Банк ва молия тизимига замонавий бозор меҳанизмлари жорий этилади
Сўнги йилларда олиб борилаётган ислохотлар натижасида иқтисодиётимиз фаол ривожланиб, Ўзбекистон дунёдаги нуфузли ва жадал ривожланиб бораётган мамлакатлар қаторига кириб бормоқда. Буни эса чет эл давлатлари билан муваффақиятли ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб, сохаларга инвестициялар кириб келиши ўсиб бораётганлиги ва макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўсиш суръатидан ҳам кўриш мумкин.
Бироқ, Юртбошимиз айтгандек эришилган ютуқлар билан мақтанишимизга хали эрта, хали қилинадиган ишлар жуда кўп. Замон талабларига мос келиш учун албатта дунё тажрибасини чуқур ўрганиш, янги имкониятларни излаш ва жорий қилиш зарур. Реал иқтисодиётнинг ривожланиши ва фаоллашуви молиявий маблағларни иқтисодиёт субъектлари ўртасида адолатли ва самарали тақсимланиши билан боғлиқ экан, молиявий институтларимизни янада ривожлантиришимиз ва кенгайтиришимиз керак.
Бу борада, «Миллий такланиш» демократик партияси хозирги кунда дунёда жадал ривожланаётган анъанавий молия тизимига муқобил равишда банк ва тадбиркорнинг шерикчилигига асосланган кредитлаш механизмини, хусусан ислом молиясини жорий этишга қаратилган қонунчилик ташаббусини амалга оширишни жоиз топди.
Бугунги кунда ислом молияси кўп мамлакатларда иқтисодий ўсишни кучайишига туртки бўлаётганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Хаттоки насронийликнинг Англия черкови йўналиши расмий дин сифатида эътироф этиладиган, ўзи дунёвий давлат ва аксарият фуқаролар насроний бўлган Буюк Британиянинг 20 дан ортиқ банки ислом молияси маҳсулотлари ва хизматларини таклиф қилмокда.
Исломий молия, аньанавий молиялаштиришдан фарқли равишда, фойда ва зарарни бўлишиш ҳамда реал активларга асосланган молиялаштиришни ўзида намоён қилади. Ислом молия институтида кредит механизмлари ишлатилмайди, балки олди-сотди, ижарага бериш ва шерикчиликда ишлаш тамойиллари тизимга сингдирилган. Шунингдек, Ислом молия тушунчасида тўлаб бориш йўли билан активларни харид қилиш, яъни ижаранинг тўлов шартлари орқали активларни ўзлаштириш кенг қўлланилади. Исломий молия тизимида пулни ўзини фоизга қарз сифатида бериш тақиқланади, фойдаси хизматлар учун келишилган тўловлар ёки шерикчилик асосида олинган фойдадан иборат бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 21 декабрдаги 596-сонли қарорига асосан, Хусусий секторни ривожлантириш мақсадида ислом корпорацияси билан ҳамкорлик қилиб келинмокда. Хусусан, Муробаха (устама ҳақи эвазига сотиш) молиялаштириш усули орқали Хусусий секторни ривожлантириш ислом корпорацияси томонидан шу кунгача 15 та тижорат банклари ва 2 та лизинг компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйган ва бугунги кунгача банкларга 285 миллион АҚШ доллари миқдорида молиялаштириш линияларини ажратиш маъқулланган.
Шу билан бирга, хозирги кунда Ўзбекистонда ислом молия муассасасининг йўқлиги, ислом молия маҳсулотлари билан кенг кўламда фойдаланишга имкониятни чекламокда.
Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан иборатлигини ҳисобга олганда, исломий молияга бўлган қизиқиш ҳам шунга кўра қанчалик катта эканлиги тасаввур қилсак бўлади. Диний эътиқодларга таянган, фоиз, кредит ва шу каби банк хизматларидан фойдаланишни истамаган аҳоли қатлами учун Исломий молиялаштириш тамойилларига асосланган банк хизматлари бу омонатларини иктисодиётга жалб этишга, улардан оқилона фойдаланишга катта имконият яратади. Ушбу орқали, «захира турган» ички инвестицияларни Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши ва ички инвестиция ҳажмининг ортишига жалб килишимиз, хуфиёна иқтисодиёт салмоғини камайтиришимиз ва тадбиркорликни янада ривожлантиришимиз мумкин.
Ислом молияси маҳсулотлари билан кенг фойдаланиш учун амалдаги банк қонунчилигига, солиқ ва фуқаролик кодексларига ва бошқа қонуности ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки алоҳида қонун қабул қилиш орқали амалга оширилиши мумкин. Шунингдек, бу соҳада кадрларни тайёрлаш ва аҳолининг саводхонлигини ошириш ҳам муҳим.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, хозирги кунда айнан ислом банк тизими аҳолининг қўлида бўш турган катта миқдордаги пул маблағларини, реал иқтисодиётга жалб қилишга, шу орқали иқтисодиёт, тижорат ва аҳоли фаровонлигини сезиларли даражада фаоллаштиришга имкониятлари катта. Демак, ислом банклари иқтисодий фаоллашув ва ўсиш манбаси, ҳамда банк-молия соҳасида соғлом рақобатни таъминловчи муқобил тизим сифатида намоён бўла олади.
Шу билан бирга, эсдан чикармаслигимиз керак ислом молияси бу текинга пулни тарқатадиган ҳайрия ташкилоти эмас, бу диний ташкилот ёки фақат мусулмонларга хизмат кўрсатувчи молия муассасаси ҳам эмас, бу ўзига хос афзалликлар ва хатарларга эга бўлган молиявий институт. Ҳар кандай шароитда ҳам молиявий институтларнинг қатори кенгайиши банк-молия соҳасида соғлом рақобатни таъминллашга ва иқтисодий фаоллашувга хизмат қилади.
Ўзбекистон "Миллий тикланиш" ДП
Қарши шаҳар Кенгаши ижрочи котиби
Феруз АЗИМОВ.