ЖАМИЯТ-ИСЛОҲОТЛАР ТАШАББУСКОРИ!
Жорий йилда Президентимиз Мирзиёев Шавкат Миромонович томонидан Парламентга йўллаган Мурожаатномаларида прописка масаласи кўтарилганида, хақиқатда бу муаммо узоқ йиллар давомида халқимиз оёғига кишан бўлиб келганлиги, фуқароларимизнинг конститутциявий ҳуқуқларига зид эканлигини бир неча бор таъкидлаб ўтдилар.
Муҳокамага қўйилган “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурида тўғрисидаги фармон лойиҳаси фуқароларимиз томонидан прописка тизимини тўғриси банд энг кўп мухокама қилинган бандлардан бири бўлди ва кўплаб таклифлар билдирилиб Президентимизнинг бу ташаббусларини фуқароларимиз фаол қўллаб қувватладилар.
Прописка тизими кўп йиллар мобайнида бир қанча тушунмовчиликлар мавжуд бўлиб, кўплаб низолар келтириб чиқариб келган. Тошкент шаҳри ва вилоятида мулкка эгалик қилиш, ишлаш, таълим олиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ва бошқа шу каби ҳуқуқларнинг маълум маънода чеклангани аҳоли катта қисмининг норозилигига сабаб бўлаётгани айни ҳақиқат эди. Ривожланган давлатлар тажрибасида ҳам прописка тизими борасида ҳеч қандай чекловлар қўйилмаган, улар кўплаб кераксиз хужжатлар тўплаб, бир қатор ваколатли органлар эшиги олдида сарсон бўлишлари ҳам шарт эмас.
Куни кеча Давлатимиз раҳбари томонидан “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзо чекишлари юртимизда олиб борилаётган ислохотларнинг барчаси негизида инсон манфаатлари, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган эзга ишларнинг яққол исботи бўлди десак муболаға қилмаган бўламиз. Ушбу Фармон орқали нафақат ижтимоий муаммолар ўз ечимини топган, балки амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳатларимизда янада самарали кўрсаткичларга эришишимиз мумкин. Бунга мисол тариқасида асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринларини яратилаётган ҳудудлардаги ривожланиш кўрсаткичлари ўртасида тафовут катта эканлигини қайд этишиз лозим. Мазкур Фармон орқали барчамиз Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб эркин, ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳаракатланишимиз, яшаш ва ишлаш жойимизни ихтиёрий танлаш ҳуқуқи берилди.
Хусусан, Фармон билан “доимий прописка қилиш” ва “турган жойи бўйича ҳисобга олиш” тушунчалари “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” ва “вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчаларига ўзгартирилмоқда. Шу билан бирга, фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда, эгалигида бўлган уй-жой майдонига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш имконияти яратилмоқда.
Муҳим ўзгаришлардан бири, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкка эга бўлишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганининг талаб этилмаслигидир. Шу билан бир қаторда, мамлакатимиз фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турар жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар келгусида идоралараро электрон ҳамкорлик орқали “ягона дарча” тамойили асосида Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширилиши назарда тутилаётгани ортиқча оворагарчиликлар ва бюрократияга чек қўяди.
Шунингдек, доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибини бузганлик ҳолати фуқароларимизни тегишли ҳудуд ва манзилдан чиқариб юбориш учун асос бўлмаслиги, уларнинг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кунга узайтирилгани, рўйхатга олишни расмийлаштириш бир кун ичида амалга оширилиши, мамлакат фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилиниши белгиланмоқда.
Яна бир аҳамиятга молик томони шундаки, фуқароларимизнинг доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтишлари билан боғлиқ барча саъй-ҳаракатлар, шунингдек, бу соҳага боғлиқ фуқаролик муносабатлари замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг имкониятларига таянган ҳолда электрон тарзда амалга оширилиши, бунда тегишли давлат идораларининг ҳаммаси Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилиниши кўзда тутилмоқда.
Фармон билан Ҳукумат зиммасига бир ҳафта муддатда “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш вазифаси ҳам юклатилди.
Ҳозирда кун тартибида тоборо муҳим масалага айланаётган “жамият ислоҳотлар ташаббускори” бўлиши нақадар муҳим эканлиги, муҳтарам Президентимиз таъбирлари билан айтганда кун сайин ривожланиб бораётган дунёда, ҳаётнинг ўзи мажбур қилмоқда. Шундай экан атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмасдан жамиятни қийнаб келаётган муаммоларни биргаликда жавоб излаб, юртимиз фаровонлигига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак.