April 8, 2020

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ: ФУҚАРОЛАРГА МУРОЖААТ!

Бошинга ҳар не келса, Сен бировданмас, ўзингдан кўр

 

Инсонларга айтиб келинган ушбу қадимий ҳикматли ибора қиёматга қадар барқарор бўлиб қолади. Шунингдек, ҳар ким экканини ўради ёки қилганига яраша кун кўради. Зероки, Худойи таоло ўзининг Каломи шарифидаги 78-оятида ўз бандаларини огоҳлантириб: “Бас кимки (ҳаётлик пайтида) мисқолча, заррача яхшилик қилган бўлса яхшилик мукофотини (бераман), кўради. Кимки заррача, мисқолча (ҳаётлик даврида) ёмонлик қилган бўлса, унга ёмонлик мукофоти ато этаман, кўрур”, - деб такрорлайди. Шунинг учун дунёда яшаётган барча инсонлар ҳалолу пок, инсофу тавфиқли, ростгўй, ваъдага вафодор, иймон эътиқодли, дину диёнатли бўлмоғи керак.

Ўтмишдан ва Қуръони карим сураларида зикр этилган хабарлардан маълумки, дунёда яшаб турган инсонлар маълум пайтларда Худони унутиб, ёмон йўлларга кириб, айниган пайтларида Аллоҳ инсоний фазилатларга бой ўз пайғамбарларини юборган. Уларни огоҳлантирган, лекин ўша қавмлар инсофга келиш ўрнига яна ўз ишларини давом эттиришган. Шундан сўнг Аллоҳ таъоло уларга бало юбориб ҳалок қилган. Жумладан, Нуҳ алайҳиссалом қавмларини тўфон балоси билан ҳалок қилди. Од номли қавмлар улкан-улкан одамлардан иборат бўлиб, бошқа қавмларга зулму ситамлар қилиб, биз энг кучлилармиз деб, кибр қилганлари учун Худо уларга сар-сар деб аталувчи шамол балосини юборди. Шамол уларни қоғоздек учириб тоғу тошларга уриб, ҳалок қилди. Лут қавмини бузуқликлари учун турган жойларини тўнтариб қўйди. Баъзи қавмларга эса “кўзга кўринмас балоларни юбориб, уларни йўқ қилдик ва маълум вақтдан сўнг улар ўрнига бошқа-янги бир қавм яратдик” деган маълумотлар берилган. Шуни айтиш керакки, инсонлар Аллоҳдан юборган қазога рози ва юборган балога сабр қилиши буюрилган. Зероки, Ҳадиси Қудсийда шундай дейилган: “Қайси банда мен юборган қазога рози бўлиб, балога сабр қилмаса ундай банда ўзига бошқа бир Худони топиб олсин” деб. Бу тўғрида ота-боболардан қолган ҳикматлардан бирида шундай дейилган.

Керак ҳар бандага доим, бандаликда жо бажо бўлмоқ.

Бало келса бўлиб собир, қазо келса ризо бўлмоқ.

 

“Тилингни тий, уйдан чиқма, нажот сўра”

 

Яқинда телевидениеда уламоларнинг бири айнан юқоридаги гапни такрорлади. Маълум бўлишича ўз қавми бошига ҳалокат келганда бир киши Аллоҳнинг расулидан нима қиларини сўрайди. У киши жавоб берадилар: “Тилингни тий, уйдан чиқма, Оллоҳдан нажот сўра!”. Биз ишонамиз юртимизнинг, ер юзининг аксарият фуқаролари бу ҳикматга, бу кўрсатмага амал қилмоқдалар. Бироқ ҳар тўкисда бир айб деганларидек, амал қилмаётганлар ҳам йўқ эмас. Мамлакатимиздаги турли дин, диний конфессиялар раҳбарлари “Уйда қолинг!” деб фатво берсаларда ҳуда-беҳуда кўча кезаётганлар ҳам йўқ эмас!

Халқимизда “Ўз уйим – ўлан тўшагим” деган ҳикмат бор. Инсон яхши кунини ҳам, ёмон кунини ҳам ўз уйида, оиласида, яқинлари даврасида ўтказади. Шундай экан, нотинчлик хабарномалари тарқалганда болажон халқимизнинг юраги хорижий давлатдаги ўз боласининг дарди билан урди. Фарзандларимиз ҳам авиачипталар сотиб олиб аэропортлар атрофида олазарак кездилар. Улар бот-бот ўз ота-оналари, ака-укаларига телефон қилиб турдилар.

Бу саросиманинг олди барвақт олинди. Муҳтарам Юртбошимизнинг шахсан ғамхўрлиги туфайли талабалар, тадбиркорлар, туристик саёҳатга борган фуқароларимиз юртимизга бепул келтирилди. Уларга энг замонавий бинолар бўшатиб берилди. 14 кунлик карантин муддатида курортлар шароити яратилди. Уларни уйларига кузатишда шахсан қатнашдик. Тилларидан бол томади. Бошлари осмонда. “Яхшига қилсанг яхшилик – ҳам айтади, ҳам қайтади. Ёмонга қилсанг яхшилик – на айтади, на қайтади!”, - деб бежиз айтилмаган экан.

