ЯНГИ ҚОНУН КИМНИНГ МАНФААТИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ?
- Янги таҳрирдаги “Метрология тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш “Ўзстандарт” агентлиги фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрда қабул қилинган 4059-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси” ҳамда 2019 йилда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш Дастурида кўзда тутилган.
Ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатасига Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 5 июлда киритилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 12 ноябрда қабул қилиниб, шу йилнинг 21 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этилган.
Метрологияга оид амалдаги қонунчилигимиз ҳолати, хорижий давлатлар тажрибаси ва метрологияга оид мавжуд миллий тизимлар таҳлили, улар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар мазкур қонунни такомиллаштириш заруратини келтириб чиқарди.
Аввалги “Метрология тўғрисида”ги Қонун 1993 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига мазмунан ва метрология соҳасида халқаро даражада тан олинган ҳужжатларга мос келмаслиги ҳамда республикада амалга оширилган ўлчаш ва синов натижаларини хорижда эътироф этилишини таъминламаслигини кўрсатди.
Бундан ташқари, аввалги қонунда метрология фаолиятининг қонуний асослари тўлиқ белгиланмаганлиги, матнларнинг лўнда, оддий ва равон тилда баён этилмасдан, умумий ҳолда баён этилганлиги, айрим нормаларнинг турлича талқин қилинишига олиб келмоқда.
Мисол учун, аввалги қонунинг 12-моддасида давлат метрология текшируви давлат метрология хизмати органлари (яъни давлат ташкилотлари) томонидан метрология нормалари ва қоидаларига риоя этилишини текшириш мақсадида амалга оширилади, деб белгиланган бўлса, 17-моддада юридик шахсларнинг аккредитация қилинган метрологик хизматларига ўлчов воситаларини текширувдан ўтказиш (яъни метрология текшируви) ҳуқуқи берилиши мумкинлиги кўрсатилган ва бу турли томонлар тарафидан турлича шарҳланишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, аввалги қонуннинг 20-моддасида давлат метрология текширувига доир ишлар албатта бюджетдан молиявий таъминланиши шартлиги белгиланган бўлса, 21-моддада метрология текшируви (метрологик аттестация, синовлар, қиёслаш ва калибрлаш ишлари) учун ҳақ тузиладиган шартномалар шартларига мувофиқ манфаатдор шахслар томонидан тўланиши кўрсатилган.
Янги Қонуннинг ўзбек тилидаги таҳририда қўлланилган “ўлчов” сўзи рус тилидаги “мера” сўзига мос келади. “Ўлчов” – бу ўлчам бўйича берилган физик катталикларни акс эттириш ва сақлаш учун ўлчаш воситалари туркумига кирувчи техник восита ҳисобланади.
“Ўлчаш” – махсус техник воситалар ёрдамида тажриба йўли билан катталик қийматини топиш. Шу сабабли, матн бўйича “ўлчов” сўзи “ўлчаш” сўзига ўзгартирилди.
Шу билан бирга, аввалги қонунда қуйидаги айрим бўшлиқларнинг мавжудлиги:
- давлат эталонларни халқаро эталонларгача кузатилувчанликни таъминловчи аниқ талаблар ўрнатилмаган (халқаро нормаларга мувофиқ ўлчаш натижасининг ишончлилигига метрологик кузатилувчанлик таъминланганидан сўнг эришилади);
- метрология соҳасидаги норматив ҳужжатлар белгиланмаган;
- метрологик текширув ва назорат тушунчаларининг таърифи, метрология соҳасининг объекти ва субъектлари очиб берилмаган;
- техник воситаларни ўлчаш ва синов воситалари туркумига ўтказиш бўйича аниқ мезонлар белгиланмаган, бу ўз ўрнида метрология объекти жумласига ўлчашларда иштирок этмайдиган бошқа техник воситаларни ҳам (индикатор кўринишидаги тезликни ўлчаш воситалари) метрологик текширувдан ўтказиш мажбуриятини юклайди ҳамда ўлчаш ва синов воситлари эгаларининг (корхона ва ташкилотлар) қўшимча оворагарчилиги ва маблағларини сарф бўлишига олиб келади.
