February 24, 2019

ПФЛ «Бунёдкор» Суперлиганинг қуръа ташлаш маросимига чақирилмагани ҳақидаги хабарни рад этди

ПФЛ «Бунёдкор» Суперлиганинг қуръа ташлаш маросимига чақирилмагани ҳақидаги хабарни рад этди

Профессионал футбол лигаси бош директори Омон Ғафуров Ўзбекистоннинг 5 карра чемпиони, ўтган мавсумда тўртинчи ўринни қўлга киритган «Бунёдкор» футбол клубига янги мавсум учун қуръа ташлаш маросимига таклифнома сифатида хат жўнатилмагани ҳақида тарқалган хабарни рад этди.

ПФЛ бош директори Kun.uz мухбири саволларига жавоб берди.

— «Бунёдкор»га хат етказилмагани ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди. «Бунёдкор» ёнимизда, уларга қуръа маросими ҳақидаги хат қоғозда етказилган. Тўғри, узоқ вилоятлардаги жамоаларга хатлар электрон почта орқали жўнатилган. Лекин пойтахтдаги клубларга, жумладан «Бунёдкор»га ҳам унинг қоғоздаги нусхаси етказиб берилган.

— Эртага янги мавсумга қуръа ташлаш маросими аниқ ўтказиладими?

— Ҳа, ўтказилиши аниқ.

— Унда «Бунёдкор» ҳам аниқ иштирок этадими?

— Биз янги мавсумда иштирок этадиган клубларнинг барча ҳужжатларини ЎФА комиссиясига топширганмиз. Улар ўрганишяпти. Эртага қуръа ташлаш маросимидан аввал ЎФА комиссиясининг янги мавсумда иштирок этадиган клублар борасида якуний хулосаси қабул қилинади. Ўшанда янги мавсумда қатнашиш учун қўйилган барча 12 клубнинг номи эълон қилинади ва қуръада иштирок этишга қўйилади.

Бундан аввалроқ Ўзбекистондаги спорт нашрларида 25 февраль куни ПФЛ Суперлигасининг янги мавсумига қуръа ташланиши, бу ҳақда Суперлига ва Про Лиганинг ўтган йилги якунлари бўйича янги мавсумда ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритган 11та клубга - «Пахтакор», «Насаф», «Металлург», «Навбаҳор», «Сўғдиёна», «Қўқон-1912», «Бухоро», «Локомотив», «Андижон», ОГМК ва «Қизилқум» клубларига огоҳлантириш хатлари юборилгани, лекин «Бунёдкор»га бундай хат жўнатилмагани тўғрисида хабар берилганди.

Хабарда янги мавсумда «Бунёдкор» ўрнига Про Лиганинг ўтган мавсумида A гуруҳида тўртинчи ўринни эгаллаган «Сурхон» клуби эгаллаши мумкинлиги қўшимча қилинганди.