April 18, 2020

ЕР – МЎЛ-КЎЛЧИЛИК МАНБАИ

  • Дунёда инсон шуғулланадиган касб-кор ниҳоятда кўп. Уларнинг ҳар бири ўзига яраша аҳамиятга эга. Бироқ, шундай ишлар ҳам борки, уларнинг меҳнати натижасида вужудга келадиган маҳсулот одам учун ҳар куни керак.

Биз бу ўринда деҳқон меҳнатини назарда тутмоқдамиз. Айниқса, бутун дунёни коронавирус пандемияси зириллатиб турган шу кунларда озиқ-овқат таъминоти ва хавфсизлиги кун тартибидаги долзарб масалалардан бирига айланганлиги фикримиз далилидир.

Наманган туманидаги деҳқон хўжаликларидан бирининг эгаси Тўланбой ота Турсунов ҳам эл дастурхонини турли ноз-неъматларга бой қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган инсонлардан бири.

У салкам йигирма йилдан бери ярим гектар майдонни эгаллаган далада меҳнат қилади. Бу йил ҳам карам, помидор, картошка кўчатларини парвариш қилмоқда. Юз тупдан зиёд ҳосилга кирган мевали дарахтлари бор. Чорва моллари ва паррандалар ҳам боқади.

Шуниси қизиқки, Тўланбой ота асли Наманган шаҳрида яшайди. Узоқ йиллар автобус паркида ҳайдовчилик қилган, ҳозир эса нафақада. Лекин ерга, соҳибкорликка муҳаббати уни деҳқончиликка ипсиз боғлаб қўйган. Қишин-ёзин тупроқ билан “тиллашади”. Шунга яраша даромад топади, рўзғорни тебратишда ўғилларига ёрдам беради.

Миришкорлик унга отаси Ғайбулла акадан ўтган. “Алпомиш” маҳалласининг оқсоқоллари ҳозир ҳам у кишини уста боғбон сифатида эслайдилар. Ғайбулла аканинг асосий касби матбаачилик бўлган. Қарийб ўттиз йил шаҳардаги Ибрат номли босмахонада саҳифаловчи бўлиб ишлаган. Фидокорона хизматлари учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига сазовор бўлган. Ишдан бўш вақтларини эса ҳовлисидаги боғда ўтказган, ширин-шарбат олма, гилос, нок, шафтоли ва гилослар етиштирган. Ёш Тўланбой ўшанда отасининг ёнида ёрдамлашиб юриб, соҳибкорлик сирларини ўрганган. Мана, энди олган ўгитлари қўл келмоқда.

– Ҳар куни кечқурун радио ва телевизордан дунёда қандай воқеалар рўй бераётганини билиб тураман, - дейди Тўланбой ота. – Яқинда давлатимиз раҳбари томорқа хўжалигини ривожлантириш ҳақида жон куйдириб гапирганини эшитиб қолдим. Масала жуда тўғри қўйилган, деб ҳисоблайман. Халқимиз азалдан айтиб келади: “Ерни боқсанг, у сени боқади”. Она-заминнинг имкониятларидан оқилона фойдаланиб, бозорларни ажойиб мева-сабзавотлар билан тўлдириш мумкин. Эвазига мўмай даромад олса бўлади.

Шу кунларда Тўланбой отанинг деҳқон хўжалигида эртаги карам етилган. Қулупнай ҳам пишиб қолди. Картошка ва помидор экилган ерларда эса ишловни давом эттириш лозим. Ҳосилдан бўшаган майдонларга озуқа экинлари жойлаштириш режалаштирилган. Қисқаси, ҳозирги карантин даврида ҳам миришкор отахоннинг қўли-қўлига тегмайди. Чунки ҳар қандай шароитда ҳам ҳаёт тўхтаб қолмайди. Элни боқиш керак, шунда оила рўзғори ҳам бут бўлади.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ 

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар