МИБ: ИСТЕЪМОЛЧИ-ТЎЛОВЧИЛАР БИЛАН ҚАНДАЙ ИШ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА?
- Аҳоли саломатлиги, юртимизда санитария-эпидемиологик осойишталик таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида жорий қилинган карантин шароитида истеъмолчиларга фойдаланилган электр энергияси, табиий газ ҳамда қаттиқ маиший чиқиндилар учун тўловни амалга оширишда қандай тартиб билан қулайлик яратилмоқда?
- Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи Д. УМАРАЛИЕВ мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:
- Маълумки, Бюро органлари олдида турган асосий вазифа ижро иши самарадорлигини янада ошириш ва тўлов интизомини мустаҳкамлашдир. Шу нуқтаи назардан оммавий карантин шароитида ҳам бурч ва вазифамизни четга суриб қўйишга асло ҳақимиз йўқ. Зеро, ҳаёт давом этмоқда, карантин – вақтинчалик, Президентимиз биздан кутаётган ҳамжиҳатлик билан албатта ҳар бу кунларни енгиб ўтамиз.
Албатта, истеъмолчиларнинг фойдаланилган электр энергияси, табиий газ ва қаттиқ маиший чиқиндилар учун тўловларни амалга ошириши учун карантин шароитига мувофиқ чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. Энг аввало, асосий эътибор ходимларимизнинг саломатлиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилишга қаратилган. Шу мақсадида ҳар куни бошқарма ҳамда шаҳар ва туманлар бўлимларида фаолият олиб бораётган ходимларимизнинг тана ҳароратлари ўлчаниб, махсус ниқоблар билан таъминланмоқда. Бундан ташқари кун ора бинолар мутахассислар томонидан берилган тавсияга асосан дизенфекцияланмоқда. Бугунги вазиятдан келиб чиққан ҳолда ходимларнинг 441 нафари қонуний меҳнат таътилига чиқарилди.
Энди бевосита истеъмолчилардан тўловларни қандай қабул қилиш, ундирувлар қай тартибда амалга оширилаётганига келсак, бугун шуни алоҳида таъкидлаш керакки, давлат инспекторларимиз одатдаги маҳаллаларда юриши ва истеъмолчилар билан бевосита мулоқот қилиш тартиби масофавий амалиёт билан алмашгтирилди. Яъни, истеъмолчининг тўловларни уйдан чиқмаган ҳолда амалга ошириш имкониятлари яратилди. Бунда тўловлар Бюро томонидан телеграм каналида яратилган @mibuzbot тизими орқали амалга оширилади.
Бундан қандай фойдаланса бўлади? Келинг шу ҳақида маълумот бериб ўтсам: истеъмолчи биринчи навбатда ушбу бот каналига кириб, старт тугмасини босиб, кейин мобиль телефон рақамини улайди. Кейин коммунал хизмат тури, вилоят, туман, шаҳарни танланади ҳамда электр энергиряси, табиий газ ёки қаттиқ маиший чиқиндилар шахсий-ҳисоб рақами киритилади. Ушбу маълумотлар киритилгандан сўнг бот абонентнинг ҳисоб-китоб маълумотларини кўрсатади. Шундан сўнг, ҳисоблагич фотосуратини юбориш ва қарздорлик учун уни тўлаш имкониятига эга бўлинади. Тўлов тугмаси орқали - электрон тўлов тизимларидан ўз вақтида ҳисоб-китобларни амалга ошириб борилса бўлади.
Агар мазкур ботдан фойдаланаётган истеъмолчилар таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, шу кунга қадар уларнинг сони қарийб 40 минг нафарни ташкил этмоқда. Бугунги кунда вилоятимизда ҳам мазкур бот, унинг қулайликлари ҳақида тарғибот тадбирлари йўлга қўйилди. Фаолият кўрсатиб келаётган деҳқон бозорлари, ташкил этилаётган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаларида, маҳалла фуқаролар йиғинларида радиоузеллар, овоз кучайтиргич орқали унинг афзалликлари тушунтирилмоқда.
Бундан ташқари аҳоли талаб, истакларидан келиб чиққан ҳолда деҳқон бозорлари ҳамда маҳаллаларда ташкил этилаётган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ярмаркаларида сайёр кассалар ташкил этилмоқда. Албатта, бунда ходимларимиз олдига истеъмолчи билан ўзаро масофа сақлаш, санитария-гигена қоидаларига қатъий амал қилиш талаби қўйилаяпти. Бугунги кунга қадар шаҳар ва туманларда 150 дан сайёр кассалар жойлаштирилди.
Акрамжон САТТОРОВ.