 

Яхшилик қилинг, ҳеч йўқ ёмонлик қилманг

 

Хитойнинг Ухан вилоятида тарқалган тожливирус ҳақида хабар тарқалганига ҳам икки ой бўлди.

Ўша кезларда бу хитойликларга Худонинг юборган балоси деб қарадик. Ҳотиржам бўлдик. Ижтимоий тармоқларда бу вирус қандайдир ихтиронинг кутилмаган натижаси сифатида баҳоланди. Кимдир уни атайин “яратган” ва унга қарши вакцина ишлаб чиқариб, бойлик орттирмоқчи деб ҳам ёзди. Бу фикрларни ўзимизнинг фуқаролар қўллаб-қувватлашди ҳам. Ҳозир нима кўп телеграм каналлари, гуруҳлар кўп. Уларда фойдадан кўра зарарли гаплар кўп. Асоссиз алжирашлар кўп. Бировнинг бошига тушган ташвишни муҳокама қилиш кўп.

Ҳукуматимиз томонидан тез фурсатда коронавирусга чалинганларни даволаш учун махсус шаҳарча қурилаётган, бутун-бутун шаҳар, қишлоқлар бу пандемияга қарши дезинфекция қилинаётганда ўзимизнинг журналист қизларимиздан бири ўз постида карикатура қолдирди. Уларга айтар сўзимиз шу: “Яхшилик қилолмасангиз, ҳеч йўқ ёмонлик қилманг!”

 

Хатоларни тузатиш ўз қўлимизда

 

“Кимгадир айтилмай қолган бир раҳмат, кимдандир сўралмай қолган узрлар!” учун ўзимизни айблайлик. Замонавий автомашинамизда пиёда кетаётган қўшнимизга чанг тўзитиб кетмадикми? Бир неча мулкларимиз бўлиб, ёнимиздаги биттагина уйи бор шахснинг мулкини тортиб олиш учун жанг қилмадикми? Бандман деб муштипар онамиз, отамиз холидан ҳабар олмадикми? Бир неча юзлаб қорни тўқларни тўйга чақириб, бирор юпун шахс қорин тўйдириш учун кирмоқчи бўлса уй ва тўйхонадан ҳайдамадикми? Етим ҳаққини емадикми? Шаръан ҳаром, қонунан тақиқланган ишларга бош қўшмадикми? Ҳалол ризқ, оила турганда ҳаром луқма, зинога юрмадикми? Пора, коррупция балоси билан чангланмадикми? Халқимизнинг, юртимизнинг асрлар оша сайқалланган, тасдиқланган қадриятларини оёқ ости қилмадикми? Ўз пушти камаримиздан бўлган болаларни боқиш у ёқда турсин ҳалол хақи бўлган алиментини ҳам тўламай қочиб юрмадикми? Ёши улуғларга беписандлик билан қарамадикми? Инсон учун лозим бўлган Худонинг ҳукми, Пайғамбар (С.А.В)нинг буйруқлари, Президентимиз топшириқларини бажармадикми? Ота-она, устоз ва ўз ичимиздан бўлган раҳбарлар буйруқларига терс қарамадикми? Бизни Яратганнинг ўзи имтихон қилаётир. Бугун бир-биримизга ҳар қачонгидан меҳрибон бўлайлик. Бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик. Ёппасига ҳалол яшашга ўтайлик. Ўз хизмат вазифамиз буюрган ишларни тўла-тўкис адо этайлик.

Афсуски бу бало-қазо юртимизни, жумладан бизни вилоятни ҳам четлаб ўтмади. Бу чегара билмас дард Хитой, Италия ёки Американики эмас, ҳаммамизники! Дардни эса олдини олган маъқул! Мутахассислар маслаҳатига амал қилайлик. Зарурат бўлмаса уйда қолайлик! Иш жойимизда эса виждонан меҳнат қилайлик! Кам таъминланганларга ёрдам берайлик! Ким адолатсизлик қилган бўлса, жабрдийда олдида кечирим сўрасин! Нафс оқибатида қўшни ўз қўшнисини, тадбиркор тадбиркорни, эр ўз хотинини, фарзанд эса ота-онадан мулк ундириш учун судга даво аризалари билан мурожаат этишни тўхтатайлик. Виртуал қабулхоналарга асоссиз мурожаатларни тўхтатайлик.

Шундагина офат хар биримиздан чекинади. Элу юртимиздан чекинади. Биз бунга ишонамиз.

 

Келажакка мактуб

 

Март ойининг охирида Интернетда 30 ёшли фуқаро Нурбек Алимовнинг “Келажакка мактуб”и босилди. У ёзади “... Шу кунларда Туркиянинг Истанбул шаҳридаман. Бир ойдан бери карантин режимидаман. 13 кунки уйдан ҳеч қаёққа чиққаним йўқ.

