August 7, 2020

НАФАҚАНИ ТАЙИНЛАШ ЁКИ РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ИНСОН ОМИЛИСИЗ ЯГОНА РЕЕСТР ТОМОНИДАН АВТОМАТИК РАВИШДА ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИ.

Юртимизда коронавирус инфециясининг расман қайд этилган кундан бошлаб аҳолининг эхтиёжманд, ижтимоий ҳимояга мухтож қатламини қўллаб-қувватлаш давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан энг устувор вазифаси сифатида доимий диққат марказида бўлиб турибди. Коронавирус инфекциясини аҳоли орасида тарқалиб кетиши олдини олиш мақсадида вақтинчалик ўрнатилган карантин чекловлари сабабли норасмий секторда ишлайдиган кўп сонли аҳоли ҳозирги кунга келиб ишсиз қолган ва даромад манбаидан ажралиб уйда ўтиришга мажбур бўлмоқда.

Бу вирус нафақат инсон соғлиги, балки давлатлатлар иқтисодиёт драйверларини ҳам издан чиқариб, мамлакатларда камабағаллар кўрсаткичлари ўсишига сабаб бўлмоқда. Вужудга келган иқтисодий инқирозни салбий таъсирларини камайтириш мақсадида барча давлатлар қаторида Ўзбекистонда ҳам ўз вақтида муҳим қарорлар қабул қилиниши, тадбиркорлик субъектларига қўшимча имтиёзлар бериш, солиқ преференцияларини қўллаш, аҳолига имтиёзли кредитлар ажратилаётганлиги дунё ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилди.

Табиийки пандемия даврида ўз ишидан айрилган, даромадсиз аҳолининг эхтиёжманд қатлами инқироз вақтида энг заиф қатлам хисобланади. Бу тоифадаги оилаларда инқирозни чидаб ўтиш учун деярли маблағ ва жамғармалари бўлмайди.

Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 30 июль куни имзоланган “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига биноан муқаддас “Қурбон ҳайити” байрами арафасида “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида Инқирозга варши курашиш жамғармасидан 150 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилиб, Республика миқёсида аҳолининг эхтиёжманд қатламига 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам тарқатилди. Фармонга биноан бюджетдан қўшимча 2 триллион сўм ажратилиб, ушбу маблағлар 1 миллион 700 минг нафар ёрдамга муҳтож аҳоли, 3 миллион 700 минг нафар пенсионер ва жорий йил якунига қадар қўшимча 500 минг нафар ижтимоий нафақа олувчиларга йўналтирилиши белгиланганди.

Ҳудудларда ажратилаётган моддий ёрдам пулларини адолатли ва тўғри тақсимлаш, аҳолининг эхтиёжманд қатламларини қисқа муддатларда аниқлашнинг шаффоф ҳамда самарали меҳанизмлари мавжуд эмаслиги тизимда коррупцион ҳолатларни келтириб чиқараётганлиги аҳолининг эътироз билдиришига сабаб бўлди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига замонавий-ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан заиф қатламларига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишнинг ягона тизимини яратиш максадида Президент томонидан 2020 йил 4 август куни ПҚ-4797-сонли “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Эндиликда нафақа тайинлаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарор инсон омилисиз Ягона реестр томонидан автоматик равишда қабул қилинади. Қарор билан давлат томонидан ижтимоий ёрдамлар кўлами кенгайтириб борилиши жараёнида ушбу янги тизим жуда муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, ижтимоий нафақа олувчилар сони ҳозирги 600 мингдан жорий йил охиригача 1 миллион 200 минг, 2021 йилда эса 1 миллион 500 минггача етказилиши белгиланган. Бу борада Ягона ижтимоий реестр орқали барча ижтимоий ёрдам бир хил мезон ва бир хил ҳужжат асосида берилиши кўзда тутилган.

Энг муҳими, 2021 йил 1 январдан бошлаб, кам таъминланган оила мақомини олиш учун фуқаролардан ҳозиргидек 12 та идорадан 30 дан зиёд маълумотлар тўплаш, ортиқча сарсонгарчилик талаб қилинмайди. Эҳтиёжманд оилаларга 30 турдаги ижтимоий ёрдам ва хизматлар осон ва қулай тарзда тақдим этилади.

"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги Ваколатхонасининг гранти асосида бериладиган молиявий, техник ва эксперт кўмаги асосида амалга оширилади. Ягона реестр тизимини республика бўйлаб жорий этиш учун компьютер ускуналари ва периферия курилмаларини Жаҳон банкининг имтиёзли кредитлари ҳисобига сотиб олинади. Тизимнинг эгаси ва фойдаланувчиси сифатида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги хузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамгармаси ҳисобланади.

Яна бир энг муҳими "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими оркали белгиланган тартибда кам таъминланган деб эътироф этилган шахслар ёки оилалар қўшимча хужжатлар ва маълумотномаларни тақдим этмасдан кам таъминланган оилаларга кўрсатиладиган бепул ва имтиёзли шартларда кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамларни бемалол фойдаланишлари мумкин. Реестр орқали кам таъминланган деб эътироф этилганлик маълумотномаси давлат хизматлари партали орқали тақдим этилади ва ўн икки ой муддатда амал қилади.

Моддий ёрдам маблағларини адолатли тақсимлаш назоратини кучайтириш, ижтимоий ёрдамни мақсадли етказиб беришда шаффофлик, ошкоралик, холислик ва энг муҳими коррупцион ҳолатлар олдини олишда юқори самара беради.

Фарход ЗАЙНИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг депутати.