July 3, 2020

ЖАМИЯТИМИЗДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ МУРОСАСИЗ МУНОСАБАТ ШАКЛЛАНТИРИЛМОҚДА.

Бугунги кунда дунё миқёсида коррупцияга қарши курашиш, жамиятда коррупцияни жиловлаш, инсон онгида бу зарарли иллатга нисбатан иммунитет шакллантириш, уни инсон ҳаётидан батамом чиқариб ташлаш юзасидан дунёда ҳар бир мамлакатнинг ўз тажрибаси ва механизмлари мавжуд.

Хусусан, 2020 йилда эълон қилинган коррупцияга қарши курашиш рейтингида Дания, Янги Зеландия, Финландия, Сингапур ва Швеция каби давлатлар пешқадамлик қилмокда. Ушбу мамлакатларда бу иллатнинг илдизини батамом қуритиш борасида амалга оширилаётган ишлар эътироф этилган ҳолда, уларнинг тажрибаси бутун жаҳон миқёсида кенг қўлланилмоқда.

Масалан, Финландияда тажрибасида асосий эътибор оммавий ахборот воситаларининг мутлоқ эркинлиги, иқтисодий сектор фаолиятига давлат аралашувининг иштироки минимал даражада, мансабдор шахслар томонидан қарор қабул қилиш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг очиқлиги ва шаффофлиги, адлия тизимининг ижро этувчи ҳокимиятидан сиёсий, молиявий ва кадрлар оид мустақил қарор қабул қила олиши, коррупцияга қарши курашишда ваколатли органларга ёрдам берган шахслар ишончли ҳимоя қилиш кафолатларига алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу соҳада адлия канцлери ва парламентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссарига кенг ваколатлар берилган.

Сингапур тажрибаси мисолида қарасак, 1965 йилларда давлат эндигина мустақилликга эришган пайтда коррупцияга мойиллиги юқори бўлган давлат эди. Мамлакатда коррупцияга қарши курашишда энг аввал мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларини тартибга солиш, бюрократик тартибларни соддалаштириш, шахсни коррупцион ҳаракатларга ундаш имкониятини яратадиган шароитларни камайтириш чоралари кўрилиб, фуқаролар коррупцион ҳолатлар устидан давлат идорасига шикоят қилишлари ва етказилган зарарларни қоплатиш учун ҳудудларда Коррупцияга қарши курашиш бюроси ташкил қилинган.

Аксарият халкаро экспертлар коррупциянинг юқори даражада бўлишининг асосий сабаби сиёсий институтларнинг тўлақонли ишламаслиги, ички ва ташқи қарор қабул қилишда сунъий тўсиқлар вужудга келтиришлари, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражаси пастлиги, жамиятда фуқароларнинг давлат устидан назорати талаб даражасида эмаслигига боғлиқ деган хулосага келмоқдалар.

Юртимизда сўнги йилларда барча соҳалар қаторида коррупцияга қарши курашишнинг самарали меҳанизмларини яратиш мақсадида ҳорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда жамиятимиз ривожига узоқ йиллар давомида сунъий тўсиқ бўлиб келаётган ҳамда юқоридаги соҳалардаги мавжуд муаммоларни тизимли равишда бартараф этиш мақсадида Президент Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунадиган ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги” ташкил этилди.

Агентликнинг асосий вазифаси Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имижига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилиш ҳамда натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ахборот бериб бориш. Ушбу орган коррупцияга қарши муросасиз курашишда, унинг оқибатлари, келиб чиқиш омилларини бартараф этиш борасида ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатларни мувофиқлаштириб борадиган ҳамда коррупцияни жиловлашда хизмат қиладиган механизм сифатида муҳим аҳамият касб этади.

Фарҳод ЗАЙНИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг депутати,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоси,

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси