April 22, 2020

АМЕРИКА ОҚ КАПАЛАГИ – ХАВФЛИ ҲАШАРОТ

  • Қишлоқ хўжалиги экинларига жиддий зарар етказадиган хавфли карантин зараркунанда, касаллик ва бегона ўтларнинг 10 тури республикамиз ҳудудида учрайди. Бизда мавжуд бўлмаган, лекин кириб қолиши хавфи бор карантин организмлардан бири Америка оқ капалагидир.

Вилоятимиз ҳудудига чет элдан юридик ва жисмоний шахслар томонидан олиб келинаётган қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришда қўлланиладиган турли хил асбоб ускуна, дастгоҳларда ҳам ушбу зараркунанда учрамоқда.

Америка оқ капалаги қўшни давлатлар Қозоғистон ва Қирғизистонда тарқалганлиги, боғдорчилик ва пиллачиликка жиддий зарар келтираётгани аниқланди. Уларга қарши курашиш учун республикалар бюджети ҳисобидан катта маблағлар сарфланмоқда.

Ҳашарот ўлкамиз иқлим шароитига тез мослашиб кетаётгани билан ҳам хавфлидир. Америка оқ капалаги 300 турдаги ўсимликларни, биринчи ўринда тут дарахти, олма, нок, ўрик, гилос, ёнғоқ, беҳи ва бошка манзарали дарахтлар баргини қаттиқ шикастлаши натижада ҳосилдорлик кескин пасайиб дарахтлар қуриб қолиши хам мумкин.

Капалакнинг ташқи кўриниши оқ рангда, ипакдай товланиб туради. Қаноти очилганда 25-35 ммгача боради. 8-10 кун хаёт кечиради. Тухуми шарсимон, кўкимтир рангли, капалаги дарахтларни баргини остки қисм томонига бир қатор қилиб, ўрта хисобда 300-500 та ва ундан ортиқ тухум қўяди. Тухумининг устки томони тукчалар билан ўралган.

Тухумидан чиққан қуртлари 5 ёшгача тўп-тўп бўлиб, ипаклар билан ўралган. Барглардан ҳосил қилган уясида калония бўлиб яшайди, шу хусусияти томонидан бошқа хашаротлардан ажралиб туради. Қуртлари 35-45 кун яшайди, етилган қуртлари дарахтларнинг эски пўстлоқлари остида тўкилган баргларнинг орасида юпқа пилла ичида ғумбакка айланади ва ғумбак даврида қишлаб чиқади.

Бугунги кунда вилоят ҳудудида фаолият юритаётган чегара масканларида ўсимликлар карантини назоратини кучайтириш бўйича шошилинч чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Вилоят божхона бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Ташқи Иқтисодий Фаолият (ТИФ) масканида ўсимликлар карантини бўйича чегара маскани инспекторлари юридик ва жисмоний шахслар орқали ҳаракатда бўлган карантин ости маҳсулотларни қатъий назоратдан ўтказиб, фитосанитар тоза маҳсулотларга сертификат расмийлаштириб берилмоқда.

Шунингдек, ветеринария ва божхона ходимлари билан ҳамкорликда четдан карантин назоратидаги маҳсулотларни кириб келишини ҳамда четга зарарли карантин организмларни тарқалишини олдини олиш бўйича карантин назорат ишлари кучайтирилмоқда.

Бу билан четдан кириб қолиб қишлоқ хўжалик экинларига жиддий зарар келтириши мумкин бўлган хавфли карантин организмларни вақтида аниқлаб, уларни йўқотиш, қарши кураш ишларини ташкиллаш имконияти юзага келади ҳамда вилоятимизнинг фитосанитар тозалигини сақлаган бўламиз.

Я. ТУРСУНБАЕВ, вилоят ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси ТИФ маскани ЎКЧМ инспектори.