НИҚОБ
(Воқеий ҳикоя )
2020 йилнинг баҳори.
«СОVID-19» деган тилсиз ёв дунёни эгаллаб, инсонга чанг солган кунлар.
Давлат фавқулодда вазият эълон қилди: Қарантин. Кўча-пўчага чиқиш йўқ. Ўта зарур эҳтиёж учун уйдан чиқмоқчи бўлсангиз, ниқобсиз чиқилмайди. Қўни-қўшничилик йўқ! Қариндош-уруғчилик йўқ! Коронавирус деганлари ҳаммани ўз уйига қамаб қўйди. Тўғрироғи, ҳамма уйига қамалиб олди. Мана, икки ҳафтадан ошяптики, биров-бировнинг эшигининг ёнигаям бормай қўйган. Қарияпмиз, чоғи. Бомдод намозидан кейин бир мизғиб олай, кейин ишларимни қиларман, деб ўрнимга чўзилдим. Кўзим кетиб-кетмай, дарвозанинг тақиллагани эшитилди. Секин ҳовлига чиқдим.
- Ким у? - дедим паст овозда.
- Мен, оч, - деган овоз келди. Бу акамнинг овози эди.
Жаҳлим чиқиб кетди.
- Нимага келдингиз, ака? Шу аҳволни билиб туриб кўчага чиқдингизми? Нима юмуш бўлса, ўғлингиз чиқмайдими, кап-катта одам, ёшингиз неччидалигини биласизми?! Хафа бўлмайсиз, эшикни очолмайман. Қандай келган бўлсангиз, шундай уйга қайтинг?! Қаерлардан келдингиз, Тошкент кўчасидан келгунча кимлар билан кўришдингиз экан? Вой акам-ей...
Ёшлигимизда акам бирор айтганимни қилмаса, уришиб қолсак, “ака» дердим-у, у ёғини сенсираб гапиришга ўтардим.
- Кет, Равшан ака, кет! Бизни ўйламасанг, ўзингни ўйла, ака! Касални юқтириб олсанг, нима бўлади?
Шу тақлид гапларни қалаштириб ташладим. Бир муддат ташқаридан жавоб бўлмади. Кейин акамнинг синиқ овози эшитилди:
- Майли, соғ бўлсанглар бўлди. Ниқобинг борми-йўқми, шуни сўрагани келгандим. Йўқ бўлса, олиб келиб бераман, ниқобсиз кўчага чиқилмаяпти, назорат қаттиқ.
Баттар жаҳлим чиқди. Шунча кундан бери уйдаги диққинафасликнинг аламиниям шундан оламан, ўз оёғи билан келибди. Ниқоб, дедими? Ўзи битта бўлсаям олиб келолмабди-ю, йўқ бўлса олиб келаман, дейди-я. Жинни бу одам, жинни…
Шу каби ўй-хаёллар яшин тезлигида миямга урди.
- Бор, ниқобимиз бор. Марлам бор эди, ўшандан ниқоб тикиб ташлаганман, шунча жойдан шуни сўрагани келинадими?!
Бориб дарвозани очдим. Акам дарвозадан 4-5 қадам узоқда турарди. Устида наманганча ёзги астарсиз узун чопон (одатда бундай чопон кийиш катта ёшли эркакларда учрайди), бошида дўпписи. Бўйнининг очиқ жойларини оқ белбоғда беркитган. Юзида ниқоб! Фақат кўзи кўринади.
Кўзларига тикилдим. Жовдираб турган кўзлари менга меҳр билан боқиб турарди.
- Кечирасан, ука, билмабман. Чеварлигинг эсимдан чиқибди,- деди-да орқасига ўгирилди. Ўзига-ўзи гапиргандай “Менинг синглим чевар, менинг синглим зўр“ дея шивирлагандай такрорлаб, секин-секин юриб кетди.
Тилим айланмай, бир фурсат уйга киролмай кўчада туриб қолдим. Акамнинг кўзларида отамнинг нигоҳи бор эди. Мен бундай нигоҳни отамдан кейин ҳали ҳеч кимда кўрмагандим. Бутун вужудимга қандайдир илиқлик югурганди. Уйга кирсам, йўлакдаги ойна токчасига тахлаб қўйилган ниқобларга кўзим тушди. Қанчалар нафратга тўлиб, вирусни лаънатлаб тиккан ниқобларим кўзимга оловдай кўриниб кетди.
Вой ўзимнинг акагинам-а.соддагинам-а, ўзимнинг қаландар акажоним. Яна ака-укалар йиғилганда гурунглашиб қолсак, биттамиз “Шу акамизнинг ақллари озгина камми?“, десак, иккинчимиз “Йўқ, озгина кўп, акамизнинг ақллари керагидан ортиқ“ деб орқангиздан ғийбатингизни қилиб, кулишиб ҳам олардик.
Отамдан қолган ёдгорим экансиз-ку, акажоним! Бугун сиз менга бир нигоҳингиз билан дунёларни ҳадя қилганингизни билармикансиз?!
Борингизга шукрлар бўлсин, жигарим!
Ҳадемай яхши кунлар ҳам келди. Халқ сабр-тоқат, интизом, матонат ва чуқур ақл-идрок билан ҳамжиҳат бўлиб бу синовдан ҳам эсон-омон чиқди. Ҳаммаси изга тушди.
Лекин анча йиллардан кейин ҳам Равшан акамнинг “Менинг синглим зўр, менинг синглим чевар“ деган сўзлар жаранглаб турди...
Гўзал РАИМЖОН ҚИЗИ