January 22, 2019

Бошпана муаммоси: Ўзбекистонда даромаднинг қанчаси ижара учун сарфланади?

“Инсониятнинг ярми бошпана излайди, қолган ярми бор турар-жойини кенгайтириш илинжида”, деган нақл бор. Ҳар бир одам шахсий уйи бўлишини исташи табиий. Аммо замонамизнинг бу неъмати ҳаммага ҳам насиб этавермайди ва кўпчилик ягона чора сифатида ижарани танлайди.

Бошпана масаласи, аҳолини ҳамёнбоп турар-жой билан таъминлаш муаммоси бутун дунёда бор. Айниқса аҳоли мунтазам кўпайиб борувчи йирик шаҳарларда ижарага бўлган талаб кучли. Numbeo портали дунёнинг энг йирик 540 шаҳридаги ижара ҳақлари қийматини таҳлил қилиб чиққанида ўртача ижара баҳоси 800 АҚШ долларини ташкил қилиши маълум бўлди.

Ижара нархи бўйича етакчилик АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрига насиб қилди. Бу шаҳарда ўз уйига эга бўлмаганлар ойига ўртача 3500 долларни тўлаб қўйишларига тўғри келади. Иккинчи ўринга ҳеч кутилмаганда АҚШнинг яна бир ва кўпчилик билмайдиган шаҳри – Гамильтон жойлашди. Бу ҳудудда ижаранинг ўртача баҳоси 3400 долларни ташкил қилса, учинчи ўриндаги Нью-Йоркда бу кўрсаткич 3050 доллар дея баҳоланган. Россия пойтахти Москва 1050 доллар билан ўрталикдан юқорида жойлашган.

Дунёдаги энг арзон ижара бўйича маълумотлар жуда қизиқарли, яъни энг арзон деган тушунчанинг ўзи йўқ. Чунки жуда кўпчилик давлатларда, шаҳарларда турар жойлар давлат ёки ҳудудий маъмурият томонидан нафақат ижара, балки бемалол эгалик қилиб яшаш учун мутлақо бепул таклиф этилади. Аҳоли сони мунтазам камайиб бораётган, турли муаммолар туфайли кўпчилик тарк этаётган бундай шаҳарлар Япония, Исландия ва ҳатто АҚШда (масалан Детройт) ҳам бор. Уларда четдан кўчиб келишни кучайтириш учун махсус дастурлар йўлга қўйилган ва меҳмонларга қатор имтиёзлар берилади.

Бизда-чи?

Ўзбекистонда ҳам ижара масаласи кўпчиликни ўйлантиради. Гарчи унинг баҳоси юқоридаги рейтингга кирадиган даражада бўлмаса-да, бизда ҳам йирик шаҳарлардаги турар-жой ижараси учун “яхшигина” маблағ тўлашга тўғри келади. Айниқса пойтахт Тошкент шаҳрида бу муаммо анча кескин тус олган. Бу албатта табиий – пойтахтга кўпчилик интилади, энг йирик ўқув масканлари ҳам шу шаҳарда, ишлаш учун имкониятлар ҳам юқори. Республика бўйича қайд этилувчи ижара шартномаларининг ярмидан кўпроғи пойтахтда қайд этилиши ҳам бежизга эмас.

Тошкентда уй-жой хариди сингари норасмий ижара шартномалари ҳам асосан АҚШ долларида амалга оширилади. Бунинг сабаби миллий валютанинг инфляцияга таъсирчанлиги, кўчмас мулк билан боғлиқ жараёнларда азалдан хориж валютасида муомала қилиш одат тусига кирганлигидир.

Нархлар бўйича ҳам Тошкент Ўзбекистоннинг мутлақ етакчиси. Пойтахтда ижаранинг бюджет вариантлари 150-170 АҚШ долларини ташкил қилади. Кўпчилик 100 долларга уй қидиради, аммо 2017-2018 йил мавсумидаёқ бу сумма ортда қолдирилди ва ўртача минимал баҳо 150 долларга кўтарилди. Ҳозирги кунда ижарагирларнинг маклерлардан энг кўп сўрови 150 долларга (тақрибан 1,25 млн сўмга) ўртача шароитли 2 хонали хонадондир. Бу сўровга мос турар-жойни топиш борган сари мураккаблашмоқда ва Тошкентдаги ижара баҳоси АҚШ доллари курсининг ошишига қарамай кўтарилишда давом этмоқда.

Эълонларга мослашган етакчи сайтларнинг маълумотларига таянилса, Ўзбекистон пойтахтида ҳам 3-4 минг АҚШ долларига кўп қаватли уйлардаги хонадонлар, 5-6 минг долларга ижарага берилувчи ҳовли-жойлар мавжуд. Аммо улар жуда кам учрайди.

Бошқа вилоятлар марказларида, йирик шаҳарларда ижара асосан миллий валютада амалга оширилади ва қуйидаги қийматларни ташкил қилади*:

1. Самарқанд – 850 минг - 1 млн.сўм;

2. Андижон – 800 - 900 минг сўм;

3. Бухоро – 800 - 900 минг сўм;

4. Термиз – 700 - 850 минг сўм;

5. Урганч – 750 - 800 минг сўм;

6. Наманган – 750 - 800 минг сўм;

7. Фарғона – 700 - 800 минг сўм;

8. Нукус – 700 - 800 минг сўм;

9. Навоий – 700 - 750 минг сўм;

10. Гулистон – 650 - 750 минг сўм;

11. Жиззах – 650 - 700 минг сўм;

12. Қарши – 600 - 700 минг сўм;

* 1. Нархлар бюджет вариантларнинг ўртача кўрсаткичларига асосланган;

* 2. Вилоятларнинг йирик шаҳарларидаги нархлар мавсумий омилга ва коммунал таъминотга қаттиқ боғланган. Яъни қиш фаслида нархлар кескин кўтарилади. Шунингдек, бир шаҳарнинг газ, электр энергиясидаги узилишлар камроқ бўлган ҳудудидаги нарх бошқа жойлардан анча фарқ қилади.

Ҳозир нафақат йирик шаҳарларда, балки туманларда ҳам ижарага бериш фаоллашмоқда. Бунга асосий сабаб қиш ойларида ҳовли жойда яшаб, уйни иситиш учун қилинган сарф-харажатлар ўрнига ижарага уй олиб қишлаш арзон ва қулайлигидир.

Бу омил нафақат вилоятлар ва туманлар, балки пойтахт ижара бозорига ҳам ўз таъсирини ўтказган. Йилдан-йилга фақат қишлаш учун коммунал муаммолар сезилмайдиган пойтахтдан ижарага турар-жой олувчилар сони ошиб бормоқда.

Энди дунё бўйлаб кузатилувчи яна бир кўрсаткичга эътибор қаратамиз:

Даромаднинг неча фоизи ижара тўлови учун сарфланади?

Бу борада норасмий тарзда умумқабул қилинган кўрсаткич бор – агар инсон ўз даромадининг 30 фоизини ижара учун сарфласа, ўзини иқтисодий жиҳатдан мустақил ҳисоблаши ва оиласи бюджетини ривожлантириш имкониятига эга бўлиши мумкин. Агар ижара ойлик даромаднинг 40 фоизидан ошса, оғирлик қила бошлаши, 50 фоиз ва ундан юқори кўрсаткичларга чиқиши инсонни мураккаб вазиятга тушириши ҳисоблаб чиқилган.

Масалан, юқори ривожланган давлат бўлган Германияда ҳақиқатдан ҳам шу даражага эришилган – аҳоли ўз даромадининг 25-35 фоизини ижара учун сарфлайди. Аммо бундай иқтисодий ютуққа ҳамма ҳам, ҳатто юксак ривожланган давлатлар ҳам эришавермайди, жумладан Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида ҳам бундай эмас.

Масалан, Лондонда яшовчи ўртача ижарагир даромадининг 70 фоизини, Римда 60, Прагада 55, Мадридда 50 фоизини сарфлашга мажбур. Бу борада Украина пойтахти Киев 2016 йилда ўзига хос етакчиликка эришган – бу шаҳарда ижарада яшовчилар маошларининг 168 фоизи миқдорида тўлов тўлаганлар.

Хўш, Ўзбекистонда, хусусан Тошкентда-чи?

Афсуски иқтисодиётимизнинг ўзига хос жиҳатлари, хусусан хуфиёна иқтисод туфайли бу саволга аниқ жавоб бериш қийин. Сабаби аҳолининг расмий ва реал даромадига нисбатан ижара баҳоларининг ортиб бораверишини мантиқан изоҳлаб бўлмайди. Талаб ва таклифга асосланган бозор иқтисодиёти шароитида ижарага бўлган талабгина бу ҳолатни юзага келтирган.

Биз расмий маошлари ошкор қилинадиган бюджет ходимлари мисолида ижара нархларини таққослаб кўрамиз:

Ёш оила бошлиғи шифокор, аёли ўқитувчи, бир нафар ёш болалари бор. Эр тахминан 1,6 млн сўм, аёли эса 1,2 млн сўм маош олишади. Агар улар минимал баҳодаги бюджет вариантида яшасалар ҳам оила бошлиғи даромадининг тахминан 80 фоизи ижарага сарфланиши зарурлиги аён бўлади. Қолган қисми рўзғорга етадими, йўқми, буниси энди катта савол.

Аброр Зоҳидов


Манба: Kun.uz

Материал “Golden key info” МЧЖ томонидан қайта чоп этилди