Биз инсоният, овқат ва томоша, кўнгилхушликлар учун жуда кўп пул сарфладик, спорт ўйинлари, қиммат машиналар, ҳаддан ташқари керакмас нарсаларга ҳам кўп пул сарфладик. Бошқа бир биродаримиз нонга зор йиғлаган вақтда бошқалар ҳаттоки олтинни ейиш мумкин бўлган ҳолатга келтириб истеъмол қилишди. Бизнинг кунлик мавзуларимиз футбол, ғийбат, бемаза приколлар эди. Турмуш ташвишлари, қандай қилиб уйимизни қўшнимизни уйидан баландроқ қилиб қуриш ҳақида ўйлардик. Врачларга кунда-кунора қўл кўтардик, ўқитувчига етарли ҳурмат кўрсатмадик. Ҳеч қачон бу инсонларга қаҳрамонлар сифатида қарамадик, олди-қочди фильмлар кўрдик, попкорн еб, биз учун суперқаҳрамонлар- Темир Одам ва Супермен эди.

... Дунёнинг энг одам гавжум жойлари бўшаб қолди, бир замонлар болалар кулгиси билан тўлган ўйин майдончалари, бугун кимсасиз етим қолган табиат каби ётибди... Ҳали фарзандларим учун деб бирорта дарахт экишга улгурмаган эдим... Бир замонлар одамларнинг ҳайратли нигоҳлари билан томоша қилинган музейлар бўш, денгизлар, йўллар бўш... Бугун Ватикан ҳам, Қуддус ҳам, ҳатто Каъба ҳам бўш... Биз ўз хатоларимизнинг қурбонларига айландик”.

 

Яхшилик балони енгади, дуо офатни бартараф этади

 

Эл бошига иш тушса кимнинг ким эканлиги кўриниб қолар экан. Кимдир давлат, ҳукумат, ҳокимлик топшириқларини ўз вақтида бажаради. “Уйда қолинг” даъватига амал қилади. Фарзанду набираларига одоб дарсини ўтайди. Электрон дарслар машғулотларида уларга ёрдам беради.

Ҳа, юртимизга келган офат халқни бирлаштирди. Бунда маънавиятли инсонларнинг ташаббуси, меҳр-шафқати, муруввати ҳамма учун, барча замон учун ибратлидир. Биласиз Алишер Усмонов деган ҳамюртимиз бор. У пойтахтимизда қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази қурилишига катта кўмак кўрсатмоқда. Дунёнинг турли мамлакатларида сақланаётган 5 мингдан зиёд ноёб китобларни – аждодларимизнинг диний ҳамда дунёвий меросини олиб келиш ҳаракатида. Унинг савоб ишларидан яна бири Самарқанддаги буюк муҳаддис Имом Бухорий номидаги халқаро илмий тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби қурилишиига катта миқдорда молиявий ёрдам кўрсатганидир. “Обод марказ” дастури учун 50 млн. доллар маблағ ҳадя этганичи! Тошкент шаҳри яқинида коронавирус билан ҳасталанганларни даволашга ихтисослашган 10 минг ўринли махсус шифохона учун энг замонавий тиббий ускуналар билан таъминлашга 20 млн. доллар ажратгани ўз элига бўлган меҳр-мухаббатининг тимсоли бўлди. Бугун у зотнинг издошлари ўнлаб, юзлаб...

Вилоятимизда қарийб бир ойдан буён давом этиб келаётган ҳайрия тадбирларидан хабарингиз бор. Шаҳримизда ўнлаб автомашиналарга ортилган озиқ-овқатлар мингдан ортиқ хонадаонларга етказиб берилди. Бу “Биз бепарво эмасмиз. Биз меҳр улашамиз” лойиҳасидир. Элимиз бошига тушган бу ташвиш ҳаммамизни янада жипслаштирмоғи керак.

Вилоятимиздаги 775 та маҳаллага жамланган 478 минг хонадон аъзолари! Биз Сизларга мурожаат этамиз. “Дилинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин!” деган таълимот бугун алоҳида аҳамият касб этмоқда. Етти ёшли боладан ҳизрсифат чолгача Яратганга илтижолар қилайлик. Тарихда дуо билан не-не офатлар бартараф этилмаган дейсиз? Ер куррасининг қайсидир маконида бу офат ўнглаб бўлмас бало-қазо келтираётган экан, бунинг таг-заминида куфрона харакатлар бўлса неажаб? Улардан ибратланайлик. Шукрона неъмат бўлайлик!

 

Икромхон НАЖМИДДИНОВ,

Янгиқўрғон туманидаги Исковот қишлоғи “Улуғчинор” МФЙда яшовчи фуқаро, сенатор.

 

Мусохон ОППОҚОВ,

Косонсой шаҳридаги “Чорбоғ” МФЙда яшовчи фуқаро, вилоят Кенгаши депутати.

 

Ахмадхон УБАЙДУЛЛАЕВ,

Наманган шаҳридаги “Сумалак гузари” МФЙда яшовчи фуқаро.

 

Раҳимжон ИРИСОВ,

Наманган шаҳридаги “Наврўз” МФЙда яшовчи фуқаро.