Лабораторияларни аккредитация қилиш бўйича халқаро ташкилот (ILAC)нинг асосий талабларидан бири бажарилаётган ўлчашларда метрологик кузатилувчанликнинг таъминланишидир. Аввалги қонун нормалари эса калибрлаш ишларини халқаро нормалар асосида амалга оширишни таъминламас эди.
Қонунни ишлаб чиқишда Россия, Қозоғистон, Беларусь, Украина, Озарбайжон, Арманистон, Германия, Хитой ва бошқа давлатларнинг тажрибаси чуқур таҳлил қилинди.
Шу боис янги таҳрирдаги қонун билан: Метрологиянинг асосий вазифалари принциплари, давлат сиёсатининг йўналишлари белгиланди. Метрология соҳасида фаолият олиб борувчи субъектлар сифатида Вазирлар Маҳкамаси, давлат метрология хизмати, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг метрология хизматлари ва юридик шахсларнинг метрология хизматлари белгиланиб,уларнинг ваколатлари ўрнатилди. Аввалги қонунда давлат метрология хизмати ва юридик шахсларнинг метрология хизматлари кўрсатилган бўлиб, уларни ваколатлари белгиланмаган эди.
Давлат метрология хизмати - “Ўзстандарт” агентлиги ва унинг фаолияти ўлчашлар ягона бирликда бўлишини таъминлашга қаратилган унга қарашли ташкилотлар;
Давлат ва хўжалик бошқарув органларининг метрология хизматлари – вазирлик ва идоралар қошидаги метрология хизматлари булар: Соғлиқни сақлаш, ИИВ, Мудофаа вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзэлтехсаноат, ОКМК, НКМК, Узметкомбинат ва бошқалар. Юридик шахсларнинг метрология хизматлари – махсус ташкил этилган ва аккредитация қилинган, давлат ва хўжалик бошқарув органлари ҳисобланмаган юридик шахслар ҳузуридаги бўлинмалар – метрология соҳасида фаолият юритувчи хусусий сектор вакиллар ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари таркибидаги калибрлаш лабораторияларидир.
Энг муҳим жиҳатлардан яна бири, тадбиркорлик субъектларига давлат метрология текшируви ва назорати татбиқ этиладиган доираларда ўлчаш воситаларини калибрлаш ҳуқуқи берилмоқда. Ҳозирги кунда Миллий метрология институтида бирламчи эталонлар мавжуд бўлиб, 2023 йилгача ривожлантириш режа дастурига мувофиқ, уларни сонини кўпайтириш ва республикада барча ўлчашлаш воситаларини метрологик текширувини қамраб олиш учун қўшимча 21 та бирламчи эталонлар харид қилиш кўзда тутилган.
Янги таҳрирдаги Қонунда қадоқланган товар миқдори давлат метрология текшируви ва назорати объектларидан бири сифатида белгиланиб, уни давлат метрология назоратини ўтказиш механизмини белгилаш бўйича аниқ нормалар киритилмоқди.
Бу эса ўз навбатида, реализация қилинаётган қадоқланган товарларни майдалаб қадоқлаш ва сотиш чоғидаги улар миқдорини метрологик текширувдан ўтказиш йўли билан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини яратади. Янги таҳрирдаги ушбу қонунда давлат метрологик текшируви ва метрологик назорати қай вазиятларда, қандай кўринишда, ким томонидан ўтказилишини белгиловчи нормалар билан тўлдирилмоқда. Ўлчаш ва синов воситаларининг аниқ мезонларини белгилаб қўйилиши натижасида, метрология объекти жумласига ўлчашларда иштирок этмайдиган, бошқа техник воситаларни метрологик текширувдан ўтказиш бўйича юзага келиши мумкин бўлган қўшимча саволларнинг олди олинмоқда.
Мисол учун: индикатор функциясига эга бўлган, натижалари ўлчаш ва (ёки) синов натижалари ҳисобланмайдиган, фақат дастлабки баҳолаш учун фойдаланиладиган, шунингдек, фақат ўлчаш ва (ёки) синов натижалари ҳақида ахборот узатиш функцияларини бажарадиган техник воситалар ўлчаш воситалари ва (ёки) синов воситалари жумласига киритилмади ва метрологик текширувдан ўтказилмайди.
Қонун қабул қилиниши натижасида, метрология ишларини (калибрлаш) амалга ошириш учун хусусий бизнес сармояларини жалб қилиш имконияти яратилади ҳамда калибрлаш ишларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларининг хизмат кўрсатиш доираси кенгайтирилди.
Амалда давлат метрология текшируви ва назорати татбиқ этиладиган доираларда қўлланиладиган ўлчаш воситаларини қиёслаш ҳуқуқи фақат давлат метрология хизматига берилган. Қонунни қабул қилишдан кутилаётган натижалар самарасида метрология соҳасидаги қонун ҳужжатларини халқаро меъёрлар билан уйғунлаштирилди, метрология хизматларини кўрсатувчи субъектларнинг ўлчаш воситаларини калибрлаш ва қиёслашдан ўтказиш бўйича ҳуқуқлари ва мажбуриятлари аниқ белгиланиб, метрологик текширув ва метрологик назорат алоҳида моддалар сифатида акс эттирилди. Юқори ўлчашлар билан боғлиқ бўлган бошқа фанлар қаторида метрология илғор ишлаб чиқариш ва асбобсозлик соҳаларида саноат инновацияларини жорий қилиш учун асос яратади.
Саноатда юқори аниқликдаги ўлчаш усулларини жорий қилиш орқали маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнини назорат қилиш имкони яратилади. Масалан микро ва нанотузилмали электрик ва механик қурилмалар.
Метрология соҳасидаги стандартларни хорижий давлатлар стандартлари билан уйғунлаштириш, эталонларни халқаро даражада солиштириб бориш орқали соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда маҳсулот сифати ва унинг хавфсизлигини таъминлашга эришилади.
Радиоактивлик ёки медицинада ишончли ўлчашларни таъминлаш аҳолининг хуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашади. Қонни ташхис натижалари синовларни қайси лабораторияда амалга оширилганлигига қарамай аниқ бўлиши шарт. Агар ишончли ўлчашлар таъминланса рентген каби хавфли муолажани ортиқча ўтказмаслик мумкин. Ўлчаш ва синов методларини доимий такомиллаштириб бориш рухсат этилмаган қўшимчаларни аниқлаш билан боғлиқ, қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини аниқлашда кўмак кўрсатади.
Метрология соҳаси энергия самарадорлик каби жамоатчилик мақсадларига ҳам эришишга ёрдам беради. Атом соатларини ислоҳ этиш спутниклар навигациясини такомиллаштиришга имкон яратади. Турли хил датчикларнинг сезгирлигини ошириш орқали саноатда ишлаб чиқариш жараёнларини назорат қилиш учун аниқ ва тўғри кўрсаткичларни олинишини таъминлайди. Тадбиркорлик субъектлари фаолияти доираси калибрлаш хизматини кўрсатиш ҳисобига кенгайтирилди. Ушбу норма ўз навбатида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи субъектларга фаолият доирасини кенгайтиришга ҳамда метрология соҳасида рақобат муҳитини шакллантиришга, пировардида эса истеъмол бозоримиз пештахталарида ҳамда экспортга сифатли, белгиланган нормаларга аниқ жавоб берадиган маҳсулотларнинг жой олишини таъминлайди.
Яна бир муҳим жиҳат, янги иш ўринлари яратилишига эришишдир. Давлат ва ҳўжалик бошқарув органларига қиёслаш ҳуқуқини бериш, хусусий сектор томонидан калибрлаш ишларини метрологик назорат соҳаларида амалга оширилиши натижасида яенги бўш иш ўринлари яратиш имконини берди. Сифат инфратузилмасини халқаро тамойиллар асосида ривожланишига, кўрсатилаётган метрологик хизматлар сифати ошишига ва жараёнларнинг шаффофлигини таъминланади.Мувофиқликни баҳолаш субъектларини халқаро аккредитациядан ўтишига асос яратилди. Шунингдек, метрология хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларнинг кўпайиши давлат ташкилотларида кузатилаётган узун навбатларга барҳам беришни таъминлади.
Ҳусанхон НИШОНОВ,