April 9, 2019

Қўқонлик қурувчи беш йилдан буён нега фуқароларни алдамоқда?

Бир шикоят изидан

Оилани Ватан ичра мўъжаз ватан сифатида эъзозловчи халқимиз ўз уй-жойига эга бўлган инсонни олқишлаб, чин маънода ватанли бўлгани билан қутлайди. Ана энди тасаввур қилиб кўринг: йиллар давомида бу борадаги орзусини рўёбга чиқариш ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда пайсалга солинаётган инсоннинг изтироблари қандай аянчли бўлади?!

Таҳририятимизга Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаролардан шикоят хати келиб тушди. Унда шаҳарнинг Шоҳрухобод кўчасида “Zamonaviy elit qurilish” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2014 йил апрель ойидан 32 хонадон ва 8 та савдо дўконидан иборат 4 қаватли уй-жойлар қурилиши бошланганлиги, белгиланган шартномага асосан фуқаролар томонидан пуллар тўлиқ тўлангани, аммо ҳанузгача бу кўп қаватли уй қурилиши тугалланмай, чала қолиб кетаётганлиги маълум қилинган. Биз ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида Қўқон шаҳрида бўлиб, фуқаролар ва масъуллар билан суҳбатлашдик.

Шикоят хатида келтирилган мазкур тўрт қаватли 37-уй катта йўл бўйида жойлашган. Бу уйнинг ташқи томонининг фасадига ранг берилиб қўйган бўлса-да, орқа томони умуман ташландиқ ҳолатда, маиший ахлатларга тўла. Том қисми беркитилган, аммо дераза, ромлар ўрнатилмаган, канализация ва электр тармоғи тортилмаган. Хуллас, ушбу уйда ҳали амалга ошириладиган ишлар жуда кўп эканлиги аниқ кўриниб турибди.

2014 йили бу ерда қурилиш ишлари бошланган пайтда уй олиш истагида бўлган фуқаролар яхши ниятда шартнома асосида пул тўлаб, янги хонадонга кўчиб ўтиш тараддудига ҳам тушишганди. Афсуски, уларнинг ниятлари мана беш йил ўтмоқдаки, амалга ошгани йўқ. “Zamonaviy elit qurilish” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдулазиз Қодиров турли баҳоналар билан уларни алдаб, қурилиш ишларини пайсалга солиб келмоқда. Қўқон шаҳар ҳокимлиги ҳам бу ҳолатга панжа орасидан қарамоқда. Бу эса, ўз навбатида, янги уй учун пул тўлаб қўйган фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

-2015 йилда ҳовлимизни сотиб, уч хонали уйнинг пулини тўлиқ тўлаб қўйганман, -дейди Жаҳонгир Файзуллаев. – Шундан буён ижарада яшаб келяпмиз. Янги уйни битишидан эса ҳамон дарак йўқ. Қурилиш раҳбарига бир неча бор учрашдик, ҳатто мазкур масалада шаҳар ҳокимнинг олдига ҳам бордик. Негадир, қурувчига ҳеч кимнинг гапига ўтмаяпти.

Қўқон шаҳар ҳокимининг 30. 10. 2015 йилдаги №580-сонли “4 қаватли, 1-қаватида қисман савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ер тўласи билан, 1-қаватида қисман ҳамда 2-қаватларидаги турар-жой хонадонларига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб, тасарруф этишга рухсат бериш ҳақида”ги қарори қабул қилинган. Мазкур қарорга асосан хонадонларга кадастр ҳужжатлари ҳам тайёрлаб берилган. Афсуски, қурилиш раҳбари томонидан баъзи хонадонлар 3-4 та фуқарога ҳам сотилиб, бериб юборилган. Хонадон эгаси ким эканлигини ҳам аниқ билиб бўлмайди.

-Уй қурилиши бошлаган пайтда 2-қаватдаги 3 хонали уйга банк орқали тўлов қилдим, -дейди Улуғбек Омонжонов.- Барча ҳужжатларни ҳам расмийлаштирдим. Кейин келсам, у уйни бошқасига бериб юборишибди, менга бошқа қаватдан уй таклиф қилди, аммо яна қўшимча пул тўлашлигимни айтди. Майли, энди нима ҳам қилардим дея, яна пул тўладим. Миниб юрган “Нексия” русумли автомашинани ҳам ўтказиб бердим. Аммо, ҳалигача уйдан дарак бўлмаяпти. Дардимизни кимга айтишни билмай бошимиз қотган!..

– 2015 йилда 37-уйнинг 27-хонадонини келишув шартномалари асосида расмийлаштириб беришди, – дейди Дилшод Комилов. – 30 фоизини олдиндан тўлашимни, қолган қисмини уй битгунига қадар беришимни айтишди. Банк орқали 29 миллион 800 минг сўм тўловни амалга оширдим. Иқбол деган иш юритувчи мендан арматура олиш учун 10 миллион сўм, цементга 11 миллион 500 минг сўм, юк кўтаргич кран учун 3 миллион 500 минг сўм пул олди. Квитанция сўрганимдан кейин МЧЖ номидан 25 миллион сўмлик квитанция олиб келиб берди. 2018 йил ноябрь ойи охирларида мен уйимни суриштиргандим, у уй бошқа шахснинг номида экан. Ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бу уй нега бошқа одамга бериб юборилади? Бугун бу уйдан хонадон сотиб олган барчамиз шундай танг аҳволда қолганимиз айни ҳақиқатдир.

Ўзбекистон тумани Қўрғонча қишлоғида яшовчи Ж. Жўраев Қўқон шаҳар прокуратурасига “Zamonaviy elit qurilish” масъулияти чекланган жамиятининг уйни муддатида қуриб битказилмаётганлиги ҳолати бўйича ариза билан мурожаат қилди. Шаҳар прокуратураси унга ёзган жавоб хатида жумладан, шундай дейди: Ўрганиш давомида, АТ “Асака банк” Қўқон шаҳар филалининг 10.04.2017 йилдаги 2-1452-сонли маълумотига кўра, ҳақиқатдан ҳам сиз томонингиздан жамият ҳисоб рақамига 18.07.2014 йилда 15,0 миллион ва 10.10. 2014 йилда 19,0 миллион, жами 34,0 миллион сўм пул маблағлари тўланганлиги аниқланди.

Жавобдан норози бўлган тақдирингизда юқори турувчи прокурорга мурожаат қилишингиз мумкин.

Фуқаролар билан гаплашиб, шу нарса аён бўлдики, “Zamonaviy elit qurilish” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдулазиз Қодиров ҳатто баъзилардан уй учун нақд пул ҳам олган. Улар бугун бу пулларга ҳам тушиб ўтиришибди. Мазкур масала бўйича Қўқон шаҳар ҳокимига ҳам мурожаат қилишган. Аммо ҳеч қандай натижа йўқ. Биз ҳам “Zamonaviy elit qurilish” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А. Қодиров билан боғланишга ҳаракат қилдик. Аммо уни топишнинг сира иложи бўлмади.

Қўқон шаҳар ҳокими ўринбосари Авазжон Мадаминов билан учрашиб, ҳолат юзасидан суҳбатлашдик.

– Бу кўп қаватли уй бўйича барча ишлардан хабардормиз, – дейди А. Мадаминов. – Қурувчи турли баҳоналар билан барчани алдаб юргани рост. Беш йил бўляптики, фуқаролар мурожаати тинмаяпти. Бу ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳам иш олиб бормоқда.

Қўқонда ўз муддатида битмаётган бу кўп қаватли уйни қураётган қурувчига наҳотки, маҳаллий ҳокимлик ўз таъсирини ўтказа олмаса? Бир неча йилдан бери битмай турган бу уй шаҳар ҳуснига доғ эмасми?

Халқимиз бундай чалажон бўлиб ётган бино-иншоотларга нисбатан “Туя гўшти еган қурилиш...”, дея таъриф беради. Одатда туялар чўлу даштларда эмин-эркин яшайди. Қизиқ, замонавий шаҳарда халқимизнинг киноямуз оҳангда айтиладиган ана шу гапини эслатиб турувчи ушбу ҳолат қачон барҳам топади? Айтинг-айтинг, бу ишга масъул раҳбарларнинг ваъдалари ҳам туя гўштини емасин-да!..

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА

Манба: ЎзА

Материал “Golden key info” МЧЖ томонидан қайта кўчирилиб чоп этилди

Телеграм канал: @gk_info