслик ёки кечикиб келиш ҳолатлари учрамоқда.

Бу ўринда шифокорларни уйга ва ишга бориб келишини таъминлаш мақсадида ҳар бир постда махсус такси хизматини ёки дизенфексияланган транспортлар ҳаракатини йўлга қўйиш лозим бўлади.

Шифокорлар етишмаётган бир вақтда борларини қадрига етишимиз, соғлиғини асрашимиз ҳар қачонгидан муҳимлигини вазиятинг ўзи кўрсатиб турибди. Шунга қарамасдан айрим ҳудудларда шифокорларни керакли ҳимоя воситалари ва кийимлар билан таъминлашда ҳамон муаммолар мавжуд. Касалликка қарши энг олдинги сафларда курашаётган шифокорларни махсус форма, антисептик воситалар билан тўлиқ таъминлай олмасак, жангда ғалаба қозониш ҳақида гапиришга ҳаққимиз йўқ.

Бу ўринда эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир жиҳат бор. Яъни касалланганлар билан энг кўп контактда бўладиган шифокорлар учун ишдан, навбатчиликдан сўнг мунтазам тест топширилишини таъминлашимиз лозим. Бу гап карантин зоналарида хизмат килаётган ИИВ ва Миллий гвардия ходимлари, ҳарбийларга ҳам тааллуқли.

Республика бўйлаб касалликни юқтириб олганларнинг сони ортаётганлиги туфайли ҳозирда фаолият юритаётган тиббиёт ходимларига бўлган босим миқдори ортиб бормоқда. Бу юкламаларни камайтиришнинг чораларидан бири соҳага қўшимча кучларни жалб қилиш ҳисобланади.

Бу борада пандемия даврида фаолияти вақтинчалик тўхтатилган хусусий клинакалар шифокорлари ва ҳамшираларини жалб қилиш мумкин.

Иккинчи йўл эса маълум бир даврда тиббиёт олийгоҳини ва коллежларини тамомлаган аммо ҳозирда уйда бўлган шифокорлар ва ҳамширалар рўйхати маҳаллалар кесимида шакллантирилиб, уларни қисқа муддатли махсус ўқув курсларида тайёрлаш лозим. Ушбу мутахассислар коронавирус инфекциясини уй шароитида даволаш бўйича малакаларини оширадилар ва ўзлари яшайдиган доимий манзиллари бўйича уйда даволанаётган беморларга бириктириладилар.

Албатта, ушбу мураккаб даврда ҳеч кимга осон тутиб бўлмайди. Давлат раҳбаридан тортиб, фуқароларимизгача ушбу дарднинг чекиниши ҳақида бош қотирилмоқда, дуолар қилинмоқда. Ҳамма ягона душманга қарши бирлашмоқда. Ният эса ягона тезроқ ушбу офатни бартараф этиш ва одатий ҳаёт тарзимизга қайтиш. Бу борада хавфни бартараф этишда ҳар қандай фикр аҳамиятга эга. Муҳими уни тингламоқ ва халқимиз учун фойдали ҳисобланганини амалиётга жорий этиш лозим.

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Фарҳод ЗАЙНИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари