September 21, 2020

Одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши кураш масалалари муҳокама қилинди

Қашқадарё вилояти, Китоб туманида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан одил судлов ва коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муаммолар ўрганилиб, натижалари бўйича Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессияда ҳудудда давлат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари фаолиятининг ижобий кўрсаткичлари билан биргаликда, фаолиятидаги мавжуд муаммолар ҳам муҳокама қилинди.

Хусусан,

Ҳудудда идораларга мурожаат қилиш имконияти таъминланган бўлсада, Китоб туман аҳолиси тўғридан-тўғри мурожаат қиладиган фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича Шаҳрисабз туманлараро судлари ҳамда маъмурий ишлар бўйича Шаҳрисабз туман ва шаҳар судлари яъни 4 та суд битта бинода жойлашганлиги, суд биносида суд залларининг ва фуқаролар учун кутиш заллари етишмаслиги, судга киришда фуқароларни қабул қилиш хоналари мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ўтказилган 12 та сессиясидан 3 тасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун билан кафолатланган манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан туман судлари раисларининг, туман прокурори ҳамда ички ишлар бўлими бошлиқларининг ҳисоботлари эшитилган. Лекин, бу муҳокамаларда муайян давлат органининг фаолиятини қониқарли эканлигини тасдиқлашдан нарига ўтилмаган.

Шунингдек, доимий комиссия йиғилишларида тумандаги суд органлари, прокуратура, ички ишлар бўлимларининг ахборотини эшитиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганиш ҳамда коррупцияга олиб келадиган тизимли муаммолар ва коррупциянинг ҳолати тўғрисида, Олий Мажлис палаталарининг коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталарига ушбу соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритган ҳолда мунтазам равишда ахборот бериб бориш юкланган бўлсада, комиссия томонидан ушбу вазифалар тўлиқ бажарилмаган.

Туманда фаолият кўрсатаётган адвокатлар сонининг аҳоли сонига нисбатан етарли эмаслиги фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини етарли ҳимоя қила олмасликларига сабаб бўлмоқда. Мисол учун, туманда жами 263,8 мингдан зиёд аҳоли борлиги ҳисобга олинса, ҳар 23,9 минг аҳолига 1 нафар адвокат тўғри келмоқда.

Президент Фармони ижроси юзасидан қабул қилинган Қашқадарё вилоят ҳокимининг 2018 йил 12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги №Х-480/05-сонли қарорининг 4-бандига биноан адвокатурага зарур бино ва иншоатлар, бундай бино ва иншоатларни қуриш учун ер майдонлари ажратиш вазифаси белгиланган. Аммо ушбу фармон юзасидан Китоб туман, Шаҳрисабз шаҳар ҳокимликларига ариза билан мурожаат қилинган бўлсада ҳалигача бу муаммо ўз ечимини топмасдан келмоқда

Туман тиббиёт бирлашмаси, Халқ таълими ва Мактабгача таълим тизимларларида ишга қабул қилиш жараёнида шаффофлик ва ошкоралик таъминланмаган, Аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази томонидан йўлланма берилган номзодларнинг яшаш манзили билан иш жойи манзили мослиги инобатга олинмайди, вакант лавозимларга танлов эълон қилинмасдан, асосан ягона талабгор учун алтернативларсиз ўтказилади ҳамда захира номзодлар электрон базаси шакллантирилмаслик ҳолатлари мавжуд.

Давлат муассасаларида, шу жумладан ҳокимлик, таълим, соғлиқни сақлаш ходимларини ишга қабул қилиш, лавозимга тайинлашда шаффофликни таъминлаш мақсадида, корхона ва ташкилотларда мавжуд бўш иш ўринларини жойлаштириш учун “mehnat.uz” сайти яратилган. Бироқ, ушбу сайтга бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш инсон омили билан боғлиқ бўлиб, иш берувчи томонидан мавжуд бўш иш ўринлари тўлиқ киритилмасдан яширилган бўш иш ўринларига қисқа муддатларда иш берувчи ҳоҳишига кўра фуқаролар ишга қабул қилиниши натижасида, соҳада коррупцион хавф юқорилигича қолмоқда.

Туман давлат хизматлари марказида мавжуд 150 хизмат туридан, ҳозирги кунда 68 турдаги давлат хизматлари мавжуд бўлиб, марказ ҳозирда ижара шартномаси асосида бошқа ташкилотга тегишли бўлган бинода фаолият юритади. Бинода хизмат кўрсатиш учун хоналар етишмаслиги, фуқаролар учун кутиш зали йўқлиги сабабли фуқароларга кўрсатилаётган хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ушбу масалалар билан бирга бошка муаммо ва камчиликлар ҳам муҳокама килинди ҳамда туманда йўл қўйилаётган коррупцион ҳолатларни олдини олиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Шунингдек, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан жойлардан қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар олинди. Ўз навбатида билдирилган таклифлар келгусида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталарига киритилиб, қонунчилигимиздаги мавжуд бўшлиқларни тўлдириш ва муаммоларни бартараф этиш бўйича депутатлар томонидан тегишли ишлар олиб борилади.