April 8, 2020

МЎЛ ҲОСИЛ ГАРОВИ

  • Вилоятимиз шароитида шира-трипс, ғўзанинг катта бити, ўргимчаккана, кемирувчи каби зараркунандалардан кузги тунлам ва кўсак қурти ғўзанинг вегетация даврида катта зарар келтириши мумкин. Ғўза майдонларида учрайдиган бундай зарарли ҳашаротлар тарқалишини аниқлаш мақсадида узоқ ва қисқа муддатли башоратларни юргизиш муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур зараркунандалар ниҳоллар униб чиққандан бошлаб, то амал даври охиригача зарар бериб, ариқ ва зовурлар атрофидаги хас-хашакларда қишлайди. Қулай имконият пайдо бўлган эрта баҳорда уйғонади ва дала атрофидаги бегона ўтларда биринчи авлоди кўпаяди.

Ғўзанинг сўрувчи зараркунандаларига қарши агротехник, механик, биологик ва кимёвий усулларда курашиш мумкин.

Агротехник кураш чораларига ерни сифатли шудгорлаш, дала атрофини бегона ўтлар қолдиқларидан тозалаш, амал даврида агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, зараркунанда кучли тарқалган майдонларни алмашлаб экиш чоралари киради.Механик кураш чораларида - дала, симёғочлар атрофидаги, ариқлар атрофидаги бегона ўт қолдиқларини тозалаш ишлари амалга оширилади.

Сўрувчи зараркунандаларга қарши профилактика ишларини амалга ошириш учун чигит экилган майдонлар атрофига олтингугурт билан ишлов берилади. Чигит экишдан олдин олтингугурт миқдори кам бўлган тупроқларда олтингугурт кўлланилганда, зараркунандаларни камайиши ва ҳосилдорликни ошиши моҳир деҳқонларнинг тажрибасида ўз исботини топган.

Мисол учун Учқўрғон туманидаги Янгиобод ҳудудидаги “Ҳорунхон мўл ҳосили”, “Жўрамирза Шаҳобиддин Шавкат” фермер хўжаликларида бир неча йиллардан бери гектарига 50 кг.дан олтингугурт сепиб, кейин чигит экилаётганлиги натижасида зараркунандаларнинг бир мунча камайиб, ҳосилдорлик ортмоқда ва иқтисодий самарадорлик юқори бўлмоқда. Олтингугуртнинг деярли барча бирикмалари қўланса ҳидли ёки умуман ҳидсиз бўлади. Зараркунандалар қўним топиб, кўпайган майдонларга гектарига 200 кг.дан олтингугурт қўллаб чигит экилса ўсимликнинг зараркунандаларга чидамлилиги юқори бўлади.

Ниҳоллар униб чиқиб, 2-3 чинбарг чиқарган даврда суспензия ва биостимуляторлар билан ишлов берилса, ғўза ниҳоллари барги қалинлашиб, зараркунандаларга бардошлиги ортади. Бу даврда ғўзага “ИСО” ва “Супер ИСО” қайнатмасининг сепилиши ўргимчаккана тарқалишининг олдини олади.

Сўрувчи ҳашаротлар асосан нимжон ўсиб ривожланаётган майдонларда кенг тарқалади. Шунинг учун ғўза ниҳолларини ўз муддатида озиқлантириб парваришлаш лозим.

Ғўза майдонларида трипс ва шира тарқалганда гектарига 500-1000 донадан олтинкўз энтомофагини тарқатиш яхши самара беради. Шира-трипс оммавий тарқалганда кимёвий препаратларни қўллаш тавсия этилади. Ўргимчаккана энди ривожланаётган майдонларда узоқ муддат давомида таъсир этувчи “Акараголд”, “Неомектин”, “Ниссоран”, “Омайт Энтосаран” каби препаратлардан фойдаланиш зарур.

Кузги тунлам асосан ғўза ниҳолларининг дастлабки фазаларида катта таъсир этади. Унинг таъсирида тўлиқ униб чиққан ниҳоллар камайиб, далада ниҳол сийраклаши ва ҳосилдорлик кескин пасайиши мумкин.

Чигит экилган майдонларда эрта баҳорда кузги тунламга қарши феромон тутқичлар қўйиш лозим. Феромон тутқичларда кузги тунлам капалаги 1-2 дона тушгандан кейин далаларга 0.5-1 гр. ҳисобида трихограмма тарқатиш тавсия этилади. Зарарланиш даражаси меъёридан кўпайиши кузатилганда кузги тунлам кенг тарқалган майдонларда эса алдамчи емдан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Кўсак қурти табиатда 4-5, ғўзада 3-4 авлод бериб ривожланиб, ғўзага шоналаш давридан бошлаб, амал даври охиригача зарар келтириши мумкин. Эрта баҳорда ғўза экилган майдонларга 5-10 гектарга 1 та ҳисобида профилактик башорат қилиш учун кўсак қурти феромон тутқичларини қўйиш лозим. Феромон тутқичларда кўсак қурти капалаги 1-2 та тушгандан далага трихограмма энтомофаги тарқатилади.

Кўсак қуртининг ҳар бир авлодига ҳар 3-4 кунда бир марта трихограммани гектарига 1 граммдан 3 марта қўйилади. Трихограмма кўсак қуртининг тухумини чақиб, уни зарарлайди. Кўсак қуртининг 1-2 ёш қуртлари аниқланганда олтинкўз энтомофагини гектарига 1000 донадан тарқатилади. Кўсак қуртининг 3-4 ёш қуртига қарши гектарига 400-1600 донадан бракон тарқатиш керак. Кўсак қурти зарарланиш даражаси меъёридан ошганда рухсат этилган (“Энтовант” 0.45 л/га, “Энтовант Про” 0.25 кг/га, “Протект” 0,5кг/га, ва бошқа) препаратларнинг бири билан ишлов бериш лозим.

Абдуфаттоҳ ЗУННУРОВ,

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази ҳудудий бўлими бошлиғи.

Одилжон ЮСУПОВ,

Наманган ”Агрокимёҳимоя” ҳудудий АЖ пахта ва ғаллачилик бўлими бошлиғи